Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:19

Қаршида янги ҳоким ишни фермерларни уришдан бошлади


Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги фермерлар янги тайинланган зўравон ҳокимдан дод демоқда. Озодликка мурожаат қилган фермерларни иддаосича, ўн кун бурун туманга ҳоким этиб тайинланган Асрор Бойқароев якшанба куни мажлис тўплаб, пахта даласини ўт босган фермерларни калтаклаган ва ҳақорат қилган. Исми сир қолишини сўраган қаршилик фермерлардан бири Озодлик билан суҳбатда ҳоким икки нафар ҳамкасбини судловсиз ярим суткага қамаб қўйганини айтди.

“Янги ҳоким ишни “дангаса фермерлар”ни уриш, сўкиш ва ярим суткага қамаш билан бошлади. Мажлисда айтган гапи ҳаммасидан ошиб тушди. “Нафас олиб турган ҳавомиз ҳам президентга тегишли” эмиш. Уриш, сўкиш етмагандай Расулов Қавмиддин, Темиров Нарзилло каби фермерларни айтганини бажармагани учун туман милиция бўлимида ярим суткага қамаб ҳам қўйди”, - деб маълумот йўллади Озодликка қаршилик фермер.

Овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган қаршилик бошқа фермер ҳам ҳокимнинг фермерларни таҳқирлаганини тасдиқлади.

“Дўппослаб, тепкилаб, бемаза гаплар билан сўкди. Суд қарорисиз фермерларни милиция отдели изоляторига қамаб қўяди. Мени ўзим шунинг гувоҳи бўлдим. Олдинги ҳокимимиз Жаҳонгир ака бунинг олдида фаришта бўлиб қолди,” - дейди фермер.

Янги ҳоким якшанба куни ишини уддалай олмаётган фермерларни йиғиб, уларга танбеҳ берганини Қарши тумани ҳокимияти мулозимларидан бири ҳам тасдиқлади.

“Интизомни талаб қилаяпти, ишни талаб қилаяпти. Ўшани учун ҳам бу уларга ёқмаётган бўлиши мумкин. Лекин ургани йўқ. Ҳозир қаттиққўл бўлмаса ҳаммаси қуюшқондан чиқиб кетаяпти-да. Менинг ўзим ҳам шу мажлисда эдим. Олдинги ҳоким даврида дангасалик қилиб юрганларга ҳозир янги ҳоким қўяётган талаблар ёқмаётгандир. Уларнинг ерларини бориб кўрдик, ёнтоқ босиб ётибди, тартибга чақириш учун бошқа нима қилиш керак?”, - деди ҳокимият мулозими.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш учун Қарши тумани ҳокимлиги билан боғланди.

Ўзини ҳоким ёрдамчиси деб таништирган мулозим Асрор Бойқароевнинг иш жойида йўқлигини айтди.

Ўзбекистонда ҳоким ва амалдорлар томонидан фермер ҳамда қўл остида ишловчи кадларни таҳқирлаш ва уриш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Бу таҳқирлашлар ортидан фермерлар орасида иснодга чидай олмай ўзини осган ёки юрак хуружидан вафот этганлари сони ошиб бормоқда.

Ўтган ҳафта Фарғона вилояти Фурқат туманида ҳокимдан кўпчилик олдида гап эшитган 55 ёшли фермер Рауф Дўстназаровнинг юрак хуружидан ўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари қатори Қашқадарёда ҳам ҳокимлар қўл остидаги шахсларни таҳқирлаш одатга кирганини айтади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "халқ билан суҳбат"ларидан бирида ҳокимлар зўравонлигини қоралаган эди:

“Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатадиган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов.

Гарчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида муштумзўр дамбадам танқид қилиб турса ҳам, бундай зўравонликлар ҳамон давом этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG