Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Хоразмда тадбиркорларга “Нуронийлар маскани” солиғи солинди


Хоразм вилоятининг ҳар бир туманида “Нуронийлар маскани” қурилишига маҳаллий тадбиркорлар маблағ ўтказишга мажбур қилинди. Вилоятдаги хусусий дўкон ва дорихона эгаларининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокимлиги улардан масканлар қурилиши учун, даромадига қараб, 4 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача солиқ солган, пул ўтказмаган тадбиркорларнинг банк ҳисоби музлатилиши ҳақида огоҳлантирган. Вилоят ҳокимлигидагилар бу жараëннинг “кўнгилли” тарзда ўтаëтганини иддао қилдилар.

Урганч шаҳридаги дорихона эгаларидан бири Озодлик билан суҳбатда “Нуронийлар маскани” қурилиши учун Нуроний жамғармасига 5 миллион сўм ўтказиб берганини айтди.

- Нуронийлар учун масканлар қурилаётган экан, шунга ёрдам бериш сўралди. 5 миллион сўм ўтказиб бердик. Ҳокимни кўрсатмаси бор, дейишди. Бермасдан иложимиз йўқ, бўлмаса текшир-текширга тушмаслик учун беришга мажбур бўлдик, - деди хоразмлик тадбиркор.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган хоразмлик бошқа бир тадбиркор "маскан солиғи" солиниши сабаби вилоятдаги қурилишлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағ етмай қолганлигида, деб билишини айтди:

- Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Урганчнинг реконструкцияси учун ҳам ёрдам берганмиз. Тушунишимча, бюджетда пул йўқ ёки қурилиш учун мўлжалланган пулларни ўзлаштириб бўлишган. Бермасанг ҳисобингни музлатамиз, дейишди. 5 миллион сўм пул ўтказдик, - деди тадбиркор.

Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар ва туманида “Нуронийлар масканлари” қурилмоқда .

Бундай масканларда китобхонлар заллари, тренажёрлар, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари бўлади.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 28 декабрда имзолаган фармонга мувофиқ масканлар 2017 йилнинг 1 сентябрига қадар қуриб топширлиши керак.

Фармонда бундай дейилган:

"Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида "Нуронийлар маскани" мажмуалари фаолият кўрсатишини, уларда "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, туманлардаги (шаҳарлардаги) бўлимларини жойлаштириш учун хоналар ажратилиши ёки қурилишини таъминласинлар".

Фармонда, шунингдек, мана бу гап ҳам бор:

"2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин". ​

“Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармон кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилингани айтилган.

“Нуронийлар маскани” қурилиши учун тадбиркорларга солиқ солингани юзасидан изоҳ олиш учун Озодлик мухбири Хоразм вилояти ҳокимлигига боғланганида ҳоким ёрдамчиси саволларига жавоб беришни истамади.

Хоразм вилоят ҳокимлигининг исми сир сақланиш шарти билан Озодликка гапирган мулзимига кўра, “Нуронийлар маскан”лари қурилиши бюджетда пул етишмовчилиги сабабли чўзиляпти.

Бюджетда пул етишмаётгани учун маҳаллий тадбиркорлардан зудликда бу ишни қўллаб-қувватлаш сўралган.

- 26 сентябргача қуриб битириш бўйича қаттиқ топшириқ бор, тадбиркорлардан бу ишни қўллаб-қувватлаш сўраляпти, - деди Хоразм вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг оғзаки буйруқлари билан тадбиркорлардан қурилишларга, турли хил тадбирларга пул ўтказишга мажбурланииши одатий ҳолга айланган.

Бундан аввал Урганч шаҳри реконструкцияси учун маҳаллий тадбиркорлар ва бюджет ташкилотлари ишчиларидан пул йиғилаётгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўтган йили эса Хоразм вилояти туманларига Тошкентдан юборилган ИИВ, МХХ ва прокуратуранинг текширувчилар гуруҳларини ётоқ жойи, уч маҳал овқат ва машина билан таъминлаш вазифаси ҳам маҳаллий фермерлар ва тадбиркорларга зиммасига юклатилган эди.

XS
SM
MD
LG