Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

“Фильмда нима айб” -  Ўзбек режиссёри кино раҳбариятини цензурада айбламоқда


Ўзбек кинорежиссёри Нозим Тўлахўжаев "Танҳо қайиқ" фильмини суратга олиш жараёнида.
Ўзбек кинорежиссёри Нозим Тўлахўжаев "Танҳо қайиқ" фильмини суратга олиш жараёнида.

Ўзбекистонлик кинорежиссёр Нозим Тўлахўжаев Ўзбекистон Кинематография агентлиги Орол фожиаси ҳақидаги “Танҳо қайиқ” бадиий фильмини Лондонда ўтган Осиё фильмлари фестивали дастуридан олдириб ташлаганини айтмоқда.

Тўлахўжаевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, унинг фильми 4-15 май кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивалнинг “шорт-листи”га кирган.

“Танҳо қайиқ” фестивалда Ўзбекистондан қатнашган ягона фильм бўлган.

“Танҳо қайиқ” Лондон фестивалида Ўзбекистондан қатнашган ягона фильм бўлган.
“Танҳо қайиқ” Лондон фестивалида Ўзбекистондан қатнашган ягона фильм бўлган.

“Мен шу фильмни асл холида фестивалга тақдим этдим. Тўғриси ўйламагандим ўтишига. Лонг листдан ҳам шорт листдан ҳам ўтди, деган табрик хати келди. Жюри филмингиздан хайратда, деган мақтов мазмунидаги хат.

Кейин эса Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ва Ўзбекистон кинематография агентлиги томонидан қайтариб олинганини айтишди”, - дейди Тўлахўжаев.

“Танҳо қайиқ” фильми Эркин Аъзамнинг шу номли асари асосида суратга олинган.

“Танҳо қайиқ” фильми Эркин Аъзамнинг шу номли асари асосида суратга олинган.
“Танҳо қайиқ” фильми Эркин Аъзамнинг шу номли асари асосида суратга олинган.

Картина Орол бўйидаги кимсасиз овулда яшовчи кекса қайиқсоз ҳақида.

У шу қишлоқда бекор юрган ёшларга ота-боболаридан қолган бу қадимий касб, қайиқ ясаш сирини ўргатади.

Денгиз эса юзлаб чақирим нарига чекинган. Лекин қайиқсоз бир кунмас-бир кун Орол сувга тўлажагига ишонади.

Фильмда бош ролларни Ражаб Адашев, Бобур Йўлдошев каби актёрлар ўйнаган. Унинг умумий бюджети 1 миллиард 700 миллион сўмни ташкил қилган.

"Танҳо қайиқ" фильми Орол бўйидаги кимсасиз овулда яшовчи кекса қайиқсоз ҳақидадир.
"Танҳо қайиқ" фильми Орол бўйидаги кимсасиз овулда яшовчи кекса қайиқсоз ҳақидадир.

Режиссёр Нозим Тўлахўжаев бу фильм сценарийси Ўзбекистон кинематография агентлигининг аввалги раҳбарияти ва бадиий кенгаши тасдиғидан ўтгани, лекин кинога янги раҳбар Фирдавс Абдуҳолиқов келиши ортидан тақиққа учраганини айтади.

“2019 йилда Ўзбеккинонинг аввалги раҳбарияти ва бадиий кенгаши томонидан Эркин Аъзамнинг “Танҳо Қайиқ” сценарийси тасдиқланган эди. Мен уни суратга олдим. Кейин кинога бошқа раҳбар Фирдавс Абдуҳолиқов келди. Унга бу ёқмади, у ёқмади, ўзгартириш керак, деб туриб олди. Мен индамадим. Кейин Молия вазирлиги 1 ярим миллиард сўм сарфланди кинога, деб ҳисобот талаб қилишни боошлади.

Фирдавс биз уни қайта ишлаймиз деди. Мен қарши бўлдим, чунки кинони расвосини чиқариш бу. Шу билан иш жимиб қолди. Ва яқинда Лондонда Осиё филмлари фестивали ҳақида эшитиб қолдим ва тақдим этдим.

Фильмни у ердан ҳам олдириб ташлашди. Ҳамма давлат ўз киносини халқаро томошабинга олиб чиқишга ҳаракат қилса бизни агентлик тескарисини қиляпти, уни халқаро майдондан беркитяпти. Фильмда нима айб?”, - дейди Тўлахўжаев.

Озодлик Ўзбекистон 'Танҳо қайиқ” бадиий фильми нима сабабдан Лондон фестивали дастуридан олдириб ташлагани юзастдан Ўзбекистон кинематография агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нозим Сафарийга ёзма мурожаат қилди, лекин ҳануз жавоб олмади.

Лондон фестивали ташкилотчилари изоҳида фильм намойиши учун уни тақдим этувчиларда муаллифлик ҳуқуқи ва Ўзбекистон кинематаграфия агентлигининг руҳсати йўқлиги сабаб фестиваль дастуридан олингани айтилади.

Нозим Тўлахўжаев Ўзбекистон кинематография агентлиги раҳбариятини цензурада айблаётган ягона ўзбек режиссёри эмас.

Шу ой бошида ўзбекистонлик бошқа бир таниқли режиссёр Али Ҳамроев Ўзбекистон Кинематография агентлигига хат билан мурожаат қилди.

Унда режиссёр “Самарқанддаги қовун таровати” фильми икки босқичда тушунарсиз таҳрирдан ўтгани, муаллифнинг розилигисиз бир қанча саҳналар кесиб ташланганидан арз қилади.

Кесилган кадрлар орасида маҳалла раисининг халқдан яшириниб, хотини билан жанжаллашаётгани, йигит ва қиз ўртасидаги ишқий учрашувлар, қаҳрамоннинг елкалари ҳаддан ташқари очиқлиги ва бошқа саҳналар бор.

2019 йилдан Кинематография агентлиги (Ўзбеккино) бош директори сифатида ишлаб келаётган Фирдавс Абдуҳолиқов январь ойида Sevimli телеканали атрофида юзага чиққан можаро марказига тушган эди.

Абдуҳолиқовнинг рафиқаси, қизи ва ўғли таъсисчилари бўлган телеканал эфирга узатган "Сабрия" сериалида “ахлоқсиз саҳна”лар ижтимоий тармоқда тарқалиши ортидан АОКА томонидан текширув ишлари бошланган эди.

Ушбу текширув натижаларига кўра, сериалда “ахлоқсиз саҳна” мавжудлиги ўз тасдиғини топган.

Бундан ташқари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Абдуҳолиқов бўлмиш Кинематография агентлиги ва Sevimli телеканали ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланганини ҳам хабар қилди.

Иш Абдуҳолиқовнинг 8,1 млн сўм жаримага тортилиши билан якун топди.

XS
SM
MD
LG