Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:49

Қувасойда фермер аёл онасини сўккан ҳокимнинг юзига чанг солди, ҳоким аёлни тепди


Қувасой ҳокими Адҳам Зиявитдинов (чапдан биринчи) фермерлар билан учрашувда.
Қувасой ҳокими Адҳам Зиявитдинов (чапдан биринчи) фермерлар билан учрашувда.

Фарғона вилоятида фермер аёл уни онасидан келиб ҳақоратлаган Қувасой шаҳар ҳокимига ташланиб, юзига чанг солди. Ҳоким эса, гувоҳлар иддаосига кўра, аёлни тепган.

Ҳоким билан фермер аёл ўртасидаги жанжал, гувоҳларнинг айтишича, ҳокимнинг фермерга боғидаги мева дарахтларни кесиб, ўрнига буғдой экишни буюриши ортидан келиб чиққан.

Жанжал Қувасой шаҳри Маҳалла жамғармасида 20 ноябрь куни, ҳоким Адҳам Зиявитдиновнинг фермерларни қабул қилиш жараёнида рўй берди.

Ҳокимнинг қабулига борган 50 ёшли Зуҳра Ҳусанова Озодлик билан суҳбатда ​онасини ҳақоратлаб, қўл кўтарган Қувасой шаҳар ҳокимидан ҳимояланиш учун, унга чанг солишга мажбур бўлганини айтди:

- Қабулига борсам, "еринг ҳайдалмаган, тортиб оламан", дейди. Қўлингиздан келса, қилаверинг, десам менга ташланди. Ўзининг ходимлари муштумзўрлигини билишар эканми, ажратмоқчи бўлишди. "Онангни с....й" деб сўкинувди, "сен мени онамдан келдингми", деб туриб ёқасидан ушладим. Тирноғим тумшуғига тегиб тирнади, тумшуғи қонади. Унинг қўли менинг ёқамда, меники унинг ёқасида. Ўнтаси ҳокимни ҳимоя қиляпти, мени бир ўзим қолиб кетдим, кейин ҳоким белимга тепди, грижам бор, шишиб кетди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:40 0:00
Бевосита линк

Фермернинг айтишича, тўқнашув Қувасой шаҳар ички ишлар бўлими ва прокуратураси бошлиқлари муовинлари кўз ўнгида бўлган.

- Милиция бошлиғи муовини Жавлон ака, зампрокурор Жумадулло ака, шаҳар МЧС бошлиғи Жасур акалар ҳам шу ерда ўтиришган эди. Агар прокурор муовини бўлмаганида мени уриб ташларди. Шу ернинг ўзида тушунтириш хатлари ёзиб бердим. Ҳоким грижамга тепгани учун чора кўришни сўраб, милицияга ҳам ариза ёздим. Ҳоким фермерларни уришга одатланиб қолган экан-да. "Мен қўқонликман, президентнинг рафиқаси менинг синфдошим бўлган, менга ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди", дейди. Олдин ҳам икки фермерни калтаклаган, менга тиши ўтмади, - деди Зуҳра Ҳусанова.

Озодлик боғланган Қувасой шаҳар ички ишлар бўлими мулозими шаҳар ҳокими ва фермер аёл ўртасида тўқнашув бўлганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра, инцидент бўйича ҳозирча иш очилмаган.

- Бу бўйича материаллар энди йиғиляпти, ҳозирча иш очилмаган, ҳамма материаллар замначалникимиз Жавлон акада, унга боғланинг, - дея гапни қисқа қилди милиция бўлими мулозими.

Қувасой шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг Жавлон исмли муовини уяли телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги расмийлари эса, Озодликка фермер аёл ва ҳоким ўртасида тўқнашув бўлганини 20 ноябрдан буён рад этишга уринишди.

Ўзини "ҳоким ёрдамчиси", деб таништирган мулозим 20 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда "ҳокимимиз ҳеч қанақа фермер билан жанжаллашгани йўқ", деган эди.

Ҳолатни милиция тасдиқлаганидан сўнг, ҳокимлик Озодлик қўнғироқларга умуман жавоб бермади.

Қувасой ҳокимлигида ишловчи ходимлардан бирининг айтишича, ҳоким муовини уларни 21 ноябрь куни йиғиб, Озодликка тўқнашув ҳақида гапирмасликни тайинлаган.

- Озодликка ким бу хабарни сиздирганини аниқласак ёмон бўлади, деди. Ҳозир Адҳам ака юзи тирналганини беркитиш учун шапка кийиб юрибдилар. Чунки иш очиладиган бўлса, ҳоким бувага ҳам ёмон бўлади-да, - деди Қувасой ҳокимлигининг хавфсизлигини ўйлаб, исми очиқланмаслигини сўраган ходими.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг қўл остидаги ходимлар ёки фермерларни ҳақоратлаши ва калтаклаши ҳолатлари тез-тез учраб туради.

Лекин, фермернинг, айниқса, аёл кишининг ҳокимга ташланиши кам учрайдиган ҳолатдир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил декабридаги ҳукумат мажлисида: "Ҳоким президентнинг вакили. Ҳокимни муҳокама қилишга, ҳеч кимни ҳаққи йўқ!", - деб айтган эди.

XS
SM
MD
LG