Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:55

Москва яқинида юз берган ёнғинда уч ўзбекистонлик ҳалок бўлди (ВИДЕО)


Қутқарувчилар бинодан яна 10 кишини олиб чиқди
Қутқарувчилар бинодан яна 10 кишини олиб чиқди

Москва вилоятининг Раменское шаҳридаги савдо дўконида содир бўлган ёнғин оқибатида уч ўзбекистонлик нобуд бўлди, яна 5 киши жароҳатланди. Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатилгани ва ёнғин сабаблари ўрганилаётганини хабар қилди.

Подмосковьенинг Раменское шаҳридаги Советская кўчаси 8 уй манзили бўйича жойлашган “Аист” савдо марказида 8 декабр эрталаб чиққан ёнғинда 3 одам нобуд бўлди, яна 5 киши турли жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилди.

Раменское туман Тергов қўмитаси вакили Озодлик мухбирига тергов давом этаётгани ва бино ичкарисида яна бошқа жасадлар бўлиши мумкинлигини айтди.

- Савдо марказида ёнғин чиқиши юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Дастлабки тафтиш натижаларига кўра, 2017 йилнинг 8 декабрида “Аист” савдо марказида ёнғин чиққан ва унга ёнғин хавфсизлигига риоя қилинмагани сабаб бўлган. Ўлган ва жабрланганлар сони ўрганилмоқда. Ҳодиса жойида Бош тергов қўмитаси криминалистлари ва терговчилари иш олиб бормоқда, - деди тергов қўмитаси вакиласи Елена Фокина.

Озодлик исмини ошкор қилишни истамаган маҳаллий полиция ходимидан ўт биринчи қаватда жойлашган ошхонада чиққани ва бинонинг юқори қисми ва подвалида жойлашган одамларга чиқишга йўлни беркитиб қўйганини билдирди.

У жароҳат олган ва ўлган муҳожирларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ватандошлари эканини тасдиқлади.

Аниқланишича, ёнғин чиққан жойда ўзбекистонлик исми ошкор этилмаётган бир эркак ва аёл нобуд бўлган, яна бир аёл “Тез ёрдам” машинасида жон берган.

Улар шу ерда жойлашган “Дисконт центр” арзон буюмлар сотишга мўлжалланган дўкон ишчилари бўлишган.

“ВКонтакте” тармоғидаги “Раменское24” саҳифасида бор-йўғи икки ҳафта олдин иш бошлаган бу дўкон “рақобатчилар” томонидан ёқиб юборилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар пайдо бўлди.

(Дўкондаги ёнғиндан қутқариш ишларининг гувоҳлар томонидан олинган видеотасвири)

Гувоҳлар ўт ўчирувчилар ҳодиса жойига жуда тез етиб келгани, аммо атрофда енгил машиналар бетартиб қўйиб кетилгани боис бинога анча вақт яқинлаша олмаганини гапирмоқда.

Маълум бўлишича, иккинчи қаватда қолган ва тутундан заҳарланган одамлар бинонинг ҳамма деразаларига темир панжара қоплаб ташлангани сабабли қутқарувчиларсиз чиқа олмаган. Қутқарувчилар бинодан яна 10 кишини қутқарди.

Терговга Москва вилоят прокуратураси қўшилди. Прокуратура алоҳида назоратига олингани айтилган ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 238 моддаси 3 қисми асосида жиноий иш очилди.

Терговчилар ёниб кетган дўкондан олиб чиқилган жасадларга оид ҳозирча бирор маълумот очиқлаганича йўқ.

Тергов ишлари давом этмоқда.

Озодлик Россиянинг турли минтақаларида қиш мавсумида ёнғин оқибатида ўзбек муҳожирларининг нобуд бўлаётгани билан боғлиқ юзлаб ҳодисалар борасида хабар берган.

XS
SM
MD
LG