Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:10

МХХ қамоғидаги Абдуллаевнинг онаси Мирзиёевдан ўғлини ҳимоя қилишда ёрдам сўради


Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, 69 ёшли Гавҳаржон Мадаминова.
Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, 69 ёшли Гавҳаржон Мадаминова.

Қарийб уч ойдан буён Тошкентдаги МХХ тергов изоляторида қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, 69 ёшли Гавҳаржон Мадаминова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан ўғлини судда ҳимоя қилишда ёрдам сўради. 5 декабрь куни Фейсбукда эълон қилган видеомурожаатида Мадаминова давлат тўнтаришига уринишда айбланаётган ўғли адвокатсиз қолаётганини айтди.

Гавҳаржон Мадаминова президентга мурожаатида ўғли устидан тергов жараёни ўтган ой охирида тугагани, ўғли адвокат ҳимоясига мухтож эканини таъкидлади.

- Ўғлим устидан тергов иши 29 декабрда тугабди. Тергов иши адвокатсиз тугади. Уни энг оғир жазо кўзда тутиладиган айб, давлат тўнтаришида айблашмоқда. Менинг боламни ҳимоя қиладиган адвокат бўлмаса, адвокатни киритишмаса, бир марта ёнига кирган адвокатни унинг иши билан таништиришмаса, бу иш адвокатсиз якунланса, болам ўзини судда қандай ҳимоя қилади? - дейди Гавҳаржон Мадаминова.

Ўзбекистонда конституциявий тузумни ағдаришга уринганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевни 14 декабрь куни ўша пайтдаги адвокати Сергей Майоров бориб кўрган эди.

30 дақиқалик учрашувдан сўнг Бобомурод Абдуллаев Майоровга унинг ёрдамига мухтож эмаслигини айтган.

- Охирги учрашув пайти Бобомурод мени ёрдамимдан воз кечишини ўзимга айтганди. Нимага бунда қарорга келганини, тўғриси, билмайман, - деди Сергей Майоров 5 январь куни Озодлик билан суҳбатда.

Сергей Майоров Озодлик билан бундан олдинги мулоқотида ўз мижози Бобомурод Абдуллаевда жисмоний ёки руҳий қийноқ белгиларини пайқамаганини қўшимча қилганди.

Бобомурод Абдуллаевнинг онаси видеомурожаатида ўғлини адвокатдан воз кечтиришга мажбурлашган бўлишини айтди.

- У оддий бир журналист бўлса қандай қилиб у давлат тўнтариши қилади?! Бунга ким ишонади? Унга уч ой давомида қийноқлар йўли билан жиноятни бўйнига қўйган бўлишлари мумкин. Яқинда сиз (Шавкат Мирзиёев - таҳр) Олий Мажлисга мурожаат қилдингиз. Бундан кейин ҳеч кимнинг ҳуқуқи поймол бўлмайди, дедингиз. Кўряпсиз, мана мени ўғлимнинг ҳуқуқи, адвокатларнинг ҳуқуқи поймол бўлиб турибди. Мени болам жиноятчи эмас. Айби спорт мақолалари ёзганими? У одам ўлдирдими ёки армияси борми? Ёки террористларга қўшилдими? Сиздан илтимосим судни очиқ ўтказилиши ва биз ёллаган адвокатларни киришига ёрдам беринг. У адвокатсиз ўзини қандай ҳимоя қилади? - деди Гавҳаржон Мадаминова.

Адвокат Сергей Майоров Озодлик билан суҳбатда агар Бобомурод Абдуллаев ҳуқуқий ёрдам сўраб, унга мурожаат қилса, ёрдам беришга тайёрлигини айтди.

44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.

27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устхонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.

1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.

Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққан.

XS
SM
MD
LG