Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:15

Фарғоналик баъзи журналистлар сўконғич ҳокимни ҳимоялаб чиқишди


Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Тошлоқ тумани аҳолисини "ҳаромилар" деб сўккани ижтимоий тармоқларда ғазаб билан қаршилангач, вилоятдаги айрим журналистлар сўконғич ҳокимни ҳимоялаб чиқди. Ҳоким Ғаниев мажлисда 16 нафар тошлоқлик Ақтўбеда ҳалок бўлиб, Фарғона вилоятини шарманда қилди, дея туман аҳлини "ҳаромилар" деб ҳақоратлаганди.

Фарғона вилоят ҳокимлигининг “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош мухаррири Гулбаҳор Саид Ғани Facebook саҳифасида “Фарғона аҳолиси номидан мурожаати”ини эълон қилиб, тармоқда ҳокимни ноҳақ айблаётганликлари ҳақида ёзди.

“Сиз ғазабингиз келганда нималар демайсиз? Албатта, юз фоиз ҳақ, шундай дейиш керак демоқчимасмиз. Қолаверса, селектор йиғилиши раҳбарларнинг ички масаласи ҳисобланади. Шу ёзувни тарқатган “раҳбарча” ўзига гуноҳ орттириб қўйибди”, - деб ёзди журналист.

Журналист ҳокимнинг тошлоқликларни ҳақорат қилгани ёзилган аудио интернетга қўйилгани учун эса, чет элдаги журналистларни айблади.

“Ушбу аудиоёзувни интернетга қўйишдан ким манфаатдор? Албатта, биринчидан, буни катта байрам қиладиганлар мухолиф фикрли чет эл “журналистлари”. Чунки ватанни ёмонласа, чўнтаги қаппаяди. Уларни боқиб турган Сэм тоғалар ақча беради. Иккинчидан, Ўзбекистон халқининг бирдамлиги, жипслигини бузишга ҳаракат қилганларга керак”, - деб ёзди Гулбаҳор Саид Ғани.

Афтидан, Фарғона вилоят ҳокимлигининг “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош мухаррири Гулбаҳор Саид Ғани ўзининг маҳаллий ҳамкасблари чиқишларини кузатмайдиганга ўхшайди. Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг тошлоқликларни ҳақоратлагани ҳақда биринчи бўлиб маҳаллий нашрлар ёзди.

Озодлик журналистни суҳбатга тортиш учун унинг ўзига боғланди, лекин у банд эканини айтди.

Фарғоналик яна бир журналист Шуҳрат Aбдурасулов эса, Facebook саҳифасида: "3 ярим миллион одам яшайдган Фарғона вилоятининг ҳокими олиб бораётган сиёсатини, ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ташқаридан бузғунчилар тиқиштираётган ҳар-хил иғволарга қўшилманг", - деб ёзди.

Фарғона вилоят ҳокимининг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов эса, ҳоким қурбонларга жигари куйганидан, алам устида аччиқ гапирганини таъкидлади.

Ҳокимликнинг расмий веб саҳифасида эълон қилинган “Ҳар нарсага етган ақлингиз шунга қолганда оқсайдур...” номли мақоласида Абдасов: “Шу билан бирга йиғилишда айтган ҳамма фикрлари асло халқини менсимаслик, Тошлоқ аҳлини ёмон кўриш ҳам эмас. Мутлақо аксинча, нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳолат, шунга ўхшаш ҳолат яна такрорланмаслиги учун ҳаммани ҳушёр бўлишга чақириш, масъулиятни энг катта даражага ошириш, ўзини ҳам аяб ўтирмай жон куйдираётгани бу!”, деб ёзди.

Озодлик Фарғона ҳокими матбуот котиби Абдулазизхон Абдасовнинг ўзига боғлана олмади.

Ҳокимни танқид қилган журналистлар ҳам бор

Айни пайтда вилояти ҳокимининг айтганларидан уялаётган журналистлар ҳам бор. Улардан бири, фарғоналик мустақил журналист Муаззам Иброҳимова Facebook саҳифасида эълон қилган “Иллатнинг илдизи қаерда? Ёхуд Сэм тоғанинг ақчасисиз битилган изтироблар”ида “Биз Фарғоналиклар ғурури Шоҳимардон тоғларидай баланд халқмиз, бироқ бир неча кун ичида танасига ўн олтита игна суқилган чақалоқ билан бошимиз эгилиб қолганди. Кеча интернет тармоғида тарқалган аудиоёзув эса, танамга яна миллионта игна санчди…” деб фикр билдирди.

“Ойнани аввал ўзингга тут!” деган нақл бор. Мутахассис сифатида қизишиб кетганингизни тўғри тушунман, лекин нима бўлганида ҳам ҳаммани ёппасига ҳақорат қилишга хаққингиз йўқ эди! Афсус, сизни кечаги “нутқингиз” биринчиси ёки охиргиси ҳам эмас! Афсус, сиз ёлғиз эмассиз, қўполликни қурол қилган амалдорлар тиқилиб ётибди. Лекин, халқ эмас, ўз хулқини ҳам идора қилаолмаётган раҳбарларнинг айбини кечираверсак, қачон тонг отади?! Сизлардан ўрнак олаётган бўлажак ҳокимлар оғзидан эртага бундан ҳам бадтарроқ сўзлар чиқмаслигига кафолат берасизми?", - деб ёзди Муаззам Иброҳимова.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоят ҳокими Ақтўбе фожиасида 16 фуқаросидан жудо бўлган тошлоқликларни "ҳаромилар" ва "падарингга лаънат" дея ҳақоратлаганди.

Ҳокимнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда норозилик ва ғазабларни уйғотган.

XS
SM
MD
LG