Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:47

Жиззахда бўрилар бир ҳафтада 30та қўйни бўғизлади


Бўрилар ҳужум қилиб, қўй ва отларни бўғизлаб кетяпти.
Бўрилар ҳужум қилиб, қўй ва отларни бўғизлаб кетяпти.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг тоғли Қангли қишлоғи вакилларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида бўрилар ўттизга яқин қўйни бўғизлаб кетган. Улар тоғли ҳудудларда бўрилар гала-гала бўлиб, аҳоли чорвасига ҳужум қилаётганидан одамлар ўз уйларидан ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолишганини айтади.

Қангли қишлоғида яшовчи Шерқул аканинг Озодликка айтишича, туман ҳокимлиги ва милицияси бўрилар галасига қарши курашиш учун деярли ҳеч нарса қилмаяпти.

- Далага чиқишга ҳам қўришяпти одамлар. Бўрилар ҳужум қилиб, қўй ва отларни бўғизлаб кетяпти. Участкавойларга айтдик, улар йиғилиб муҳокама қилишяпти. Лекин бўрилар ҳужуми тўхтамаяпти-да, - дейди Шерқул ака.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими бўрилар чорвага ҳужум қилаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, йиртқич ҳайвонларнинг қишлоқларда қаровсиз қолган чорва молларига ҳужум қилаётгани илк бор кузатилаётгани йўқ.

Аммо мулозим талофотлар кўлами борасида ҳозирча аниқ рақамлар йўқлигини таъкидлади.

- Бўриларнинг аҳоли чорвасига ҳужум қилиши вақти-вақти билан бўлади. Айниқса баҳор ойларида кўп бўлади. Лекин талофотлар ҳақида аниқ маълумот беролмайман. Бунинг учун барча қишлоқлардан маълумотларни йиғиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилишимиз керак, - деди у Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Жиззах вилоятининг Шараф Рашидов туманидаги ички ишлар ходими эса бўрилар ҳужумига қарши ҳозир участка нозирлари оёққа турғизилганини билдирди.

- Ҳозир участкавойлар жойларда бу масалани муҳокама этяпти. Ҳужум бўлган жойларда кузатув ташкил этилди, - деди милиция зобити.

Қангли қишлоғидаги чўпонлардан бири бўрилар сони сўнгги йилларда кўпайиб кетганини айтди

- Ўрмонда бўрилар учун озиқ-овқат деярли қолмаган. Шунинг учун бизни чорвага ҳужум қиляпти. Бўрилар йўқ қилинмаса, яқин йилларда улар яна кўпайиб кетиши мумкин. Улар олдинлари отилар эди. Ҳозир ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу боришда бўри кўпайиб, чорва боқа олмайдиган бўлиб қоламиз, - деди қанглилик чўпон.

Тошкентдаги "ALIVE PLANET" ҳайвонсеварлар жамияти ҳодимаси Татьяна Новикова Озодлик билан суҳбатда бўрилар отилишига қарши эканини айтди.

- Биз бўриларнинг отиб ташланишига қаршимиз. Чунки бу жонзод Ўзбекистонда қирилиб кетаётган ҳайвонлар сирасига киради. Чўпонларни тушунамиз. Лекин, чўпонлар қўй-эчкисини бўриларга ем қилиб қўявермасин-да. Бўрилар ҳужумидан ҳимоялайдиган воситалар кўп. Қўйларни ҳимоялаш учуг бўриларни отиб ташлаш нотўғри, - дейди Татьяна Новикова.

Ўзбекистонда бўриларнинг чорвага ҳужуми бундан олдин ҳам кузатилган.

Ўтган йили Жиззахнинг Ғаллаорол ва Фориш туманларида бўри ва тулкилар кўпайгани, бўрилар гала-гала бўлиб, аҳолининг қўй ва отларига ҳужум қилгани ҳақида Озодлик хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG