Наманган туман Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлаган 36 ёшли милиция капитанининг турмуш ўртоғи Ҳилола Ўринбоева туман прокуратураси ходимлари эрини тергов давомида тинимсиз қийноққа солгани, ўзи ва оиласини жинсий зўрлаш билан қўрқитгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати пора олганликда гумонланиб ўтган ой ҳибсга олинган собиқ милиция зобитининг қийноққа солингани ҳақида унинг оила аъзолари билдирган иддаоларни рад этди.
10 август куни Ҳилола Ўринбоева Озодлик билан суҳбатда эри қийноқлар оқибатида туман касалхонаси реанимация бўлимига ётқизилганини иддао қилганди:
- Эримни куч ишлатиб туман прокуратураси маъмурий биносининг 2- қаватига олиб кириб кетишган. Кечки 6 га қадар жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказишган. Шимини ечиб қўйиб, турсикда турган ҳолатда сўроқ-савол қилишган, тепишган. “Пора олдим деб бўйнингга олмасанг, хотининг, бола-чақанг, сингилларингни олиб келиб, ечинтириб, зўрлаймиз, ўзингни ҳам зўрлаймиз, кейин бўйнингга оласан”, деб босим ўтказишган. Борис исмли рус миллатига мансуб йигит¸ ҳамда қорачадан келган бола шунақа қилган. Кейин улар ҳужум қилаётганда иккинчи қават деразасидан итариб юборишган. Боши билан тушиб, мажақ бўлган. Хуллас¸ шундан сўнг эрим реанимацияга тушиб қолди. Шифохонада ҳушига келганида эрим ўзи қандай тазйиққа олинганини гапириб берди.
Ҳибсга олинган собиқ милиция зобити адвокатларидан бири ҳам ўз мижозига нисбатан тергов давомида босим ўтказилганини айтади:
- Тергов давомида руҳий босимлар қўлланилганини айтган. Бу ҳақда судга ҳам шикоят қилди. Лекин, тергов давом этаётгани боис кўп нарса айтолмайман.
"Иддаолар асоссиз"
Озодлик сўрови бўйича суриштирув ўтказган Ўзбекистон Бош прокуратураси 14 август куни милиция зобитининг қийноққа солингани ҳақидаги иддаолар асоссиз экани аниқланганини билдирди.
Бош прокуратура матбуот хизмати Озодликка йўллаган билдирувда таъкидланишича, Наманган туман прокуратураси биносида баённома расмийлаштириш жараёнида Ғ.Ўринбаев жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида, 2-қаватда жойлашган хона деразасидан тахминан 4 метр баландликдан ерга сакраб, мувозанатини йўқотиб, юз қисми билан йиқилиб, тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган.
Бош прокуратура милиция зобити яқинларининг терговчи суд-тиббий экспертларга таъсир ўтказилганлиги ҳақидаги важлари ҳам асоссиз эканини маълум қилди.
"Суд-тиббий экспертизанинг 27.07.2018 йилги хулосасида, Ғ.Уринбаевда аниқланган жароҳатлар баландликдан йиқилиши оқибатида олиниши инкор этилмаслиги, соғлиғини бузилишига сабаб бўлган енгил тан жароҳатлар туркумига кириши кўрсатилган. Ғ.Уринбаевни қочишга уриниб, йиқилганлиги ҳолати бўйича терговчи томонидан баённома тузилган, Ғ.Уринбаевни қочишга уринганлигини унинг адвокати Р.Назаров ҳам кўрганлиги сабабли ушбу баённомани имзолаган. Тергов даврида холислар В. ва Н.лар Ғ.Уринбаевга нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этилмаганини, у дераза орқали қочмоқчи бўлиб, йиқилиб тушганини кўрсатишган. Шу сабабли, гўёки Ғ.Уринбаевни Департамент ходимлари ва бошқалар уришганлиги, прокуратура биносининг 2-қаватидан итариб юборишганлиги ҳақидаги важлари асоссиз деб топилган", - дейилади прокуратура билдирувида. (Бош прокуратура матбуот хизмати билдируви таҳрирсиз берилди - таҳр.)
Ҳозирда Ўринбоев касалхона реанимация бўлимидан туман милицияси тергов изоляторига ўтказилган.
Милиция зобити нега қамоққа олинди?
Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Наманган туман Ички ишлар бўлимида тергов бўлинмаси бошлиғи бўлиб ишлаган милиция капитани Ғолибжон Ўринбоевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми порахўрлик банди бўйича жиноят иши очилган.
Прокуратуранинг билдирувида таъкидланишича, Ўринбаев фуқаро Р. Абсаттаров билан жиноий тил бириктириб, бўлинма катта терговчиси О.нинг иш юритувида бўлган М. бошқарувидаги “Кобалт” ва А. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашиналар ўртасида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича М.ни жиноий жавобгарликка тортмаслик ва “Кобалт” автомашинасини жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига унинг укаси Б.дан 1000 АҚШ долларини пора сифатида беришини талаб қилган.
“26.07.2018 йилдаги тезкор тадбир давомида Р.Абсаттаров туман ИИБнинг биноси олдида кўчада Б.дан 500 АҚШ долларини олиб, ИИБнинг ховлисида пулларни Ғ.Уринбаевга берган. Мазкур ҳолат юзасидан 26.07.2018 йилда Наманган вилоят прокуратураси томонидан Ғ.Уринбаев ва Р.Абсаттаровларга нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ариза муаллифи Б., гувоҳ Х. ва бошқалар Ғ.Ўринбаевни жиноятини фош қилувчи кўрсатувлар беришган, М. кўрсатувларини Р.Абсаттаров билан ўтказилган юзлаштиришда тасдиқлаган. Шунингдек. Р.Абсаттаров кўрсатувларида Ғ.Уринбаев М.ни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 1000 АҚШ доллари берилишини талаб қилиб, 26.07.2018 йил куни 500 доллардан 200 долларини унга қайтариб бериб, 300 долларни чўнтагига солиб, пулни 1000 АҚШ доллари қилиб олиб келишни талаб қилганлигини кўрсатган”. - дейилади прокуратура билдирувида.(Бош прокуратура матбуот хизмати билдируви таҳрирсиз берилди - таҳр.)
"Президентга арз қиламиз!"
Айни пайтда милиция зобити яқинлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга арз қилиш аҳдида эканликларини айтишмоқда. Ҳибсдаги милиция собиқ зобитининг рафиқаси Ҳилола Ўринбоева бундай деди:
- Биз президентдан ёрдам сўраймиз, чунки прокуратура ходимлари айбни мажбурлаб бўйнига қўйдириш учун руҳий ва жисмоний босим қилишган. Биз Тошкентга президент қабулига боришга ҳам тайёрмиз.