Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Жиззах ИИБ: Калтакланганини айтаётган ҳайдовчининг ўзи ЙПХ ходими таёғини уриб синдирган


​​Ҳайдовчи видеода ерда синиб ётган милиция жезлини кўтариб, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни калтаклаганини иддао қилганди.
​​Ҳайдовчи видеода ерда синиб ётган милиция жезлини кўтариб, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни калтаклаганини иддао қилганди.

Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан баёнот чиқарди.

3 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳайдовчининг йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари билан жанжаллашаётгани акс этган, видеони суратга олиб тарқатган ҳайдовчи ЙПХ инспекторлари уни калтаклаганини иддао қилган.

Жиззах ИИБси матбуот хизматининг 5 декабрь куни эълон қилган "Шармандага шаҳар кенгми?" сарлавҳали баёнотида, йўл-патруль хизмати ходимлари ҳайдовчининг эмас, аксинча, ҳайдовчининг шериги ЙПХ ходимининг юзига мушт тушириб, унга тан жароҳати етказгани, ҳайдовчининг ўзи ЙПХ ходими жезлини асфальтга уриб синдиргани таъкидланади.

ИИБ расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, ҳайдовчи Лочинбек Тиллаволдиев (Озодликнинг 4 декабрь кунги материалида Лочинбек Тиллабўлдиев) “ZAZ FORZA” русумли автоуловида соатига 119 километр (белгиланганидан 19 километр юқори) тезликда ҳаракатланаётгани учун 2 декабрь куни тўхтатилган.

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари Юнусбек Умаров ва Ғулом Қўйбоқаровлар қоидабузарга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштиришга киришганларида ҳайдовчи ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришларига қаршилик кўрсатди.

Бу орада “ZAZ FORZA” йўловчиси Азизбек Олимов йўл- патруль хизмати инспектори, сафдор Юнусбек Умаровнинг юзига мушт тушириб, тан жароҳати етказган.

Буни кўрган йўл-патруль хизмати ходими Ғулом Қўйбоқаров қўлидаги жезлни автомашина багажи устига қўйиб, йўловчини тинчлантирмоқчи бўлади. Лочинбек Тилобўлдиев эса жезлни олиб, асфальтга уриб синдиради", - дейилади Жиззах ИИБси баёнотида.

Жиззах ИИБсининг баёнотидаги ушбу версия ҳайдовчи Тиллабўлдиевнинг видеода айтганларига тамомила тескаридир.

Прокуратура ИИБ ходимлари ва блогер ўртасидаги жанжални текширмоқда. Сизнингча ким ҳақ?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00

Ҳайдовчи видеода ерда синиб ётган милиция жезлини кўтариб, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уни калтаклаганини иддао қилганди.

- Биз билан уришиб мигалкалари ҳам синиб кетди. Қулоғим қонаяпти, мана қаранг. Мени ГАИ ходимлари уриб, телефоним ва ҳужжатларимни қайтиб бермаяпти, - дейди Тиллабўлдиев.

Лекин, тасвирларда калтаклаш саҳнаси акс этмаган. Тиллабўлдиев телефонида калтаклаш съёмкаси борлиги учун "телефонимни милиция олиб қўйди" деб иддао қилганди.

Жиззах ИИБси матбуот хизмати баёнотида айтилишича, йўл-патруль хизмати ходимлари Ғулом Қўйбоқаров ва ҳамкасби Юнусбек Умаров автоуловда беркиниб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қўнғироқ қилган ва ёрдам сўраган.

"Буни кўрган Лочинбек Тиллабўлдиев вой-войлашни бошлади. Азизбек Олимов эса “яккахон концерт”ни тасвирга олишга киришди.

Тасвирларга эътибор қилган бўлсангиз, Лочинбек Тиллабўлдиев ўзини калтаклашгани ҳақида гапирар экан, автомашина салонида ўтирган йўл-патруль хизмати ходимига қарата “Ака тушиб урманг мени, телефонни беринг, ураяпсиз”, дея қичқира бошлайди.

Бу гапларнинг ўзиёқ Лочинбекнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини шантаж қилишга уринаётганлигини сездиради. Худди шундай, Лочинбек Тиловолдиевнинг телефонини ҳеч ким олмаган", - дейилади ИИБ баёнотида.

Лочинбек Тиллабўлдиев ва шериги Азизбек Олимовлар автомашинага ўтириб, воқеа жойидан кетган.

Аммо уларни Манас-14 йўл-патруль хизмати масканида яна тўхтатишган.

Жиззах ИИБси баёнотида Лочинбек Тиллабўлдиев ва шериги Азизбек Олимовларга нисбатан қандай чора қўлланилгани айтилмаган.

"Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари белгиланган жойда ўз хизмат вазифаларини қонуний тартибда амалга оширишган. Бу борада хизмат текшируви олиб борилмоқда", - дейилади Жиззах ИИБси баёнотида.

Ўзбекистон Жиноят кодексида ҳокимият вакилига қўл кўтариш беш йилгача бўлган қамоқ жазосини кўзда тутиши айтилади.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, ўзини милиция ходимлари калтаклаганини иддао қилаётган ҳайдовчи Youtube порталидаги UzAbzor канали администратори, фарғоналик блогер Лочинбек Тиллабўлдиевдир.

- Лочинбек Самарқанддан Фарғонага қайтаётганида йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари йўлда радар ўрнатиб, уни тўхтатишган. Икки ўртада жанжал келиб чиққан. Ўзи катта трассада радар ўрнатиш мумкин эмас. Бу бола шунга эътироз билдирганида уришган, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган блогернинг шериги.

Озодлик Telegram орқали Тиллабўлдиевга чиқди, лекин у интервью беришга истак билдирмади.

Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими мулозими Озодликка видеода акс этган ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси суриштирув ўтказаётганини айтди.

Ўзбекистонда милиция ходимлари ва ҳайдовчилар орасидаги жанжаллар ҳақидаги видеолар биринчи бор пайдо бўлаётгани йўқ.

Шу йилнинг май ойида Самарқанднинг Ургут туманида милиция ходимлари кекса ёшдаги ҳайдовчи билан муштлашаётгани акс этган видеони Озодлик эълон қилди.

Ўтган йилнинг март ойида Озодлик Жиззах шаҳри марказида милиция зобити ўрта ёшлардаги аёлнинг сочини икки қўли билан тортаётгани акс этган видеони эълон қилган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида ўтказган селектор йиғилишида милиция фаолиятини қаттиқ танқид қилиб, халқнинг улардан норози эканлигини уқтирган эди:

- Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? –деган эди Мирзиёев.

Айни пайтда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати 2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари мобиль видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга бўлишларини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG