Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” - иш берувчига ходимни саёҳатга чиқариш мажбурияти юкланди


Шохи Зинда комплекси. Самарқанд, Ўзбекистан, 29 ноябрь 2019 йил.
Шохи Зинда комплекси. Самарқанд, Ўзбекистан, 29 ноябрь 2019 йил.

Ўзбекистонда 1 июндан ҳар бир ташкилот ўз ходимлари учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиб бериши керак бўлади.

Саёҳат ҳаражатларини қисман иш берувчи қоплайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни имзолаган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда сўз боради.

"2022 йил 1 июндан бошлаб "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат!" доирасидаги тартиб белгилансин. Иш берувчилар жамоа шартномаларига ходимлар учун йилига бир марта маҳаллий саёҳат қилиш имкониятларини яратиш қоидаларини киритадилар. Саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади", — дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари келажакда ички саёҳатга отланган ҳар бир фуқаро харажатларининг бир қисмини қайтариш, яъни “Cashback” тартиби ҳам йўлга қўйилиши айтилган ҳужжатда.

Буни молиялаштириш учун жорий йилнинг ўзида давлат бюджети қўшимча маблағлари ҳисобидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 30 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳукумат шу йўл билан ички сайёҳликни ривожлантириш, маҳаллий саёҳатга кўпроқ одамни жалб қилиш, шу орқали маҳаллий бюджетларга тушумларни оширишни мақсад қилган.

Ўртача ойлик 270$, учоқ пули 100$

Давлат статистика қўмитасининг ўтган ойги маълумтига таянилса, Ўзбекистонда ўртача ойлик 270 долларни ташкил қилади.

Тошкент-Урганч авичиптасининг нархи эса 100 доллар атрофида. Мамлакат ичида лоукостер учоқлар ва ҳамёнбоп меҳмонхоналар тизими деярли йўқ.

Бундан ўрта аҳоли учун ички саёҳат қанчалик қиммат экани кўринади.

“Ўзбекистонда аҳвол бу қадар бўлса, нархлар бу қадар бўлса ким саёҳатга чиқади. Кимнидир бўйнига ҳаражатини юклаб, обориб айлантириб келиш фойда кўриш эмас.. Фойда бир жойдан чиқади, бир жойда йўқолади. Кимни чўнтагидан чиқади бу, Масалан менга керакми шу, ё иш берувчига керакми?”, - дейди ўзбекистонлик Мирза Анвар Абдулла.

Марказий Осиё мамлакатлари сайёҳлик салоҳияти масалаларини ўрганиб келаётган британиялик тадқиқотчи, Ўзбекистоннинг Британиядаги туризм бўйича элчиси Софи Иботсоннинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда ички туризм ривожи учун потенциал йўқ эмас:

“Ўзбекистонда 30 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўрта табақа тез ўсиб бормоқда, бу одамларнинг даромадлари ва бўш вақтлари кўпроқ эканлигини англатади. Кўпгина фуқаролар ўз пуллари ва таътилларини ўз мамлакатларида ва чет элда саёҳат қилиш учун ишлатишни хоҳлашади. Албатта, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат халқаро саёҳатга қараганда осонроқ ва арзонроқ ва жуда кўп жозибали йўналишлар мавжуд. Автобус ёки поездда сиз ЮНЕСКОнинг бешта Жаҳон мероси объектларига, кўплаб миллий боғларга ва бошқа гўзал табиий ҳудудларга, юзлаб зиёратгоҳлар ва маданий диққатга сазовор жойларга боришингиз ва, албатта, дўстларингиз ва оилангиз билан учрашишингиз мумкин”, - дейди Иботсон.

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда ички туризмни ривожлантиришга қаратилган илк қарори эмас.

Ўтган йили у “Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Айни фармон доирасида ички туризмни оммалаштириш мақсадида 2021 йилдан бери ўзбекистонликларга Рўза ҳайит, Қурбон ҳайит, Наврўз, Мустақиллик куни ҳамда Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча уч кундан кам бўлмаган дам олиш жорий этилади.

Бу йил Рамазон ҳайитида беш кунлик таътил эълон қилинди.

Бундан ташқари “ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган "оилавий зиёрат таътили" тизими жорий қилинган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган мутахассислар ички туризмнинг маҳаллий бюджетларга фойда келтиришини эътироф этишади, айни пайтда бу дастур мажбурлаш эвазига бўлмаслиги лозимлигини айтишади.

“Мажбурлаш билан бўлмаслиги керак”

Бухоролик санъатшунос рассом Баҳодир Абдураззоқов Озодлик билан суҳбатда ички туризмни ривожлантириш ҳақидаги президент қарори ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан буларни айтди:

“Мажбурлаш билан, “сен бунча одамни Фарғонадан Бухорога, сен бунчасини Самарқандга олиб бориб айлантириб келасан”, дейиш билан ёки ҳаражатларни бизнесменлар бўйнигаи илиб қўйиш билан бўлмаслиги керак. Шунақа бўляпти-да, кўряпмиз. Бундай йўл билан ички туризмни ривожлантириб бўлмайди. Одамларни ўзларида бунга хоҳиш-истакни оширсак шунда самара бўлади. Бунинг учун улар борадиган жойларда шароитларни яхшилаш керак, траспорт тизимини яхшилаш, нархларни тушириш керак, шунда одамлар бири-биридан эшитиб ўзлари борадиган бўлади”, - дейди санъатшунос.

Ички туризм бу Ўзбекистонда доимий яшовчи шахсларнинг мамлакат ҳудудидаги саёҳатидир.

Ўзбекистон Туризм вазирлига кўра, ҳар йили ўзбекистонликлар чет элларга бориб ўртача 1 миллиард 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфлайди.

Кўпчилиги Анталия, Дубай ёки Иссиқкўлга бориб дам олишни афзал кўришади.

Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистонда барча талабларга жавоб берадиган замонавий туристик мажмуалар сонининг камлиги, денгиз соҳилининг йўқлиги ва маҳаллий туризм инфроструктурасининг заифлигидадир.

31 та ҳудудда 1 тадан карвонсарой

Ўзбекистон Туризм вазирлиги мулозимининг Озодликка айтишича, ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятда туристик мажмуалар ва шаҳарлараро автомобил йўлари инфроструктурасини яхшилаш ҳам режада бор.

“Йўлларда карвонсаройлар қурилади. Бутун мамлакат туризм магистрали бўйлаб 31 та ҳудудда 1 тадан карвонсарой барпо этилади. Машинада саёҳат қилувчилар учун кемпинглар бўлади, йўлларда мини меҳмонхоналар қурилади. Ҳар бир вилоятда Наманганда ишга туширилган “Афсоналар водийси” ёки Бўстонлиқда “Амирсой мажмуаси”га ўхшаш масканлар қурилиши ҳам кўзда тутилган. Ана шу масканларга борувчилар кўпайган мамлакатни ўзида. Тошкентдан Наманганга “Афсоналар водийси”га махсус бориб келаётганлар бор. Мана шунақа жойларни кўпайтирамиз, - ”, - деди вазирликнинг исми очиқланмаслигини истаган мулозими..

Мулозимга кўра, Хоразмдаги “Қалъа-жиқ” ва Қорақалпоғистондаги “Ақчакўл”да санатория-курорт ташкил этиш, Бухорода “Қадимий Бухоро” ва “Ўнинчи аср этноқишлоғи”, Наманганда “Оазис”, Сирдарёда “Сирдарё экотуризм”, Тошкент вилоятида “Гарден” туризм кластерлари ва Фарғонада “Фарғона парки” тематик боғини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳалар ҳам режаланган.

Ўзбекистон тарихий шаҳарлар ва қадимий обидаларга шундоқ ҳам бой мамлакат. Мамлакатда юздан зиёд музей бор.

Урганч шаҳрининг сайёҳлар учун визит картасига айланаётган Замонавий санъат музейи раҳбари, санъатшунос Ширин Тошева ҳам маҳаллий сайёҳликни ривожлантириш муҳимлигини айтади.

“Аввало президент Мирзиёевнинг музейимизни реконструкция қилиш ҳақидаги қароридан жуда мамнунмиз. Бизнинг музей йилига 145 минг одамни қабул қилиш потенциалига эга. Биздаги санъат асарлари дунёнинг энг зўр музейларидаги асарлардан ҳеч қолишмайдиган дурдона асарлар бор. Шунинг учун бошқа вилоятлардан ҳам туристларни жалб этган яхши ”, - дейди Тошева.

26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Мирзиёев музейлар фаолиятини танқид қилган эди.

Мажлисда Ўзбекистон музейларида ўтказилган текширишларда мамлакат бўйлаб 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани қайд этилган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, музейлар фаолиятини самарали ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинган, Ўзбекистонда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан унумли фойдаланилмаётгани урғуланган.

“Президент кўп қарорлар қабул қиляпти, ижросини кўрмадик”

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилда иқтидорга келиши билан давлат сиёсатида туризмни стратегик соҳа сифатида белгилаган.

2020 йилда Ўзбекистон UNWTO Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг туризм соҳаси энг жадал суръатларда ривожланаётган топ-20 мамлакати рўйхатига кирди.

Аммо 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси бошқа давлатларда бўлгани каби Ўзбекистоннинг ҳам туризм соҳасини фалаж қилиб қўйди.

Ўзбекистон Туризм вазирлиги маълумотига кўра, пандемия мамлакатдаги 1 минг 500 дан ортиқ туроператор, 1 минг 200 та меҳмонхона фаолиятини деярли тўхташига олиб келди.

Самарқандлик блогер Фарруҳ Самарқандийнинг Озодликка айтишича, ички туристлар ҳисобидан улар фаолиятини қайта жонлантириш зарур.

“Мен қўшиламан, ички сайёҳликни ривожлантириш керак. Самарқандга келган ҳар бир сайёҳ пул ташлаб кетади. Қанча кўп келса маҳаллий бюджетга шунча яхши. Ўз навбатида одамлар зиёратгоҳларга бориб маданий-маъанавий тушунча олади. Бу ҳам яхши. Лекин, Президент кўп қарорлар қабул қиляпти, кўп яхши гаплар гапиряпти, лекин ижросини ҳали кўрмадик. Самарқандга электр автобуслар келтирилади деганига икки-уч йил бўляпти. Бу дастур ҳам кампаниябозликка айланиб, кетмаса. Қолаверса, у шаҳардан бу шаҳарга бориш муаммо.

Мен Самарқанддан Хивага поездда бордим ўтган йили. Шу шаҳарни кўргим келарди. Биринчидан, қиммат. Поездда шароит даб-дала. Хивани ўзида шароит яхши. Баъзи шаҳарларда бизда оддий меҳмонхона етишмайди. Менимча шу масалаларга эътибор қаратиш керак”, - дейди Фарруҳ Самарқандий.

Марказий Осиё мамлакатлари сайёҳлик салоҳияти масалаларини ўрганиб келаётган британиялик мустақил тадқиқотчи Софи Иботсоннинг Озодликка айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ички туризмнинг ўсаётгани ва шароитлар яхшиланаётганини кўриш мумкин.

“Охирги бир неча йил ичида, айниқса пандемия даврида Ўзбекистонда ички туризм сезиларли ўсганини кўрдим. Мен, айниқса, нафақахўрлар, кўпинча кекса аёллар биргаликда саёҳат қилишларини кўрдим. Кўпинча улар Ўзбекистоннинг баъзи жойларини биринчи марта кўришади ва дўстлари билан вақт ўтказишади. Келажакда мен бундан ҳам кўпроқ одам, шунингдек, талабалар, жуфтликлар ва оилалар гуруҳини Ўзбекистонда саёҳат қилишларини кўришни истайман”, - дейди Ибоотсон.

XS
SM
MD
LG