Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:41

Тошкентда аёлларни фоҳишаликда айблаб, қўлига кишан солган ИИБ ходимлари қамоққа олинди


Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Чилонзор тумани профилактика инспекторларига жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Чилонзор тумани профилактика инспекторларига жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади.

Тошкентда икки аёлни фоҳишаликда айблаб, уларни қамаган профилактика инспекторларининг ўзлари қамоққа олингани ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеага турлича фикр билдирилмоқда. Айримлар “зўравон милиция ходимлари”нинг қамалишини ёқласа, баъзилар прокуратурани танганинг иккинчи томонини яшираётганликда айблайди.

Куни кеча милиция бўлимида қўлига кишан солинган аёл профилактика инспекторларини ҳақоратлаб, столдаги қоғозларни йиртиб, хонадаги компьютер ва бошқа буюмларни ходимларга улоқтираётгани акс этган видео тармоқларда тарқалган эди.

Видеода акс этган воқеа август ойида юз бергани маълум бўлди.

Воқеадан тўрт ой ўтиб, 7 декабрь куни профилактика инспекторлари аёлларни асоссиз ушлаб, уларни камситиб, қийноққа солганликда айбланиб қамоққа олингани ўртага чиқди.

12 декабрь куни эса қамалган ИИВ ходимларидан бирининг онаси ўғлининг айби йўқлиги, ишга “мансабдорлар аралашган бўлиши” мумкинлигини иддао қилиб чиқди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи Вилоят Тўлаганова Ўзбекистон президенти, бош прокурор ва Ички ишлар вазирига йўллаган видеомурожаатида:

“Ўғлимнинг айтиши бўйича ўша аёллардан бири қайсидир судьянинг уйида хизматкор бўлиб ишлар экан. У нима хизмат қилади, менга қоронғи. Лекин, ўша аёл ниятига етди. Яъни судья орқали ўғлимни қаматди”, дейди.

Тўлаганова ўз мурожаатида капитан унвонидаги ўғли 102 хизматидан берилган топшириққа кўра икки нафар ҳуқуқбузарни ИИБ биносига олиб келганини ҳам қўшимча қилади.

“Фарзандим Илҳомжон Маҳкамов ҳамкасби Шавкатжон билан 2021 йил 9 августга ўтар кечаси соат 02.30лар чамасида Чилонзор тумани 19-даҳасида икки нафар енгилтабиат аёлни содир этган ноқонуний ҳатти ҳаракатлари бўйича, “102” хизматидан берилган топшириққа кўра 3-сонли ИИБ биносига олиб келишган.

Аёллар ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзини ўзи деворга уриб, ўзига шикаст етказиб, ярим кечаси ҳаммани уйқудан қолдириб, бақир-чақир қилгани учун уларни ИИБ хонасига олиб келиб, ҳужжат расмийлаштиришган.

У аёллардан бири хонадаги документларни йиртиб ташлаган, компьютерларни синдириб ташлаган. Куракда турмайдиган сўзлар билан ходимларни ҳаворат қиляпти. У аёллар қолиб ўз бурчини бажараётган профилактика ходимлари қамалиб кетяпти. Фарзандимга содир этилаётган адолатсизликларга қарши президентимизга мурожаат қиляпман”, - дейди Вилоят Тўлаганова.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси профилактика инспекторлари қамалганини тасдиқлади.

Бошқарманинг 14 декабрь кунги баёнотида айтилишича, улар ишдан бўшатилган, Жиноят кодексининг 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) бўйича иш очилган, эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олинган.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддасида фоҳишалик билан шуғулланганларга энг кам иш ҳақининг 3 барваридан 7 бараваригача жарима белгиланган. Қонунбузарлик такрорланса энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача жарима ёки 15 кунлик маъмурий қамоқ кўзда тутилган.

Effect.uz нашри прокуратура танганинг иккинчи томонини яшираётган бўлиши ҳақида ёзди.

“Аёллар баланд овозда ички ишлар ходимларининг нафсониятига тегадиган ҳақоратларни, куракда турмас сўзларни ишлатганлиги, хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимларига фаол равишда қаршилик кўрсатганлиги, ИИБ биносидаги зарур техник воситаларга шикаст етказганлиги бўйича ҳолатларга нега Бош прокуратуранинг расмий муносабатида тўхталиб ўтилмаган ёки бир сўз билан айтганда кўз юмилган? Тангада икки томон бор. Қарс ҳам икки қўлдан чиқади-ку?!”.

Воқеани ўрганган ўзбекистонлик блогер Отабек Жўраев аёлларни “танкаси” ким деган саволни ўртага қўяди.

“Бу аёллар қандайдир судьянинг уйида ишлар экан. Мен шуни ўргандимки, шу судьянинг республика зам. прокурори таниши бўлиб чиқяпти. Ким экан ўша зам.прокурор? Бу аёлларнинг иши бўйича тузилган дело йўқ қиворилган. Бу профилактика ходимлари ўзича бормаяпти, “102” чақириғи билан боряпти. Фалон жойда жанжал бўляпти, деб қўни-қўшни телефон қилган.

Профилактика боряпти. Кўчанинг ўзида ҳам роса тўполон қилган аёллар. Қўшнилар билан гаплашдим. Булар наручник уришга мажбур бўлган. Қўлида наручник бўлатуриб аризаларни йиртиб ташлаяпти.

Тепадан одам аралашган. Энди милиция ходимларини аёлларни урди деб, қамаворишяпти. Мен ҳеч қачон милицияни ҳимоя қилмаганман, лекин бу ишда нимадир бор.

Видеони қаранг, аёллар калтак ейдиган аёлга ўхшайдими? Буларни кришаси анча катта бўлса керак, давлат мулкини синдиряпти, кўксига давлат рамзларини таққан ИИБ ходимларини ҳақоратлаяпти. Нима бўляпти, 6 декабрда милиция ходимлари прокуратурага чақиртириляпти, ўша ерда қамоққа олиняпти.

Милиция ходими ҳам онасига айтган “зам. прокурор” криша деган. Бу ерда нимадир бор”, - дейди Отабек Жўраев Озодлик билан суҳбатда.

Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист, "Негатив" кўрсатуви муаллифи Улуғбек Ҳайдаров: "Адолат тарозиси яна бузилиб қолди", дея фикр билдирди.

Ўзбекистонлик журналист Носир Зокир эса кўп нарса Ички ишлар вазирлиги изоҳига боғлиқлигини айтди.

"Бу ҳолат ҳудди Горбачёв пайтини эслатяпти. У ҳам мамлакатда ўзгариш қилмоқчи бўлган, лекин ашаддий коммунистлар уни эски тизимга ундашган. Сиз айтган ҳолатни эски тизим тарафдорлари билан янги тизим тарафдорларини тўқнашуви деб баҳолайман. Бир қарасангиз мелиса ҳодимлари ўз бурчини бажарган. Лекин мелиса ҳодимини онасини сўзига эътибор берсангиз уларга тухмат бўлган. Аёлни ҳеч нарсадан тап тортмай, қўрқмай ҳужжатларни йиртиб ташлашига эътибор беринг. Улар кимга ишониб бу ишларни қиляпти? Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати давом этиб турса секин аста ким ким эканлиги аён бўла бошлайди. Энди, бунга ИИВ қандай муносабат билдиради? Шунга қараб воқеага баҳо берамиз", - дейди Носир Зокир.

Озодлик илгари сурилган бу иддаолар юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ҳам Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан ҳам изоҳ олишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Интим видео можароси: Бабашева депутатлик, дача ва дахлсизлик ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:23 0:00

“Мени фоҳишага чиқариб қўйишди…”

Озодлик профилактика ходимлари фоҳишаликда айблаб, қамашга уринган аёллардан бири билан суҳбатлашди.

Сурхондарё вилоятидан бўлган, Тошкентда вақтинча яшовчи аёллардан бири (Хавфсизлиги туфайли Озодлик унинг исмини очиқламайди) видео чиқиб кетгач, қариндошлари тарафидан таҳдидлар бўлаётганини айтди.

“Видеони Сурхондарёдаги қариндошларимиз кўрган. Биласиз бу нарсага бизда жиддий қаралади. Ҳозир уйга боролмайдиган бўлдим шу видео чиқиб кетганидан кейин. Мени фоҳишага чиқариб қўйишди. Ҳозир мана шу жанжалдан кейин бошқа жойга кўчиб кетишга мажбур бўлдим, чунки қариндошларимиз тарафидан таҳдидлар бўляпти. Лекин биз унақа ишларни қилмаганмиз, кимга буни тушунтириб берасиз энди”, - дейди аёллардан бири.

Озодлик суҳбатлашган аёл “танк” ҳақидаги иддаоларни ҳам рад қилди.

“Ўша пайтда ёнимдаги аёл милицияни қўрқитиш учун айтди, лекин судьянинг уйида ишлар экан, прокурор таниши бор экан, деган гаплар нотўғри”, - деди аёл.

Қонун ҳимоячиси бўлолмаётган милиция

Тошкентлик юрист Рустам Олимов видеода профилактика ходимлари ҳаракатида ҳам ноқонуний ҳолатларни кузатганини айтади.

“Мен кўрдим видеони, ИИБ ходимлари аёлларга фоҳиша сифатида паст назар билан қараб, сенсираб гапиряпти. Кўп жойлари қирқилган. Унгача нима бўлганини билмаймаиз. Аёллар урди, деб, айтяпти. Бўлимга олиб келинган аёл жиҳозларни улоқтириб, жанжал қиляпти. Афсуски, бунақа холатларни биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Афсуски, ИИБ ходимлари ҳалигача бизда қонун ҳимоячиси бўлолмаяпти”, - дейди Олимов.

Озодлик сўнгги йилларда ИИБ ходимларининг фуқароларга куч қўллаши ёки фуқароларнинг ИИБ ходимга қўл кўтаргани билан боғлиқ ўнлаб ҳолатларни ёритди.

Кучли резонанс уйғотган ҳолат ўтган йили июнь ойи бошида Андижонда рўй берди.

Андижонда ИИБ ходимлари 33 ёшли фуқарога куч қўллагани ва оқибатда 11 кун беҳуш, кома ҳолатда ётиб, сўнгра 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфоси ва вазирликни қайтадан ташкил қилиш талаб қилиш бошланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам июнь ойидаги селектор мажлисида Андижондаги қийноқларда ИИВ раҳбариятини айблаган эди.

"Нима учун тезкор-қидирув ва терговни назорат қилувчи прокурорлар, ички ишлар раҳбарлари бунга биз айбдормиз, деб чиқиб айтмайди. Ўша ходимларнинг билимини оширмадик, қонун билан ишлаш, одамлар билан муомала қилишга ўргатмадик, деб нима учун халқдан кечирим сўрамайсизлар? Бу каби нохуш ҳолатлар такрорланмаслиги учун қайси тизим ёки ҳудудий идора раҳбари аниқ режа ёки дастур ишлаб чиқди? Минг афсус билан айтиш керак, сизлардаги лоқайдлик ва билимсизлик ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда", деган эди Мирзиёев.

Андижондаги ўлим ортидан шаҳар ИИБнинг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олингани хабар қилинганди.

XS
SM
MD
LG