Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Мирзиёевнинг тиббиёт кластерлари: Саломатлик ёки бизнес?


Мирзиёев дунёда хусусий тиббиётга талаб ортаётганини айтган.
Мирзиёев дунёда хусусий тиббиётга талаб ортаётганини айтган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳафта бошида Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Марказий кўп тармоқли поликлиникага ташрифи чоғида айни маскан негизида тиббиёт кластери ташкил этилишини эълон қилди.

Ушбу марказий поликлиника ва унинг таркибидаги 9 та оилавий поликлиника туманнинг 51 та маҳалласида яшовчи 346 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади.

Мирзиёев дунёда хусусий тиббиётга талаб ортаётганини айтар экан, “одамлар тиббиётда адолатни сезиши керак”лигини таъкидлади.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг Сирдарё, Жиззах, Наманган, Қашқадарё вилоятларига сафари чоғида ҳам президент тиббиёт кластери ташкил этишни таклиф этган эди.

Расмий матбуотда Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси сифатида олқишланаётган тиббиёт кластери соғлиқни сақлаш соҳасида илдиз отган коррупцияни йўқотади деган фикрлар айтилмоқда.

Тиббиёт кластерларини ташкил этишдан мақсад эса самарасиз фаолият юритаётган муассасаларни қисқартириш, қайта молиялаштириш ва бошқарув харажатларини янада мақбуллаштириш орқали аҳолига тиббий хизмат сифатини яхшилаш.

“Тиббиётга бизнес сифатида қараш яхшиликка олиб келмайди”

Айрим экспертлар кластер тизими тиббиёт соҳасини бир ҳовуч одамларнинг бизнесига айлантириб, йиллар давомида шаклланган соғлиқни сақлаш тизимини хонавайрон қилади, деган хавотирда.

Андижонлик шифокор Отабек Аслиддинов соғлиқни сақлаш, энг аввало ижтимоий соҳа эканини таъкидлайди.

“Тиббиёт соҳасига тижорат сифатида қараш, бизнес сифатида қараш яхшиликка олиб келмайди. Соғлиқни сақлаш тизими ижтимоий соҳа, бунга илмий ёндашиш керак. Тиббиёт соҳаси бу доимий изланиш, азалдан касалхоналар илмий тадқиқот институтлари негизида бўлиб келган. Тижоратлаштириш, кластерлаштириш мутлақо нотўғри”, - дейди шифокор.

Хоразмлик нафақадаги шифокор Рўзмат Машарипов ҳам кластерлаштириш йиллар давомида Ўзбекистонда шаклланган соғлиқни сақлаш тизимини хонавайрон қилади, дея хавотир билдиради.

“Бутун дунёда аҳолининг қурби етадиган тиббий хизмат, русчасига "доступная медицина" дейди, бепул бўлмаса ҳам, ҳамёнбоп тиббиёт ҳақида қайғурилаётган бир пайтда, бизда тескариси бўляпти. Агар бу тизимли кластерлаштириладиган бўлса тиббиёт бир ховуч бойларнинг бизнесига айланади. Мен хусусий тиббиётга қарши эмасман. Кластер ўрнига хусусий клиникалар, керак бўлса, касалхоналарга йўл очиш керак, айни пайтда ўзимизнинг касалхоналар ҳам бепул хизмат қилаверсин, мен шуни тарафдориман”, - дейди шифокор.

“Кластерлаштириш боши берк кўчага олиб боради”

Ҳозирда Канада тиббиёт тизимида меҳнат қилаётган микробиолог Обид Мамадалиев Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳотга муҳтож экани, лекин буни кластерлаштириш билан ҳал қилиб бўлмаслигини айтади.

“Кластерлаштириш яна кайтадан боши берк кўчага олиб боради. Тайёр ривожланган мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимига ўтиш керак, холос. Соғлиқни сақлаш вазирлигини ва жойлардаги, яъни облздрав, горздрав, райздрав ҳамда ССВнинг ўзини ҳам таркибий қисмини тубдан камайтириш, малака ошириш институтларини қисқартириб, ортган маблағни касалхоналарга бериш керак, штатлари билан", дейди мутахассис.

Унинг фикрича, Ўзбекистон тиббиёт тизимида марказлашган таъминотдан воз кечиш зарур.

“Мисол учун, коронавирусга қарши ажратилган маблағлар ССВ ихтиёрига берилмаган, бу пуллар таъминотчи ва монополистларга берилган. Шунинг учун ҳам кутилган натижа бермаяпти. Беморларга маблағ бериш - бу қандай нарса? Шунинг ўрнига, ихтиёрий-мажбурий суғуртага ўтилса бўлди, жуда ҳам осон бу. Давлатга ҳам арзон тушади ва соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияга барҳам беради. Суғуртани эса, ССВ назоратидаги ташкилотлардан эмас, балки хусусий суғурта компанияларидан сотиб олиш лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги текширувчи ташкилот эмас, тиббий хизмат кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқувчи ташкилот бўлиши керак”, - дейди Обид Мамамдалиев.

Мирзиёев кластерлари

Мирзиёев ҳокимиятга келгач, қишлоқ хўжалигида бошланиб, бошқа соҳаларга ҳам ёйилаётган инглизча кластер (cluster) нинг луғавий маъноси "тўплам", "шингил", "уя" дегани.

Тиббиёт кластерларини ташкил этиш бўйича ҳукумат дастурида кластер мустақил равишда бемор ўринлари фондини шакллантириши, даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқиши, ходимларининг меҳнатига яраша ҳақ тўлашни ўзи белгилаши айтилган.

“Ҳозир қишлоқ хўжалиги соҳасида кластерлаштириш бўляпти. Фермерлар норози, фойдани кластерчилар кўряпти. Бу ҳам шу. Бундан шифокорга ҳам фойда йўқ, соғлиқни сақлаш тизимига ҳам беморга ҳам. Фақат тепада ўтирган бир гуруҳ одамларга фойда бўлиши мумкин”, - дейди шифокор Рўзмат Машарипов.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми очиқланмаслигини истаган мулозими тиббиёт кластерлари борасидаги хавотирлар ўринсиз эканини айтди.

“Тиббиёт кластери дегани соҳа бутунлай пуллик бўлади, дегани эмас. Бепул медицина сақлаб қолинади. Ҳатто ташкил этилаётган тиббиёт кластерларида ҳам бепул хизматлар бўлади. Ҳар-хил пакетлар бўлади - пуллик, бепул, арзон, қиммат. Бу ҳамма мамлакатда бор нарса. Лекин тиббиёт тизимимизни вайрон қилади, дейиш нотўғри”, - дейди Озодлик суҳбатлашган вазирлик расмийси.

XS
SM
MD
LG