Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:22

Марказий банк фоиз ставкасини 17 фоизга кўтарди. Бу нимани англатади? 


Ўзбекистон Марказий банки, Тошкент.
Ўзбекистон Марказий банки, Тошкент.

Ўзбекистон Марказий банки 17 мартдан асосий фоиз ставкасини 14 фоиздан 17 фоизга кўтарганини эълон қилди.

Бу Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бўлган Россия рублининг Украинага тажовуз сабаб кескин қадрсизланиши манзарасида юз бермоқда.

17 март кунги брифингда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов мамлакатда сўмнинг қадрсизланиши ва инфляция ортишига йўл қўймаслик ва ташқи рискларнинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш мақсадида шундай қарор олинганини билдирди.

“Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди. Бундай босим муқаррар, лекин ўрта муддатли истиқболда, инқирознинг энг юқори таъсирли босқичи ўтганидан сўнг, савдо ҳамкорларнинг валюта курслари ўзининг мувозанатли қийматларига етади ва шунга мос равишда сўмнинг алмашув курсига босим ўтказишни тўхтатади”, - дейилади Нурмуратовнинг Марказий Банк сайтида эълон қилинган баёнотида.

Тарихий максимум

Ўзбекистонда Марказий Банк фоиз ставкасининг 17 фоизга кўтарилиши тарихий максимумдир.

2017 йилдан буён МБ бу ставкани 14 фоизда ушлаб келаётган эди. Ундан олдин ставка 9 фоизни ташкил этган.

Марказий банк фоиз ставкасининг тўрт фоизга оширилиши Украинадаги уруш, Россияга қарши санкциялар, рублнинг қулаши ҳамда бу ҳолатнинг Ўзбекистонга таъсири фонида юз бермоқда.

Марказий Банк раисининг билдиришича, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланган. Аммо мустақил иқтисодчиларга кўра, ўзбек сўми охирги бир ҳафтада АҚШ долларига нисбатан қарийб 10 фоизга қадрсизланди ва нарх-наво сезиларли даражада ошгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Раимовнинг Озодликка айтишича, Марказий банк фоиз ставкасининг ошгани ўз-ўзидан депозит ва кредит ставкалари ошишига олиб келади, шунингдек, аҳолига берилган кредит, жумладан имтиёзли кредит фоизларида акс этмасдан қолмайди.

“Марказий банк фоиз ставкаси 17 фоиз бўлган бўлса, тижорий банкларники 25 фоиз, ундан ҳам юқорига кўтарилиши турган гап. Машина учун, уй олиш учун банклардан кредит олганлар яқин кунларда буни сезишлари мумкин бўлади. Шунингдек, имтиёзли кредит фоизлари ҳам кўтарилади. Икки йил аввал Марказий банк фоиз ставкаси бир фоизга ошган пайтда ҳудди шундай холат кузатилган эди. Ҳозир бу фоиз уч фоизга ошган, бу жуда катта”, - дейди иқтисодчи.

Марказий банк қароридан кейин ставкаларнинг ошиши 17 мартдан кейин расмийлаштириладиган кредитларгагина тегишли бўладими¸ ëки бу ҳозиргача тузилган барча шартномаларга таъсир кўрсатадими?

Озодлик суҳбатлашган банк ходимларига кўра¸ Ўзбекистонда иккала шарт билан тузилган кредит келишувлари мавжуд ва шу боис¸ кредит олган аҳоли ва корхоналар бундан кейин қарзи учун қимматлашган ставкада тўлашга мажбур бўлади.

“Бу ошиш имтиёзли кредитлар¸ ипотека қарзларига тегишли. Лекин шуни айтишим керакки, Марказий банк ҳар уч ойда бу ставкаларни муҳокама қилади ва вазият ўзгарса¸ ставкалар пасайтирилиши ҳам мумкин"¸ деди Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган банк ходимларидан бири.

Фоиз ставкаси нима ва одамлар турмушига қандай таъсир қилади?

Марказий банк асосий ставкани оширгани ёки туширгани ҳақидаги хабарларни кўп эшитганмиз.

Лекин фоиз ставкаси ошиши ёки тушиши аслида нимани англатади? Бу яхшими ёки ёмонми?

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Раимов буни оддий тилда тушунтиришга ҳаракат қилади.

“Марказий банк ставкаси ошгани бизга қандай таъсир қилишини тушуниш учун биз бу ўзи нима эканлигини англаб олишимиз керак.

Мамлакатда барча банклар, шу жумладан, тижорий банклар ҳам пулни Марказий банкдан олади. Маълум фоизда уни қайтариш мажбурияти билан олади. Шу олинган пулни тижорат банклари аҳолига янада юқори фоиз ставкасида тақсимлайдилар, Марказий банкнинг банкларга кредит бериш фоизи ставка деб аталади”.

Кутилган қарор

Мутахассислар Ўзбекистонда сўмнинг қадрсизланиши ва инфляция фонида буни кутилган қарор, деб ҳисобламоқда.

“Ставкани ошириш инфляция даражасини тартибга солиш учун яхши воситадир, чунки у одамларни пул сарфлашга ёки уни тежашга ундайди. Шунинг учун, МБ қарори бир маънода тўғри ва кутилган қарор”, - дейди иқтисодчи Отабек Раимов.

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев ҳам Марказий банк қарорини тўғри деб ҳисоблайди:

“Бу тўғри. Россия ставкани 20 фоизга кўтарган. Пул массасини кредит олишни камайтириш йўли билан чеклаш ,дейилади буни.

Шунда сўм озроқ бўлиб долларга талаб камаяди, доллар курси барқарор бўлади”, - дейди Жубаев.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам ўз баёнотида кўрилган чоралар ортидан Ўзбекистонда яқин кунларда АҚШ долларининг расмий курси туша бошлашини башорат қилган.

“Мамлакатда валюта алмашув курсининг кескин тебранишларини олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида “нейтраллик тамойиллари” доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажми ҳам оширилади. Ўзбекистонда яқин кунларда АҚШ долларининг расмий курси тушишга бошлайди”, - дея айтган Нурмуротов.

Марказий банк фоиз ставкасини ошириши ортидан доллар қурси тушган. 18 март куни 1 АҚШ доллари 11 500 сўмни ташкил қилди. Бу бир кун аввалгига қараганда 300 сўмга камдир.

Ўзбекистонда ўтган ўтган бир ҳафта ичида озиқ-овқат нархлари қарийб 10 фоизга қимматлади.

“Иқтисодни барбод қиляпсиз!”

Айни пайтда ўзбекистонлик иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ҳукуматнинг молия-иқтисод учун масъул комплекси раҳбарларини миллий валюта қадрсизланишига йўл қўйиб берганликда айблаб чиқди.

17 март куни Facebook саҳифасида Абдуқодиров “сўмнинг сабабсиз қулашида ифодаланган аҳмоқгарчиликни бас қилинг!” дея ҳукумат иқтисодий блокига мурожаат қилди.

“Сиз мамлакат учун оғир кунларда ўзингизни масъулиятсиз бошқарувчилардек тутасиз - тадбиркорларга муаммо яратасиз ва қарорларингиздан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилиш учун ҳеч нарса таклиф қилмайсиз!

Сизнинг нотўғри пул-кредит сиёсатингиз (хорижий валютадаги кредит ставкалари пастроқ ва сўмдаги кредитлар чекланган) туфайли хорижий валютада кредит олишга мажбур бўлган минглаб корхоналар бор. Тижорат банкларида кредитлар қолдиғининг 25% дан 50% гача бўлган қисми хорижий валютада бўлади.

2022 йил 1 март ҳолатига барча банкларнинг кредит портфелининг қолдиғи 324, 1 триллион сўмни ташкил этди, уларнинг қанчаси хорижий валютада эканлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ. Қандай бўлмасин, бу кредитлар тўловчилар учун 2 кун ичида 8-10% қимматлашди ва биз бу юқори харажатларни тўхтатиш истагини сизларда кўрмаяпмиз?”, - деб ёзди иқтисодчи.

Абдулла Абдуқодировга кўра, ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо салбий салдоси 8, 85 миллиард АҚШ долларини ташкил этган, мамлакат иқтисодиёти ушбу салбий салдони қоплаш учун 8-10 фоизга кўпроқ тўлаши керак бўлади.

“Агар асосий таркибий қисмлардан бири – ватандошларимиздан хориждан тушумлар камайиб, экспорт имкониятлари қисқариши мумкин деб ҳисобласак, шундай шароитда Марказий банк салбий тўлов балансини қандай қоплашни режалаштирмоқда?!“, - деган саволни қўяди иқтисодчи.

Охирги уч ҳафта ичида рус рубли АҚШ доллари ва еврога нисбатан қарийб икки баравар қадрсизланди.

Рус рублининг кескин қадрсизланиши ортидан Россиядаги меҳнат муҳожирлари даромадлари хорижий валюта ҳисобида деярли икки баробарга камайган.

Жаҳон банки хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми бу йил, умумий ҳисобда, 21 фоизга камайишини башорат қилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки геополитик рисклар мамлакат миллий валютасига қандай таъсир кўрсатаётгани, Россияда рублнинг қулаши, банкларда доллар ҳамда евро сотишга чекловларнинг Ўзбекистонга пул жўнатмалари оқимига таъсири борасида бирон тадқиқот ёки статистикани эълон қилганича йўқ.

XS
SM
MD
LG