Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:10

Жанубий Кореяда икки ўзбек паралимпиадачи "жинсий тегажоғлик"да айбланмоқда


Осиё-Океания очиқ чемпионати Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколари берувчи муҳим халқаро мусобақа эди.
Осиё-Океания очиқ чемпионати Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколари берувчи муҳим халқаро мусобақа эди.

Жанубий Кореяда пара пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон жамоасининг икки аъзоси жинсий тегажоғлик айби билан маҳкамага тортилмоқда.

Ўзбек спортчилари билан боғлиқ жиноят иши тафсилотлари айбланувчилар - А.Б ва Н.Д (Озодлик айбсизлик презумпцияси важидан уларнинг тўлиқ исм-шарифларини эълон қилмаяпти-таҳр.) лар ҳибсга олинганидан икки ой ўтиб ўртага чиқмоқда.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси бу борада ҳеч қандай расмий маълумот бермаган. Озодлик манбалари қўмита ҳодисани яширишга уриниб келганини иддао қилмоқда.

Озодликнинг бу борада расмийлардан изоҳ олиш уриниши ҳозирча натижа бермади.

Икки ойдан буён ҳибсда

Ҳодиса Жанубий Кореянинг Пхёнтхэк шаҳрида пара пауэрлифтинг бўйича 14-20 июнь кунлари бўлиб ўтган Осиё-Океания очиқ чемпионати пайтида содир бўлган.

Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколари берувчи мусобақанинг охирги куни пара пауэрлифтинг бўйича Австралия терма жамоасининг икки аъзоси ўзбек спортчилари ўзларига нисбатан жинсий тегажоғлик қилганликда айблаб, маҳаллий полицияга шикоят қилган.

Полиция ўзбек терма жамоасининг беш нафар спортчисини ҳибсга олган, кейинчалик улардан уч нафари қўйиб юборилган.

Икки нафар спортчи - А.Б ва Н.Д икки ойдан кўпроқ вақтдан буён Жанубий Кореянинг Пхёнтхэк шаҳри прокуратураси ҳибсхонасида қолмоқда.

Жиноят иши тафсилотлари билан таниш Озодлик манбасига кўра, жинсий тегажоғлик қурбони бўлгани тахмин қилинаётган икки австралиялик параатлет аёллар ўзбек спортчилари уларнинг хоҳишига зид тарзда “баданини ушлагани”ни иддао қилган.

Ўзбек спортчилари эса, бу уларнинг розилиги билан бўлганини айтиб, айбларни рад этишмоқда.

“Бу ҳақда ёзманг!”

Пхёнтхэк шаҳри прокуратураси мулозимининг Озодликка айтишича, ўзбек спортчилари устидан илк маҳкама жараёни 24 август куни бўлиб ўтган.

Озодлик манбасига кўра, Сувон минтақаси судининг Пхёнтхэк шаҳар бўлимида маҳкаманинг айбланувчилар иштирокида ўтган илк мажлиси қисқа бўлган ва унда ҳеч қандай ажрим чиқарилмаган.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилган спортчилардан бирининг қариндоши Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик спортчилар икки ойдан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, мураббийлар ҳодисани жамоатчиликдан мутлақо сир сақлаб келаётганини иддао қилди.

Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси расмийлари эса ўзбек спортчиларининг Жанубий Кореяда ҳибсга олиниши ва уларга қарши айбловлар борасида сукут сақламоқда.

Паралимпия қўмитаси матбуот котиби Малика Муродова Озодлик билан суҳбатда ҳодиса ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Озодлик боғланган Пара пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийларидан бири эса ҳодисани ёритмасликни тавсия қилди.

“Спортчиларимизга туҳмат бўляпти. Икки ойдан бери Кореядаман, шуларни иши билан шуғулланяпман. Уларни қамоқдан тез кунда чиқарамиз, сиздан илтимос, бу ишга аралашманг”, - деди ўзбек терма жамоасининг исмини айтмаган мураббийси.

Кейинроқ қамалган ўзбек спортчиларидан бирининг отаси ҳам Озодликка телефон қилиб, ҳеч нарса ёзмай туришни илтимос қилди.

“Мен виза олдим, ўзим Кореяга кетяпман, ўғлим гуноҳсиз, яқинда чиқади. Илтимос қиламан, бу ҳақда ёзманг”, - деди спортчининг отаси.

Австралия Паралимпия қўмитаси вакили Озодликка жинсий тегажоғликнинг ҳар қандай кўриниши қабул қилиб бўлмас ҳол экани, лекин Жанубий Кореядаги ҳодиса бўйича тергов давом этаётгани сабаб ҳозирча матбуотга бирон баёнот бера олмаслигини айтди.

Муҳим халқаро мусобақа

Жанубий Кореянинг Пхёнтхэк шаҳрида бўлиб ўтган пара пауэрлифтинг бўйича Осиё-Океания очиқ чемпионати Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколари берувчи муҳим халқаро мусобақа эди.

Унда қитъанинг 26 та давлатидан 300 га яқин спортчи иштирок этди.

Ўзбекистон терма жамоаси ушбу мусобақада 2 та олтин, 10 та кумуш ва 10 та бронза билан жами 22 та медални қўлга киритган.

Осиё-Океания очиқ чемпионатида Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида Хитой ва Эрондан сўнг 3-ўринни эгаллади.

Токио-2020 Паралимпия ўйинларида эса ўзбекистонлик спортчилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллашганди.

Ўзбек паралимпиячи қиз ўз отасини қандай рози қилди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:30 0:00

Озодликка маълум бўлишича, Жанубий Корея қамоғида ушлаб турилган спортчиларидан бири чемпионатда кумуш медални қўлга киритган.

Айбдор деб топилгани тақдирда, спортчи кумуш медалидан маҳрум этилиши ва Ўзбекистон жамоаси таркибида пара пауэрлифтинг бўйича Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашиш имкониятидан ҳам маҳрум қилиниши мумкин.

“ Ўтган ҳафта Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон жамоаси 51та олтин медал билан қайтди. Аввалроқ шахматчиларимиз Ҳиндистонда биринчиликни олиб қайтишди. Шундай бир пайтда бу кўнгилсиз ҳодиса ўртага чиқиб келса, анча одамнинг “калласи кетиши” тайин, шунинг учун Ўзбекистон Паралимпия расмийлари буни қаттиқ сир тутишаётган бўлишлари мумкин”, - дейди халқаро спорт тадбирларини ёритиб келадиган ўзбек журналистларидан бири.

Жанубий Корея жиноят қонунчилигида жинсий тегажоғлик учун камида 10 йиллик қамоқ жазоси ёки 15 миллион вон (қарийб 11 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган. Лекин амалда жарима билан қутулиш деярли имконсиз экани айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG