Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:28

Мирзиëев “Ит ўғри” деб атаган МХХ раиси ўринбосари, генерал Тошпўлатов ҳибсга олинди


Иллютратив сурат
Иллютратив сурат

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари, 53 яшар генерал Шуҳрат Тошпўлатов устидан жиноят иши очилган. Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон прокуратураси ва ИИВ даги Озодлик суҳбатлашган мулозимларнинг айтишича¸ Шуҳрат Тошпўлатов Республика ҳарбий прокуратураси сўровига кўра, февралнинг охирида ҳибсга олинган.

Озодлик суҳбатлашган прокуратура ходимига кўра¸ “Тошпўлатов февраль охирида Тошкент харбий судининг ëпиқ мажлиси қарорига биноан эҳтиëт чораси сифатида ҳибсга олинган”

Ички ишлар вазирлигида ишловчи мулозимга кўра, “генерал Тошпўлатовни ҳибсга олиш ҳақидаги харбий суд маҳкамаси 26 февраль куни ўтказилган".

Унинг яна айтишича¸ “Тошпўлатов бир умрга қамалган МХХнинг собиқ раис ўринбосари генерал Шуҳрат Ғуломов жиноят иши доирасида” ҳибсга олинган.

Тошпўлатовга нисбатан Жиноят кодексининг айнан қайси моддаси асосида айблов қўйилгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Озодлик Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси билан 14 март куни боғланганида¸ ўзини таништирмаган мулозим бундай маълумот ошкор қилинмаслигини айтиш билан кифояланди.

Шуҳрат Жумаевич Тошпўлатов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 31 июлдаги №ПҚ-3163 сонли қарори билан Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари ва Тошкент вилоят МХХ бошқармаси раҳбари вазифасини бажариб келаëтган эди.

Тошпўлатов бундан олдин МХХнинг Сурхондарë ва Жиззах вилоят бошқармаларида ишлаган.

Озодлик суҳбатлашган Бош прокуратура мулозимига кўра¸ Шуҳрат Тошпўлатов 2018 йил январида ишдан олинган.

Президент ғазабига дучор бўлган Тошпўлатов

Ўзбекистон президенти 19 январь куни Қизириқ туманида Сурхондарë вилоят фаоллари билан ўтказган учрашувида МХХ раисининг уч ўринбосари¸ жумладан Шуҳрат Тошпўлатов ишдан олинганлигини айтган эди.

- Учта муовинни ишдан олиб ташладим, СНБ нинг муовинларини. Кеча мана иккитасига қўл қўйдим. Сизларда ҳам биттаси ишлаган Тошпўлатов деган¸ у ҳам ит ўғри. Буларни ғўдайишлари бизнинг давлатга жуда оғир тушди. Сизларда ишлаб кетган битта ноинсоф ватан ҳиëнатчиси бўлиб мана бутун умр қамоққа тушди. Ғуломов деган ноинсоф. (Гап 2017 йилгача Ўзбекистон МХХ раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Ўзбекистон қаҳрамони Шуҳрат Ғуломов ҳақида кетмоқда - Таҳр.) Ўшанинг илдизлари бор бу ерда, ҳалиям бор. Шунинг учун буларнинг илдизларини Тошкентда ўрганиб келиб ҳаммасини ишдан олдим¸ деган эди Шавкат Мирзиëев.

"Қозиқ" лақабли МХХ зобити

Мирзиëев ўз нутқида Сурхондарëда ишлаган МХХ зобитлари дастидан тадбиркорларнинг чет элга қочиб кетганлигини таъкидлаган эди. Озодлик айнан Шуҳрат Тошпўлатов Сурхондарëда ишлаган пайтда зулм кўриб Туркияга кетиб қолган ўзбек тадбиркори билан суҳбатлашди. Исми сир қолишини истаган бу тадбиркорнинг айтишича, Тошпўлатов очкўзлиги ва шафқатсизлиги билан от чиқарган:

- Тошпўлатов асли қашқадарёлик, лақаби "қозиқ". Қамашида ака-ука тадбиркорлар бор эди. Эрондан мол олиб келиб Сурхондарё ва Қарши бозорида сотарди. Тошпўлатов уларнинг бор мол-мулкини тортиб олди ва ўзларини жиноий жавобгарликка тортиб қаматиб юборди. Укасидан катта доля сўради. Бермагандан кейин акасининг кўзича укасини қозиққа ўтқиздирган эди. Ўшандан кейин "қозиқ" деган лақаб олди,- деди суҳбатдош.

Сурхондарëлик яна бир тадбирорнинг айтишича¸ “Вилоятдаги мол бозордан тортиб деҳқон бозори, қурилиш бозори, ароқ заводи ва нефт базалар назорати” Тошпўлатов қўлида бўлган:

- Ҳаммаси унинг қўлида эди. Тадбиркорларни унинг номи билан қўрқитиб ўлпон ундиришар эди. Чироқчининг собиқ ҳокими Равшан Комиловнинг жиноий ишини 100000$ га ёпиб берганидан кейин яна қутурди. Президент бекорга “ит ўғри” деб айтмади. Оддий ўғри эмас эди у¸ деди тадбиркор.

Устидан жиноий иш очилиб, ҳибсга олинган генерал Тошпўлатов 2002 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов фармонига биноан “Жасорат” медали билан мукофотланган эди.

XS
SM
MD
LG