Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:41

МХХ "Бродвей"даги улкан биносини бўшатаётгани хабар қилинди


Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) марказий аппарати ходимлари Тошкент шаҳар, Матбуотчилар кўчаси ва халқ “Бродвей”, деб атайдиган Сайилгоҳ кўчаси ўртасида жойлашган бинодан кўчмоқда. Бу ҳақда хабар қилган Uzmetronom.сom сайтига кўра, МХХ марказий аппарати шаҳар четида қурилиб, фойдаланишга 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни”да топширилган бинода жойлашади.

Uzmetronom.сomнинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, МХХ бўшатаётган улкан бинони раҳбарияти ИИВ ходимларидан шакллантирилган Миллий гвардия эгаллайди.

Бундан ташқари Озодликнинг Тошкентдаги норасмий манбаси хабар қилишича, МХХнинг Тошкент шаҳар, Юнусобод туман, Гвардейский кучасида жойлашган тергов изолятори ёпилиши хақида гап бормоқда. Лекин Озодликда бу хабарнинг расмий тасдиғи йўқ.

Озодлик куни кеча Тошкент ҳукуматига яқин бир неча мулозимдан олинган маълумотларга таяниб, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бутунлай тугатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу бошқармани тугатиш ҳақидаги расмий буйруқнинг ким томонидан¸ қачон чиқарилгани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Бундай буйруқ борлиги ва унинг ижроси дарҳол бошланганини билдирган ҳукуматга яқин мулозим¸ МХХнинг кўчадаги "пистафурушдан тортиб Бош вазиргача - барчани коррупция сиртмоғи билан террор қилиб келган бошқармаси" расман тугатилганини иддао қилди.

МХХ раиси Рустам Иноятов ишдан олинган 31 январь кунги чиқишида президент Мирзиëев “махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш”ни буюрган эди.

Тошкент ҳукуматига яқин мулозимлар Озодликка бу топшириқ асосида МХХ таркибида сара қуролли бўлинмаларнинг Ички ишлар вазирлигига қайтарилганини хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG