Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:18

Андижонда ўқитувчилар ўрнига ўқувчиларнинг ота-оналари пахта теришга мажбурланмоқда


Андижонда мактаб ўқувчиларининг ота-оналари пахтага чиқишга мажбурланмоқда. Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Андижон ҳокими ҳар бир мактаб директорига элликтадан теримчи топишни тайинлаган. Аҳолини теримга боришга кўндиролмаган директорлар эса ўқувчиларнинг ота-оналарига “пахтага чиқасан”, дея босим ўтказмоқда. Вилоят ҳокимлиги мулозими мактаб директорларига 50 нафардан теримчи топиш ҳақида топшириқ берилганини тасдиқлади.​

Исми сир қолишини истаган андижонлик Озодлик билан суҳбатда фарзандлари ўқийдиган мактаб директори унга ўн кунга ётоғи билан пахтага боришни, агар боришга имкони бўлмаса 10 минг сўмдан 10 кунлик терим учун 100 минг сўм пул беришни сўраганини айтди.

- Болаларимни директори келди, “ё пахтага бориб териб берасан, ё 10 кунлик ётоққа одам ёллайсан”, деди. “Мен ишлайман, хотиним ҳам ишлайди боролмаймиз, теримчи ёллаб беришга ҳам имкониятимиз йўқ, болаларни формасига шунча пул кетди, ўтган йилда қишда совуқда уйни трубалари ёрилиб кетди, 100 минг сўм беришга шароитимиз йўқ”, десам, мактабни директори “эртага мактабни битирадиган болангга ёрдам қилмайсанми, боланг мактабни битиролмай қоладими”, дегандай гапиряпти-да менга, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган андижонлик.

Андижонлик бошқа ота-оналар ҳам мактаб директори уларни йиғиб, пахтага чиқишга ундаганини айтишди.

- Кеча мактаб директори ҳамма ота-онани йиғиб, мажлис ўтказди. Мана ўқитувчилар пахтага чиқмасин, деб жар солдиларинг, энди ўқитувчилар чиқмайди, ўрнига сизлар чиқасизлар. Бекор ўтирганларни ҳаммаси пахтага чиқиши керак, иши борлар пахтага чиқадиганларни нон-понига пул бериши керак, деди. Шу ерни ўзида, ким пахтага ким пул беради, рўйхати тузилди, - деди Андижон шаҳрида яшовчи ота-оналардан бири.

Андижон вилоят ҳокимлигининг исми айтилмаслиги шарти билан гапирган мулозими Озодликка мактаб директорларига 50 нафардан теримчи топиш ҳақида топшириқ берилганини тасдиқлади.

Лекин, ҳокимлик мулозими пахта терими учун ота-оналардан пул йиғиш ҳақида буйруқ бўлмаганини айтди.

- Мактаб директорларига фақат теримчи топиш айтилган. Бунинг учун ота-оналардан пул сўраш - бўлмаган гап, - деди мулозим.

- Бу йил ўқитувчилар пахтага жалб қилинмади, шунинг учун директорлардан теримчи топиш сўралди-да, улар чиқяпти, асосан уйда ўтирадиганлар чиқяпти, чунки далани ўзида ҳар бир кило учун 500 сўмдан пул беряпти уларга, - деди исми сир қолишини истаган ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонда талаба, ўқитувчи ва шифокорлар ўтган ҳафтада пахта теримидан қайтарилгач, аксар вилоятларда мактаб ва коллеж директорлари маҳалла фаоллари билан бирга уйма-уй юриб теримчилар рўйхатини тузишга киришган.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 22 сентябр куни ўтказилган мажлисда даладан қайтарилган талабалар ўрнига энди уйда ишсиз ўтирганлар пахтани теришини айтган эди.

-Ҳурматли мактаб директорлари, боғча мудирлари сизлар ишингизни қилинглар, лекин маҳаллада эшикма-эшик юриб, менга одам жалб қилиш бўйича ҳаммаларингиз гуруҳ бўлиб юрасизлар. Маҳалладагилар чиқинг уйдан, ишсиз ўтирибсиз ҳамманг, чиқинг далага, ўн кун терсанг 400 минг сўм, 20 кун терсанг 800 минг сўм”, - деган эди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда пахтага одамлар мажбурлаб чиқарилишини танқид қилиб келади.

Хориждаги ўнлаб ширкатлар мажбурий меҳнат сабаб ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

XS
SM
MD
LG