Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:10

Европарламент ўзбек текстил маҳсулотлари учун Европа эшикларини очмоқда


Европа парламенти 14 декабрь кунги мажлисида Ўзбекистондан импорт қилинаётган пахта ва текстил маҳсулотларига солиқни камайтириш ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун овоз берди. Европарламентнинг бундай қарор олишига Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнатидан фойдаланилмаётгани ҳақидаги хулосаси туртки бўлган.

2011 йилнинг декабрида Европарламент Ўзбекистон пахта саноатида болалар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ва Халқаро меҳнат ташкилотига бу юзадан текширув ўтказишига рухсат берилмаётгани боис Ўзбекистондан импорт қилинаётган пахта ва текстил маҳсулотларига солиқни камайтириш ҳақидаги таклифни кўпчилик овоз билан рад қилганди.

Европа парламенти депутатларининг ўша пайтдаги резолюциясида “Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини кескин қоралаган” ва “президент Ислом Каримовни Халқаро меҳнат ташкилотига болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақидаги маълумотлар юзасидан мамлакатда текширув ўтказишга рухсат беришга чақирилган” эди.

Бундай чақириқлар ортидан Ўзбекистон ҳукумати 2015 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини пахта далаларига киритди. Уларга ўнта вилоятда пахта теримчилари билан суҳбатлар қилишга рухсат берди.

Халқаро меҳнат ташкилоти ўтган йили Ўзбекистоннинг 250 дан зиёд пахта даласида мониторинг ўтказди, 10 мингга яқин одам билан суҳбатлар қилди.

Ташкилот Ўзбекистонда қарийб бир ой ўтказган мониторинги натижасида болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнатдан систематик фойдаланганликнинг аниқ далил-исботи топилмаганини эълон қилди.

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг ишонишича, Европарламент Ўзбекистондан импорт қилинаётган пахта ва текстил маҳсулотларига солиқни камайтириш ҳақида қарор олишига Халқаро меҳнат ташкилотининг ана шу хулосаси асосий сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Европа Парламенти депутатлари ушбу протоколни ратификация қилиш бўйича қарорини изоҳлар эканлар улар 2011 йилдан буён Ўзбекистон пахта соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилгани, жумладан ҳукумат болалар меҳнатидан кенг кўламда фойдаланмаётгани ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга киришгани билан изоҳламоқдалар”, - дейди Умида Ниёзова.

Айни пайтда Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнат сақланиб қолмоқда.

Кейинги йилларда расмийлар йўқотилган ёш болалар меҳнати ўрнини тўлдириш учун вояга етганлар меҳнатидан янада кўпроқ фойдаланмоқда.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, ўтган йилги пахта мавсумида Ўзбекистонда бир миллиондан ортиқ одам пахтага мажбурий сафарбар этилган.

Умида Ниёзованинг айтишича, Европарламент депутатлари Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммосидан хабардор.

“Европарламент депутатлари билан қилган шахсий суҳбатларимдан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, улар Ўзбекистонда пахта секторида мажбурий меҳнат ҳал этилмаётган катта муаммо эканини билишади. Айни пайтда улар Ўзбекистонда ижобий қадамларни ҳам тан олиш керак ва бундай эътироф ҳукуматни тўғри йўналишда ҳаракатланишга рағбатлантиради, деган ишончда”, - дейди Умида Ниёзова.

Шу ой бошида Ўзбекистон-Германия форуми “Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнат” номли ҳисоботини эълон қилди.

- Бизнинг хулосамиз шуки, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан систематик ва кенг кўламда фойдаланилмаса-да, пахта теримига одамларни мажбурий сафарбар этиш тизими мутлақо ўзгаришсиз қолмоқда. Айниқса қишлоқ жойларида мактаб ва коллежлар пахта терими даврида номига очиқ бўлади, чунки ўқитувчилар пахтага сафарбар этилади, - дейди Умида Ниёзова.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот якшанба куни Европарламентни Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга кўз юмувчи ҳужжатни имзоламасликка чақирганди.

“2011 йил Ўзбекистонда кенг тарқалган мажбурий меҳнат туфайли Европа Парламенти мазкур протоколга тўсиқ қўйган эди. Агар парламент бу тўсиқни олиб ташласа, Ўзбекистон пахтаси нархи тушади ва натижада ўзбек пахтасини Европа бозорларида сотиш осонлашади”, дейилган ташкилот баёнотида.

Европа Парламенти протоколни маъқулласа, Тошкент учун бу жуда қўл келади. Парламент овоз беришдан аввал жорий йилги пахта теримидаги қонунбузарликларни, жумладан, уларни амалга оширишда ҳукумат ўйнаган ролни кўрсатувчи далилларни яқиндан кўриб чиқиши керак” дейилади Халқаро Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг якшанба кунги баёнотида.

XS
SM
MD
LG