Ўзбекистондаги барча пахта заводларида пахтани тортиш учун электрон тарозилар ҳамда хом ашё сифатини баҳоловчи ускуналар мажмуи ўрнатилди. Тарозилар ва сифат ўлчагичларда акс этадиган маълумотлар мамлакат бўйлаб ягона мониторинг базасига йиғилади. Бу ҳақда Озодликка “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси мулозими билдирди. Айтилишича, ҳар бир вилоятда мониторинг марказлари ташкил этилган бўлиб, бундан мақсад чигит экишдан тортиб, ҳосилни топширишгача бўлган жараённи пухта назорат қилиш, бу жараёндан инсон омилини четлаштиришдир.
Фарғоналик фермер Озодлик билан суҳбатда 2016 йилги ҳосил электрон тарозиларда тортилгани, шу билан қўшиб ёзиш имкониятлари кескин чекланганини айтиб берди.
Ўзбекистонда пахта чигити ва бошқа ёғли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларини мониторинг қилиш марказлари тармоғи очилгани тўғрисидаги маҳаллий нашрлар хабарини Озодликка тасдиқлаган “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси мулозими тафсилотларни холдинг расмий сайтидан олишни тавсия қилди.
Расмий сайт ўз материалида “Холдинг компанияси томонидан ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий-ахборот технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани” тўғрисида ёзаркан, 2016 йилги ҳосилни йиғиб олиш мавсумидан бошлаб тайёрлов пунктларида пахта хом ашёсини қабул қилиш тартиби ўзгартирилгани тўғрисида хабар қилган.
Сайтга кўра, “мажбурий тадбирлар реестрига пахта хом ашёсини махсус маркалаш ҳам киритилиб, унда пахта қўлда ёки машинада терилганлиги қайд этилади”.
Фермер: Ўтган йилги ҳосилимизни электрон тарозида тортишди
63 гектар майдонда пахта етиштирадиган фарғоналик фермер Очил Бегматовнинг Озодликка айтишича, 2016 йилги пахта ҳосили пахта заводларида электрон тарозиларда тортилди.
Фермернинг айтишича, электрон тарозиларни ўрнатишдан мақсад, “қўшиб ёзишнинг олдини олишдир, заводга кирган ҳар бир прицеп ҳисобга олинади, улардаги пахтанинг икки марта тортилишига йўл қўйилмайди”.
Советдан қолган дард
“Қўшиб ёзиш” ёки "приписка" тушунчаси ўзбекистонликларнинг катта авлоди учун таниш тушунчадир. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақилликка эришиши арафасида гапирмаган сиёсатчи, ёзмаган журналист қолмаган эди.
Фарғоналик фермернинг айтишича, бу иллат сўнгги йилларгача ҳам мавжуд эди. Очил Бегматов заводларда электрон тарозилар ўрнатилгунича бўлган даврда қўлланилган қўшиб ёзиш схемаларидан бири ҳақда айтиб берди.
- Айтайлик, фермер шартномада кўрсатилган пахтани тўла топшира олмай қолди – плани тўлмади. Шундай пайтда у пахта заводи раҳбари билан келишади. Масалан, бундан 2 йил олдин 200 доллар эвазига пахта заводи фермернинг номига 1 тонна 5- нав пахта ёзар эди. Аслида ўша 1 тонна пахтанинг нархи 50 минг сўм бўлади. 5- нав пахта шу қадар сифатсиз, тола ҳам, чигит ҳам чиқмайдики, завод ўша қўшиб ёзилган пахтани кейин "чанг бўлиб учиб кетди", деб расмийлаштиради. Фермер 200 долларга 1 тонна пахта сотиб олади ва қўлига 20 минг сўм тегади. Лекин фермернинг ютуғи бошқа нарсада: у планини бажаради, ҳокимдан гап эшитмайди. Жон сақлаб қолиш учун, ердан қуруқ қолмаслик учун фермер ўша 200 долларни берар эди, деди Очил Бегматов.
Заводлар, комбинатлар, терминаллар...
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси расмий сайтига кўра, шу кунда мамлакатда 98 та пахта тозалаш заводи, 23 та ёғ-мой комбинат ва 21 та пахта терминали мавжуд.
Уларни капитал қайта таъмирлаш жараёнида янги авлод ускуналари комплексини ўзлаштириш ҳисобига модернизация ва реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК бўйича жами 27, 2 млн.АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилишини назарда тутувчи 34 та лойиҳа, жумладан «Ўзпахтасаноат» АЖда пахтани қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш бўйича 17,1 млн. АҚШ долларига тенг 12 та, «Ўзпахтаёғ» АЖда 10,1 млн. АҚШ долларига тенг 22 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган.
Мутахассис фикри
1982 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини “Тўқимачилик саноати машина ва аппаратлари” мутахассислиги бўйича битирган, пахта толасини чигитдан ажратиш бўйича илмий иш олиб борган, пахта тозалаш заводларида муҳандис ва товаршунос бўлиб ишлаган, ҳозирда Россияда яшаётган Мирза Анвар Ҳамидов Озодлик илтимосига жавобан мавзу юзасидан қуйидаги фикрларини билдирди (таҳрирсиз берилмоқда):
- Пахта соҳаси тизими ҳам коррупция қонунлари асосида тузулган. Агар, шартномага асосан давлат топшириғи ва қўшимча мажбуриятлар тўла-тўкис бажариладиган даражада ҳосил етиштирилиб, териб, топшириладиган бўлса, бу қонунлар ишламай қолади.
Шунинг учун фермерлар билан шартнома тузилаётган пайтдаёқ ҳокимият томонидан фермерларга босим ўтказилиб, ер шароитидан анчагина ортиқча ҳосил етиштириб, топширишга қўл қўйдириб олинади.
Куз келиши билан ҳосилнинг чўғига қараб, фермерларнинг пайтавасига қурт тушади. Пахта заводларида эса бу пайтга келиб пахта қабул қилувчи "товаршунос"лар ўрни олди-сотди қилиб бўлинган, фермер -товаровед - директор - ҳокимият - пахтасаноат тизими ишга тушган бўлади.
Шундай қилиб, фермер товаршунос билан "ака - ука" бўлиб олади ва қўшиб ёзиладиган (сотиладиган) ҳар тонна пахта хом ашёси учун нарх белгиланади. Бу гап қулоқма қулоқ барча фермерларга етиб боради. Тайёрлов пунктларида бир иккита пахта хирмони (бунт) пайдо бўлиши билан савдо қизиб кетади. Фермерлар товаршуносга пулини бериб, етмаган 40-50-60...тонна пахта учун нақд пул тўлаб, накладнойга қўл қўйдириб олиб кетади. Шу билан фермернинг муаммоси ҳал бўлди.
Энди муаммо товаршуносга ўтди. Товаршунос етмаган пахта ўрнини тўлдириш учун қабул қилинаётган пахтанинг намлиги ва ифлосланиш даражасини 5-6% ошириб кўрсатади, баъзи нўноқроқ товаршунослар эса тарозидан уришга ҳаракат қиладилар ва шарманда бўладилар. Шу билан бирга товаршунос директор билан келишиб, пахтадан олинадиган тола миқдори нормасини камайтириб олади ва бу ерда ҳам 5-6% ютади.
Пахта толаси ажратилиб, тойланиш процессида махсус сув пуркагичлар ўрнатилган бўлиб, улар прессга тушаётган толани қўшимча намлаб беради ва 200 кило чиқадиган тойпахта 220-230 кило чиқаверади. Шундай қилиб, қўшиб ёзилган, йўқ пахта ўрни тўлдирилади. Шунинг эвазига фермердан олинган пуллар юқорига қараб тақсимланиб бораверади.
Энди, электрон тарозилар ўрнатиш, пахта сифатини аниқловчи ускуналар билан бир тизимга боғлаб, инсон факторини йўққа чиқариш услуби таклифини кўриб чиқадиган бўлсак, биринчи навбатда нима бўлади? Бу тизим ишга тушиб, ҳамма ҳолат тўлиқ назоратга олинган тақдирда ҳам, "нимадир сабаб бўлади-ю", энг долзарб пахта қабул қилиш даврида бузилиб қолади.
Пахта заводига келаётган тракторлар карвони уч-тўрт километрга чўзилиб кетади. Бу ҳолат хабари ҳокимиятга етиб боради. Ҳоким завод директорига қўнғироқ қилиб, пахта компаниясини тўхтатиб қўйганлиги учун "обориб-обкелади". Кейин, то бу электрон тизимини таъмирлаб бўлгунча олдинги услубда вақтинча тортиб олишга рухсат берилади. Шу талотўпда юқорида кўрсатилган эски шаблонда ишларни битириб олишади....
Сарвар ака, мен бу ерда қисқа беришга уриндим. Бунинг орасида жуда кўп махинацияларни таърифлаб ўтирмадим. Тола экспорти билан боғлиқ коррупцион системани кейинроқ ёзаман....
Бу - Ўзбекистон пахта тозалаш заводларида муҳандис ва товаршунос бўлиб ишлаган Мирза Анвар Ҳамидовнинг Озодлик мухбирига йўллаган ëзма мулоҳазалари.
Бу жараëнга алоқадор барча муштарийлар ўз фикр-мулоҳазаларини пастдаги шарҳ катакчасига ëзиш орқали¸ жамоатчилик билан ўртоқлашишлари мумкин.