Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:25

Каримов прокуратура тизимидаги штатларни 20 фоизга қисқартирди


Ўзбекистон президенти 8 август куни имзолаган фармонга мувофиқ мамлакат прокуратураси тизимидаги ходимлар сони 817 нафарга қисқариб, 4754 нафардан 3937 нафарга тушириладиган бўлди. Айни пайтда Бош прокуратура терговчилари сони 23 нафарга кўпайтирилиб, фармонгача бўлган 199 нафардан 222 нафарга етказилади.

Президент фармони билан Бош прокуратуранинг; Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валюта билан боғлиқ жиноятлар ва жиноий фаолият орқали орттирилган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментининг ҳамда Ҳарбий прокуратура ва Ҳарбий прокуратура аппарати ташкилий-штат таркиби тасдиқланди.

Фармондан англашилишича, прокуратура органлари бошқарув персоналининг умумий сони (Ҳарбий прокуратура бундан истисно) шу пайтгача бўлган 4754 бирликдан 3937 бирликкача, шу жумладан Департаментдаги иш ўринлари сони ҳозирги 1193 тадан 1076 тагача туширилади.

Бош прокуратура таркибида шу пайтгача бўлмаган Бош прокурор ёрдамчиси лавозими жорий этилди.

Шунингдек, бир бошқарма – Ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш ва информацион хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда Вояга етмаганларга оид қонунлар ижросини назорат қилиш бўлими тузилади.

Солиққа оид қонунлар ижроси устидан назорат бўлими тугатилди.

Прокуратура тизимидаги бў ўзгартишлар ортида қандай сабаблар бор?

Бу саволга Ислом Каримов 8 августда имзолаган фармон матнидан аниқ жавоб топишнинг имкони йўқ.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармон ва қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармонида мамлакат прокуратурасига боғлиқ ўзгартишлар прокуратура “ташкилий-штат таркибини янада такомиллаштириш мақсадида” амалга оширилаётгани айтилган, холос.

Қорақалпоғистон республикаси прокуратураси мулозими Озодликнинг саволига жавобан президент қароридан хабари борлигини билдириш билан;

Жиззах вилоят прокуратураси вакили эса, Озодлик саволига жавобан прокуратура “вояга етмаганларга оид қонунлар ижросини назорат қилиш билан шу вақтгача ҳам шуғулланиб келган”ини таъкидлаш билан чекланди

Бош прокуратура расмий сайтида масалага ойдинлик киритувчи материал топилмади. Бош прокуратура ҳайъатининг 27 июлда ўтказилган сўнгги мажлиси тўғрисидаги хабарда ҳам штат қисқаришига оид масала кўрилгани айтилмаган.

10 дан ортиқ бошқарма ва 10 га яқин бўлими бор Бош прокуратура матбуот хизматида 5 ходим, 10 га яқин бошқарма ва бўлимлари бор Департамент матбуот хизматида 3 ходим ишлаши кўрсатилган президент фармонига илова қилинган штат жадвалларида.

Бу иккала матбуот хизматига ва Бош прокуратуранинг Ишонч телефонига кун давомида қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова Ўзбекистон ССР прокуратураси тизимида 1975 йилдан 1989 йилгача ишлаган. Эслашича, у ишлаган даврда прокуратура тизимида 2200 нафар атрофида мулозим ишлаган, холос.

Гулнора Оқилова прокуратура тизимида амалга оширилаётган штатлар қисқаруви ортида қандай сабаблар мавжудлиги тўғрисида конкрет фикр билдиришдан тийилди ва сабаблардан бири сифатида прокуратура ваколатларининг қисқаргани бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

- Прокуратуранинг ваколатлари қисқарган. Масалан, қамоққа олиш тўғрисидаги санкцияни эндиликда суд бермоқда, деди ҳуқуқшунос.

Озодликнинг Бош прокуратурага яқин манбасининг айтишича, “президент фармони туфайли ишсиз қоладиган 817 кишининг масаласи аллақачон ҳал бўлган – фармон чиққунча аттестация ўтказилган ва қисқартиришга ана ўша имтиҳондан ўтолмаганлар тушиши мумкин”.

Ўзбекистон прокуратураси ходимлари кейинги йилларда ўзининг хизмат вазифалари бир четда қолиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши устидан назоратчига айлантирилган.

Бундан икки йил олдин эса, ҳатто коллежлар ўқувчилари давомати ҳам мамлакат Бош прокурори ўйлайдиган масала даражасига кўтарилган эди.

2015 йил апрелида Бош прокурор Рашид Қодиров ишдан олиниб, ўрнига ўша пайтгача президент девонида Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланган.

XS
SM
MD
LG