Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:58

Туркияда ноқонуний муҳожирларга қарши рейдлар: Ўнлаб ўзбек ҳибсга олинган


Туркияни энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлган дунёнинг тўртта давлатидан биридир.
Туркияни энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлган дунёнинг тўртта давлатидан биридир.

Истанбул полицияси ўтган ҳафтадаги рейдлар пайти Туркияда ноқонуний яшаб келган ўнлаб ўзбекистонликни ҳибсга олган.

Ҳибсга олиниб, ватанига бадарға қилинганлардан бири наманганлик Дилшод Аҳмедов Озодликка Истанбулнинг Тузла мавзесидаги муҳожирларни вақтинча ушлаб туриш марказида 50 дан зиёд ҳамюртини кўрганини айтди.

“Ўтган ҳафта “Йени Кепе” бозорида руҳсатноманг йўқ, деб ушлаб, автобусга босиб олиб кетди. Тузладаги қамоқхонага олиб борди. У ерда жуда кўп одам афғон, сурияликлар. Элликдан зиёд ўзбек ҳам бор эди. Тузлада икки кун ушлаб мамлакат шарқидаги Малатияга олиб борди.

18 соат автобусда олиб кетди, қўлимизга кишан солиб. Олтмиш ёшли ўзимизни отахонлар бор эди. Икки ойдан бери ётган ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳаммани бир бўлимга қамаб қўйган. Шароит жуда оғир, чидаб бўлмайдиган холатда. 24 соатлаб оч қолиб кетдик. Ўзбекистон фуқароларига босим қаттиқ бўляпти. Жиноятчидан ҳам баттар муносабатда бўлишди биз билан. Ўзбекистон элчихонасидан илтимос қиламан, у ерда қолиб кетган ватандошларимизга эътибор қаратишни”, - Дилшод Аҳмедов.

24 ёшли Аҳмедов тўққиз ой олдин Туркияга келган. Мамлакатда бўлиш муддати ўтиб кетса-да у Ўзбекистонга қайтмаган.

“Истанбулда картон фабрикасида ишлар эдим. Чунки, Ўзбекистонга қайтиб борсам иш йўқ. Амаллаб юрувдик. У ерда ҳамма мен қатори ноқонуний. Кейин билсам полиция у ердагиларни ҳам йиғиштириб олиб кетибди”, - дейди Дилшод Аҳмедов.

Хоразмлик Азамат Матжонов ҳам Истанбулда кўп йиллардан бери ишлайди ва сўнгги пайтларда назорат ҳаддан ташқари кучайганини айтади.

“Кўпчилик бойларни уйида дом работник бўлиб ишлайди. Уч ойгача юриш мумкин Туркияда. Кўпчилик келиб, ишлаб қолиб кетяпти. Полиция шундайларни уйига кириб, қўлга оляпти. Мени уч танишимни ушлаб, депорт қилди.”, - дейди Азамат.

Муҳожирлар депортацияси ва уларга қўпол муносабатда бўлингани ҳақидаги иддаолар юзасидан Истанбул полициясидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Истанбулда яшовчи исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик журналистнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг Анкарадаги элчихонаси Малатиядаги ҳибсхонада ушлаб турилаётган ўзбекистонликлар масаласига эътибор қаратган.

“Мен бу масалада Истанбулдаги ўзбек консулхонасига савол билан мурожаат қилганимда, Анкарадаги элчихона бу бўйича шуғулланаётгани, Туркия Миграция хизматига хат билан чиқишгани ва ўзбек фуқаролари тақдирига беэътибор эмасликларини айтишди. Бундан ташқари консулхона расмийлари агар қайсидир ўзбек ватандоши ҳибсхонага тушиб қолгудек бўлса уларга телефон қилиб мурожаат этишлари мумкинлигини ҳам айтишди, чунки Туркияда ҳибсхоналарда телефон қилиш имкони бор”, - дейди журналист.

Муҳожир кўп, иқтисодий аҳвол ёмон

Туркияга киришда ўзбекистонлик фуқаролар учун виза талаб этилмайди. Бундай шароитда ўзбек ватандошлари уч ойдан ортиқ Туркияда қолишлари мумкин эмас.

Туркия энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлган дунёнинг тўртта давлатидан биридир.

Бу мамлакатда 50 мингдан ортиқ ўзбекистонлик расмий мақомга эга. Норасмий юрганлар, ҳужжатсиз ишлаётганлар сони бир неча баробар кўплиги айтилади.

Истанбулда яшовчи исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик журналист Озодликка Туркияда ноқнуний муҳожирларни овлаш келаси йил бўлиши кутилаётган сайловлар олдидан кучайганини айтади.

“10 миллионга яқини суриялик қочқин бор. Афғонистон, Покистондан жуда кўп. Ҳозир эса Украина ва Россиядан мигрантлар оқиб келяпти. Ишлагани келган ўзбекистонликлар эса доим кўп бу ерда. Бир томонда иқтисодий инқироз, лира тушиб, нархлар ошиб кетган. Уйлар нархи ошди. Халқ норози.

Сайлов олдидан Эрдўғонга босим кучайган.

Шунга хавфсизлик идоралари рейдлар ўтказяпти. Қисқа вақт ичида 17 мингга яқин одам ушланган. Полиция қаттиқ текширяпти. Муҳожирларни ушлаб турадиган марказларга сиғмаяпти. Бошқа шаҳарлардаги депорт марказларига олиб кетяпти. Ўзим гувоҳи бўляпман, жуда кўп ўзбекистонлик депорт қилиняпти”, - дейди журналист.

“Миграция тартибга солиниши керак!”

Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевик мамлакатга келган муҳожирларнинг вазияти атрофлича ўрганилмасдан депорт қилиниши инсонийлик тамойилларига зид, дейди.

“Туркияда улар меҳмон, уларни ушлаш ёки бадарға қилиш мамлакатимиз илгари суриб келаётган инсонийлик принципларига тўғри келадими? Орасида ёмон ниятда келганини, ИШИДчилари бўлса ушласин, яхши ниятда келганлари бўлса вазиятини обдон ўргансин, балки мамлакатига қайтиб борса хавф бордир”, - дейди турк фаоли.

Адем Чевик полиция қўпол муносабат қилгани юзасидан муҳожирлар судга арз қилишлари мумкинлигини айтади.

“Агарда қайсидир полициячи куч ишлатган ёки қўпол муносабат қилган бўлса муҳожирлар судга шикоят қилишлари мумкин. Бизда бунақа холатлар жазосиз қолмайди ва бу ишда кўмакчи бўламиз”, - дейди турк фаоли.

Истанбулда яшовчи журналистнинг айтишича, Туркияда ноқонуний муҳожирликка қарши рейдларга қарамай, ўзбекистонликларнинг оқими камаймайди.

Меҳнат миграцияси масаласи Тошкент ва Анқара ўртасида қайта кўриб чиқилиши ва тартибга солиниши керак, дейди журналист.

“Туркия сериаллардаги Туркия эмас. Таниш-билишларидан бир нималарни эшитиб келиб қолишяпти, ноқонуний қолиб кетишяпти. Фабрикаларда ишлашади, 8-9 соатлаб ишлашади. Тилни билмайди, кейин муаммога юз тутади. Миграция давлатлар миқёсида қайта кўриб чиқилиши керак.

Чунки Ўзбекистонда ишсизлик бор экан, Туркияга келиш камаймайди. Дипломатия йўли билан тартибга солиниши керак”, - дейди журналист.

Дунёдаги энг катта сондаги қочқин бошпана топган давлат

Туркия ҳукумати сўнгги тўрт йил ичида миллионлаб суриялик қочқинни қабул қилди. Айни пайтда бу давлат дунёнинг энг катта сондаги афғонлар бошпана топган учта давлатидан бирига ҳам айланган.

Бир пайтлар миллионлаб суриялик қочқинлар учун эшикларни кенг очган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон энди “нажоткор” қиёфасини йўқотмасдан “меҳмондўстлик”дан халос бўлишга, миграция инқирозини ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.

Анқара ҳукумати шу ой бошида 1 миллион суриялик қочқиннинг ўз ватанларига ихтиёрий равишда қайтишига имкон берувчи лойиҳани эълон қилди.

Туркия ҳукумати Сурия шимолида инфратузилмаси ривожланган 100 мингта яқин уй қуриш ниятида. Бу ерда масжидлар, мактаблар, тиббиёт пунктлари, новвойхоналар, ижтимоий объектлар, болалар боғчалари барпо этилади.

Туркияда чиқадиган “Жумҳурият” нашрининг мамлакат Миграция хизматига таяниб хабар беришича, бугунги кунда Истанбулда 1 миллион 300 мингдан зиёд муҳожир қонуний истиқомат қилмоқда.

Бу муҳожирларнинг 542 минг нафари вақтинчалик ҳимоядаги сурияликлар, 763 минг нафари қонуний йўл билан мамлакатга кириб, яшаш рухсатномасини олган доимий муҳожирлардир.

Ўтган йили қайрийб 72 минг ноқонуний муҳожир Истанбул вилояти миграция бошқармаси томонидан жавобгарликка тортилган.

Булардан 23 072 нафари Истанбулдан депортация қилинган бўлса, 39 525 нафари депортация жараёнлари учун бошқа вилоятлардаги марказларга юборилган.

XS
SM
MD
LG