Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

“Уруш режаларимизни барбод қилди". Ўзбек тадбиркори Украина билан бизнеси ҳақида 


 БМТ маълумотига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳолидан камида 516 киши ҳалок бўлди.
БМТ маълумотига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери тинч аҳолидан камида 516 киши ҳалок бўлди.

Тошкентлик 45 ёшли тадбиркор Тоҳир Собиров беш йилдан буён Украинадан Ўзбекистонга иситиш радиаторларини импорт қилиш билан шуғулланиб келади.

Аммо Россиянинг Украинадаги уруши боис Bogen Alpha ширкати раҳбари Собировнинг бизнеси касодга юз тутган.

Оқибатда ўнга яқин доимий ва мавсумий ходимлари ишсиз қолган. Давлат ғазнасига ойига минглаб долларлик солиқ оқими тўхтаган.

Ўзининг айтишича, у билан ҳамкорлик қилган Харьковдаги иситиш радиаторлари ишлаб чиқарувчи корхона Россиянинг ракета ҳужумидан вайрон бўлган.

“Харьков вилоятининг Чугуев шаҳрида пўлат радиаторлар ишлаб чиқарадиган UTerm заводи бор. Завод Россиянинг град ракеталаридан ўққа тутилган. Заводга қанчалик зиён етганини билмайман. Мен билан ишлайдиган йигитлар уруш бошланганини илк кунлари поставкани вақтинча тўхтатиб турамиз, деб хат жўнатишганди. Ҳозир улар умуман алоқага чиқишмаяпти, уларга ҳам боғланиб бўлмаяпти”, - дейди тадбиркор.

Ўзбекистонлик тадбиркор Тоҳир Собиров.
Ўзбекистонлик тадбиркор Тоҳир Собиров.

Озодлик Харьковдаги U Term заводи сайтида келтирилган телефон рақамларига қўнғироқ қилди, лекин ҳеч ким жавоб бермади.

24 февраль куни Current Time нашри Россия кучлари Харьковнинг Чугуев шаҳрини Град ракеталаридан ўққа тутгани, снаряд ракеталари аҳоли жойларига келиб портлагани, шаҳар бомба ҳужуми оқибатида вайрон бўлгани ҳақида хабар берган эди.

“Уруш бизнес режамизни барбод қилди”

Тоҳир Собиров Украинадаги уруш узоққа чўзиладиган бўлса, бизнесини буткул ёпишга ёки бошқа давлатлардан ҳамкор излашга мажбур бўлишини айтади.

“Афсуски, уруш бизнес планимизни барбод қилди. Яхшиямки, бу иситиш мавсумига тўғри келмади. Шунинг учун форс-мажор вазият бўлмади. Менинг уларда, уларнинг эса менда пули қолиб кетмади. Бир нарсани биламанки, менинг муаммом украиналикларнинг кўргуликлари, улар ҳозир бошдан кечираётган фожиа олдида ҳеч нарса эмас. Улар ўз озодлиги, ўз ватани учун курашади, деб ишонаман”, - дейди Тоҳир Собиров.

Ўзбек тадбиркори Украинадан Ўзбекистонга йилига ўнлаб фурада иситиш радиаторларини импорт қилганини эслайди.

“Беш йил олдин бошлаганман бу ишни. Иситиш сезони пайти ойига 6-7 фурада радиатор келтирган пайтлар ҳам бўлган. Битта фурада 50 минг долларлик товар. Шундан 15 фоиз ҚҚС солиғи тўлаб келганмиз. Украиналиклар билан ишлаш осон. Россиядаги ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини қиммат таклиф қилишади. Туркиядан ҳам таклиф бўлган. Лекин, Украинани танлаганман, уларга олдиндан тўлов қилиб, хотиржам ишласа бўлади. Ғирромлик йўқ, вақтида келади. Чунки, мол, айниқса мавсум пайти сал кечикса, катта зарар кўрасиз”.

Тоҳир Собиров Россия ва Туркиядан таклифлар бўлаётгани, лекин Украинада вазият яхшиланишини кутишдан бошқа чораси йўқлигини айтади.

“Ҳозир пауза қилиб турамиз. Агар уруш тўхтамаса, бизнес ориентацияни Туркияга қаратишга тўғри келади. Россияда доллар кўтарилиб, Россия рубли қадри пасайгани у ердаги маҳсулотлар нархини ҳам тушириб юборди. Россиядан поставкани йўлга қўйсамми, деб ўйлаётгандим. Лекин, санкциялар сабаб у ерда аҳвол беқарор, ҳали-бери аҳвол яхшиланмаса керак. Туркияни ҳам ўйлаб турибмиз. Лекин Украинадан умидимиз катта. Ишимиз қайта изига тушиб кетишига ишоняпмиз”, - дейди Тоҳир Собиров.

Бошқа тадбиркорлар ҳам Украина компаниялари тақдим этиб келган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга келиши уруш сабаб тўхтаб қолганини айтишган.

Ўзбекистонлик ишбилармон Зафар Ҳошимов 8 март куни Facebook саҳифасида Украинадаги воқеаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётида келтириб чиқарадиган оқибатлари борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, арзон нархларда хизматларни украинлардан бошқа ҳеч ким тақдим этмаслиги ҳақида ёзди.

Айрим украин компаниялари эса, ҳарбий ҳаракатларга қарамасдан ўз хизматларини онлайн режимда тақдим этишда давом этишмоқда.

Ўзбекистон ва Украина савдо алоқалари

Украинанинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко Озодлик билан суҳбатда сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон ва Украина орасида ўзаро товар айланмаси икки баравар ошганини айтди.

“Мен икки йил олдин Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганимда икки давлат ўртасида ўзаро товар айланмаси 345 млн. доллар бўлган, ҳозир 747 миллион доллардан кўп. Кўряпсиз, рақамлар жиддий ўсган. Ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш ҳам режамизда бор. Ўзбекистон томонидан унга бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлик қилади. Тошкентда бизнес ҳамкорлик форумини ҳам ўтказишни режалаганмиз. Урушдан кейин буни албатта ўтказамиз”, - дейди Дорошенко.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Украина 2021 йилда товар айирбошлаш бўйича барча ҳамкорлар орасида 50-ўринни, МДҲ давлатлари орасида эса 7-ўринни эгаллаган.

Ўтган йили Ўзбекистондан Украинага экспорт ҳажми 231, 6 миллион доллар, Украинадан импорт эса 472, 4 миллион долларни ташкил этган.

Украина Ўзбекистонга дори воситалари, ярим тайёр металл буюмлари ва бошқа маҳсулотларни экспорт қиладиган дунёдаги тўққизинчи йирик савдо ҳамкор ҳисобланади.

2021 йилда Ўзбекистон корхоналари томонидан Украинага асосан мева-сабзавот маҳсулотлари – 31, 2 минг тонна (15, 2 миллион доллар), тўқимачилик маҳсулотлари – 51, 6 миллион доллар, азотли ўғитлар – 70 миллион килограмм (49, 2 миллион доллар), калийли ўғитлар – 41, 8 миллион килограмм (11, 6 миллион доллар) экспорт қилинган.

Ўз навбатида, Украина корхоналари Ўзбекистонга ўнлаб миллион долларлик дори-дармон, озиқ-овқат ва темир маҳсулотлари етказиб берган.

Украинанинг “Фармак” фармацевтика ширкати 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фармацевтика бозорида 2.3 фоизлик улуш билан бешинчи ўринни эгаллаган.

Украинанинг яна бир фармацевтика компанияси “Лекхим” 2023 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва лойиҳанинг биринчи босқичида 40 миллион долларгача сармоя киритишни режалаштирган эди.

Украинадаги уруш сабаб Ўзбекистонга дори-дармон ва саноат маҳсулотлари етказиб бериш ва лойиҳаларни амалга ошириш тўхтатилиши, икки давлат орасидаги савдо ҳажмини 2023 йилга қадар 1 миллиард долларга етказиш режаси эса узоқроқ муддатга кечикиши мумкин.

XS
SM
MD
LG