Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:46

Тошкентда 4 кунда 50 нафар ноқонуний "Яндекс Такси"чи ушланди


Тошкентда “Яндекс.Такси” мобил иловаси орқали йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга қарши рейдлар ўтказилди.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги мулозимининг Озодликка айтишича, “Яндекс.Такси”нинг Ўзбекистондаги мақоми аниқ эмас. Лекин лицензия олмасдан киракашлик қилиш ноқонуний фаолият ҳисобланади.

Сўнгги тўрт кун ичида ўтказилган рейдлар давомида "Яндекс.Такси" иловаси ёрдамида, лекин лицензиясиз ишлаган 50 ҳайдовчи ушланди.

Уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилди, машиналари жарима майдончасига киритилди.

Агентлик мулозими Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳрида 25 майдан буён ўтказилаётган рейдларда йўловчи ташишга рухсат берувчи лицензияни олмасдан “Яндекс.Такси” мобил интернет-серверидан фойдаланиб, таксичилик фаолияти билан шуғулланиб юрган эллик ҳайдовчи ушланганини билдирди.

- “Яндекс.Такси” иловасини телефонига юклаб олиб, лицензияси бўлмаса ҳам таксичилик қилаётганлар кўпайиб кетди. Ҳозир биз шуларга қарши рейдлар ўтказиб, ноқонуний таксичилик қилаётганларни ушлаяпмиз. Тўрт кунда элликтасини ушладик, - деди Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги мулозими.

"Яндекс.Такси" хизмати Ўзбекистон йўловчи ташиш бозорида ўтган ой фаолиятини бошлаган эди.

“Яндекс.Такси”нинг Москвадаги маркази вакили Озодлик билан суҳбатда ўзи ишлаётган ширкатнинг Тошкентда ушланган ноқонуний киракашларга алоқаси йўқлигини айтди.

- Биз ҳайдовчилар билан тўғридан-тўғри ишламаяпмиз. Маҳаллий ҳамкорлар бор, расман рўйхатдан ўтган, лицензияси бор ҳамкорлар билан ишлаймиз, - дейди “Яндекс.Такси”нинг Москвадаги маркази вакили.

“Яндекс.Такси” хизмати ғарб давлатларида кенг тарқалган Google мобил иловаси билан ишловчи UBER такси хизматига ўхшашдир.

Йўловчилар смартфон ёрдамида “Яндекс.Такси”га буюртма беришади.

Таксига буюртма бериш учун фақат мобил иловани очиш ва бориш керак бўлган жойни кўрсатиш кифоя.

Исми сир қолишини истаган тошкентлик ҳайдовчининг Озодликка айтишича, арзонлиги ва қулайлиги сабаб “Яндекс.Такси” йўловчиларнинг қизиқишини қозонган.

- “Яндекс.Такси”да белгилаган тариф бор. 3 километрга 2000 сўм. Кутиш 3 минутгача бепул. Ҳайдовчи мижоздан белгиланган тарифдан юқори ҳақ ололмайди. Шуниси мижозларга ёқяпти, - дейди ҳайдовчи.

Лекин, тошкентлик киракашнинг айтишича, ҳам лицензия олиб, ҳам “Яндекс.Такси” белгилаган талаб асосида ишлаш ўзини оқламаётгани сабаб кўпчилик ноқонуний ишлаяпти.

- Лицензия учун ойига 450-600 минг сўм тўлаш керак. “Яндекс.Такси” ҳам 20 фоиз комиссия олади. Шунинг учун кўпчилик “Яндекс.Такси” иловасини юклаб лицензия олмасдан ишлаяпти. 20 фоиз комиссияни тўлаб, одам ташияпти, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

“Яндекс.Такси” Ўзбекиситонда фаолиятини бошлаганидан бир ой ўтиб мамлакатдаги бошқа такси ширкатлари норозилигига учради.

Daryo.uz нашри хабарига кўра, Тошкентда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ўнлаб хизматлар Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ва Давлат рақобат қўмитасига Ўзбекистон ҳудудида "Яндекс.Такси"нинг ноқонуний фаолиятини тўхтатишни сўраб мурожаат қилган.

- Уларнинг Ўзбекистонда ҳеч қанақа идораси ҳам йўқ. Қандайдир иловани телефонига юклаб, лицензиясиз таксичилик қиляпти. Не честний бўляпти, - дейди Тошкентдаги "Karavan" такси ширкатининг ҳайдовчиси.

Маҳаллий таксичилар нонини яримта қилаётгани сабабли UBER такси хизмати ҳам кўпгина давлатларда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ширкатлар норозилигига учраган ва айрим давлатларда UBER тақиқлаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG