Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Каттақўрғонда ёш эр-хотин ис газидан ҳалок бўлди


Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани Каттакўрпа маҳалласида икки фарзанднинг ота-онаси бўлган эр-хотин ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлди. Уларнинг 5 ва 7 ёшли фарзандлари бувисиникида бўлгани сабаб омон қолган. Туман Ички ишлар бўлими фожиа юзасидан суриштирув олиб бормоқда.

Марҳум эр-хотиннинг қариндошларидан бири Озодликка 7 ноябр куни бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди.

- Ҳозир кунлар совиди. Қишлоқда отопления йўқ. Одамлар газ баллон билан ёки кўмир ёқиб уйини иситади. Эр-хотин газда ишловчи горелкани ёқиб ухлашган, қайтиб туришмаган. Икки ўғли етим қолди, - дейди марҳум эр-хотиннинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган қариндоши.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Каттақўрғон туманидаги бўлими мутахассиси Озодликка газда ишловчи сув иситиш ускунасига мўри ўрнатилмаганлиги ҳамда уйда ҳаво алмашиш туйнуги бўлмаганлиги оқибатида, табиий газ чала ёниши ва ис гази ҳосил бўлиши юзага келган бўлиши мумкинлигини айтди.

- Биз бу ҳодисани ўрганяпмиз. Дастлабки хулоса иситиш анжомларидан нотўғри фойдаланиш. Ҳозир биз аҳолига иситиш ускуналаридан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни қаттиқ тавсия қиляпмиз, озгина хато инсон умрига нуқта қўйиши мумкин, - дейди ФВВ мутахассиси.

Лекин совуқдан жон сақлаш умидидаги одамлар бу каби огоҳлантиришларга қулоқ солмаяпти.

Газ таъминотидан узилган ёки газ бормаётган қишлоқларда одамлар ўз билганича уйни иситиш йўлларини кўра бошлаган.

Ўзбекистонда истиш мавсуми кириши билан ис газидан заҳарланиш кўп бўлади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, шу ҳафта бошида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида бир аёл ис газидан заҳарланиб вафот этган.

"Пенсионер кампир икки нафар вояга етмаган набиралари билан бирга ухлаб ётганида уйи ошхонасига ўрнатилган газ ёрдамида иситиладиган сув иситиш мосламасидан (АГВ) сизиб чиққан ис газидан заҳарланган. Ис гази хонадан мўри чиқарилмаганлиги сабабли уй ичига тўпланган ва натижада кампир захарланиб воқеа жойида вафот этган, набиралари эса касалхонага ётқизилган", - дейилади ИИВ билдирувида.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида бир кечада бир оиланинг тўрт фарзанди ис газидан ўткир заҳарланиб вафот этганди.

Воқеадан сўнг ҳукумат махсус комиссияси тузилди.

Айни пайтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кириб келаётган иситиш мавсумида газ ва бошқа муқобил ёқилғи анжомларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига амал қилишни, қўлбола ва сертификатланмаган иситиш анжомларидан фойдаланмасликни талаб қилмоқда.

"Ис газидан заҳарланишдан ўзингиз ва яқинларингизни асранг", - дейди Озодлик суҳбатлашган ФВВ мутахассиси.

XS
SM
MD
LG