Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:42

ХТВ ота-оналардан "боламни масжидга юбормайман" деган тилхат олишни тақиқлади


Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги ўрта мактабларда ёппасига кузатилган тилхат олиш амали бу йил ҳам ёзги таътил арафасида оммавий тус олди.
Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги ўрта мактабларда ёппасига кузатилган тилхат олиш амали бу йил ҳам ёзги таътил арафасида оммавий тус олди.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг ота-оналаридан фарзандлари ёзги таътил кунларида масжид, диний таълим берадиган домла ва отинойиларга боришининг олдини олишга қаратилган тилхат олиш тўхтатилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мактаб директорлари, синф раҳбарлари мажбурий равишда ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунлари тўлиқ назорат қилишлари бўйича тилхат олаётгани ҳақида маълумот тарқаган эди.​

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан бундай мазмунда тилхатлар олиш нотўғри эканини тан олди.

Вазирликнинг 22 май кунги баёнотида бу иш мактаб директорлари ҳамда ўқитувчиларнинг ўзбошимчалиги бўлгани таъкидланган.

"Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунларида назорат қилишлари бўйича тилхат олишга кўрсатма берилмаганини расман таъкидлайди.

Бу иш мактаб директори ва синф раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатдир", – дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билдирувида.

Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги ўрта мактабларда ёппасига кузатилган тилхат олиш амали бу йил ҳам ёзги таътил арафасида оммавий тус олди.

Марғилон шаҳрининг 4-сон мактабида ота-оналардан олинган тилхат.
Марғилон шаҳрининг 4-сон мактабида ота-оналардан олинган тилхат.

Ота-оналар бундай мазмунда тилхатлар олиш Ўзбекистон қонунчилигига зид эканини айтиб, ижтимоий тармоқларда уларнинг суратларини эълон қилишганди.

Тилхатда "фарзандимни ёзги таътил давомида диний таълимот берадиган отинойи ва домлаларга бермаслик ва жиноятчиликни келтириб чиқарувчи компьютер ўйинларини ўйнамасликларига кафолат бераман", дейилган.

Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда ота-оналардан шундай тилхатлар олиб келинганини эътироф этди.

Лекин мулозим тилхат олиш ҳозир тўхтатилганини билдирди.

- Олинган, лекин ҳозир тўхтатилди. Ҳозир ҳамма мактабларга топшириқлар берилди, энди тилхат олиш бўлмайди, - деди Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими.

Намангандаги мактаблардан бирида ўқийдиган 2-синф ўқувчисининг ота-онасидан олинган тилхат.
Намангандаги мактаблардан бирида ўқийдиган 2-синф ўқувчисининг ота-онасидан олинган тилхат.

Фарғона ва Наманган вилоятидаги мактабларда ўтган йили ҳам ота-оналардан фарзандларини ёзги таътил кунлари масжидга юбормаслик ҳақида тилхатлар мажбурлаб олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

​Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармасининг исмини айтмаган мулозими ота-оналардан бу каби тилхатларнинг олинишига водийда ўз фарзандларини бепул диний тарбия беришни таклиф қиладиган домла ва отинойиларга берувчилар кўпайгани сабаб эканини айтди.

Мулозим Озодлик билан суҳбатда ота-оналарга фарзандларини қизиқиши бўйича тўгаракларга бериш тавсия этилганини қўшимча қилганди.

- Болам ёзда бекор юрмасин, ҳалол-ҳаромни тушунсин, деб фарзандларини ҳар хил отинойи, домлаларга бераётганлар кўп. Оқибатда фарзандлари ҳар-хил диний гуруҳларга қўшилиб кетаётгани ҳолатлари ҳам бўляпти. Ундан кўра, бола ёзда ҳунар ўргансин, ёзги лагерга борсин, деяпмиз. Бундан ташқари фарзандларини қаровсиз қолдириб, турли давлатларга чиқиб кетаётганлар бор. Уларга ҳам тушунтиряпмиз, - деганди Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси мулозими.

"Ота-оналардан бундай тилхатлар олишга ким буйруқ берган", деган Озодлик саволига Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими жавоб бера олмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мактабларда ота-оналардан фарзандларини диний таълимот берадиган отинойи ва домлаларга бермаслик ҳақида тилхатлар олинаётганини Озодлик билан суҳбатда танқид қилган эди.

- Ҳозир мамлакатда ёшларни ҳам диний маълумотли қилайлик, Худони танисин, ҳалол-ҳаромни тушунсин, жиноятга қўл урмасин, деган яхши гаплар бўлиб турибдию, бу гапдан мен ҳайрон қоляпман, - деган эди Абдуазиз Мансур бундан 1 йил муқаддам.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тилхатлар олиш ҳолатлари содир бўлганида ота-оналар мактаб вакилларига бундай ҳаракати нотўғри эканини тушунтиришлари лозимлигини билдирди.

  • Шундай хатти-ҳаракатлар юзасидан вазирликнинг 10-06 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш зарур.
  • ХТВ томонидан аниқланган ҳар бир ғайриқонуний ҳолат юзасидан мактаб директори, синф раҳбари ва мутасаддиларга нисбатан қонунчилик доирасида жазо чоралари кўрилади, - дейилади ХТВ баёнотида.

Ўзбекистондаги мактабларда ота-оналардан бу каби тилхатлар биринчи марта олинаётгани йўқ.

Илгари Ўзбекистондаги айрим мактабларда ота-оналардан "Фарзандимнинг мактабга келиши ва кетишини назорат қилишни ўз зиммамга оламан", -деган мазмунда тилхатлар олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Бундай ҳаракатлар ўқувчилар мактаб ташқарисида бўлган вақтда ўқитувчилардан жавобгарликни соқит қилиш учун қилиниши айтилади.

XS
SM
MD
LG