Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:12

OzodTarmoq: “Ильхом ” (Илҳом) театрини нега жойидан қўзғатаяпсиз?


Илҳом театри актёрлари саҳнада
Илҳом театри актёрлари саҳнада

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда айни кунларда жамоатчилик орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаëтган воқеа-ҳодисаларга берилаётган айрим мулоҳазалар эътиборингизга тақдим этилади. Воқеаларга берилаëтган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида fилология фанлари доктори, таниқли ёзувчи ва таржимон Улуғбек Ҳамдам 11 февраль куни Facebook саҳифасида эълон қилган постни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Матн таҳрирсиз берилмоқда.

Сарлавҳа, стилистика ва имло муаллифники.

--------------------------------------------------------------------------------------------

Нега халқнинг маданият, маънавият ўчоқларини бир-бир сўндираяпсиз? Санъатни, тарихни, маданияту маънавиятни билмайдиганлар, тўхтанг!..
Назаримда, бу саволлар, бу хитоблар менинг, мен кабиларнинг ўз-ўзига бераётган риторик сўроқларига ўхшайди...

Театрлар, кино уйлари, кутубхоналар, ўқув юртлари, маданият, маънавият, илм ўчоқлари, адабиёт... булар халқнинг ботиний устунларидир! Халқ дегани агар бор бўлса, шуларга суяниб ўрнидан туради, юради, нафас олади. У ўзининг ички борлиғини шуларда намоян қилади. Йўқса, исми бор, жисми бор, лекин ўзлиги йўқ, ботиний қиёфаси йўқ шарпага айланади-қолади...

Эслайман: 90-йилларнинг биринчи ярмида ўзбекнинг катта ёзувчиси Аҳмад Аъзам, адашмасам, “Ўзлик” деган кўрсатувига мени таклиф қилган, биз ҳозирги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси фонида айнан шу мавзуда суҳбат қурган эдик. Ўшанда Аҳмад ака мендан кетма-кет ёпилаётган кутубхоналарга муносабат сўраган эди.

Камина: кутубхоналарнинг ёпилиши жуда хавфли иш. Агар унинг ёпилишига китобхонларнинг камайиб кетгани рўкач қилинса, шу гапни таъкидлаб айтишни истайманки, ҳатто узоқ йиллар давомида кутубхоналарга битта ўқувчи кирмаса ҳам, уларни ёпиб бўлмайди! Чунки бугун қорин ташвиши билан андармон эканига қарамай, одамларнинг кўзлари очиқ кутубхоналарга тушганда, кўнгли тўлади, “бугун бўлмаса, эртага, мен бўлмасам, болаларим кутубхонага киришади-ку! Ўқиб одам бўлишади-ку! деган ўй билан яшайди.

Бу эса, жуда муҳим. Шунчалар муҳимки, оддий инсон ботинидаги моддият ва маънавият ўртасидаги мувозанатни тутиб туради. Йўқса, одамлар фақат ва фақат моддиятнинг кетидан эргашади, натижада жамиятдаги посонги бир томонга оғади. Олдинда эса, жарликка қулаш хавфи билан юзлашамиз, қабилида жавоб бергандим.

Бугун ўша гапларни яна такрорлайман: моддий фойда келтирмаётган бўлса ҳам, маънавият, илм, санъат ўчоқларини ёпиш ўта хавфлидир!
Ҳа, тушунаман, замон зўрники! Лекин қани энди сиз ҳам, эй бизнинг зўрлар, чинакам зўр бўлсангиз, сизларнинг ҳам фаҳму фаросатингиз миллатнинг маънавий илдизларига болта урмасликка етса!
Етмаса, келажак жазолайди. “Сен ўтмишга тўппонча билан ўқ узсанг, келажак сенга замбарак билан жавоб қайтаради” деганмиди Расул Ҳамзатов, худди шундай бўлади.

Бизнинг, юрт ойдинларининг (зиёлиларининг) вазифаларидан бири жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, уларга муносабат билдириш бўлса, мана шу битикни бир ёзувчининг театрлар, илму санъат ўчоқларининг кўчага аёвсиз ҳайдалишига қарши акс-садоси деб тушунгайсиз!

Мен зиммамга тушган вазифани, ўйлайманки, тўғри бажардим, агар сиз ҳам шундай бажарсангиз, “Илҳом” театри ўз ўрнида қолади, эй корчалонлар!..

XS
SM
MD
LG