Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:40

Озодлик Беларусда яна бир мухбири ҳибсга олинганини қоралади


Озод Европа/Озодлик радиоси Беларуснинг авторитар ҳукмдори Александр Лукашенко мустақил оммавий ахборот воситаларига босимни кучайтираётган бир пайтда яна бир мухбири Алесь Дашчинский ҳибсга олинганини қоралади.

Дашчинскийнинг қариндошлари Озодликка полиция уни 16 июль куни ҳибсга олинганини айтишди. Ўша куни мухбирнинг Минскдаги квартираси тинтув қилинган ва компьютери, телефони, қаттиқ диски, бир нечта хотира таёқчаси ва банк картаси мусодара қилинган.

Ўтган йил октябрь ойида мухбирнинг аккредитацияси бекор қилинган эди. Лукашенко ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган мунозарали сайловдан бери мухолифат ва эркин оммавий ахборот воситаларини нишонга олиб келади.

Дашчинский ҳибсга олинган кунда полиция ва хавфсизлик кучлари Беларусь бўйлаб бир нечта мустақил журналистни, шу жумладан, Минскдаги Озодлик радиоси мухбирлари уйларини тинтув қилган.

Рейдлар натижасида бир неча киши, жумладан, октябрь ойида аккредитацияси бекор қилинган Озодликнинг яна икки мухбири – Олег Груздилович ва Инна Студзинскаялар ҳибсга олинган.

"Озодлик радиоси мухбири Алесь Дашчинскийнинг ҳибсга олиниши, унинг ҳамкасблари Олег Груздилович ва Инна Студзинскаялар ҳамда бошқа кўплаб беларуслик мустақил журналистлар ҳибсга олингани каби, Александр Лукашенко мушкул аҳволга тушиб қолганини кўрсатади", - деди Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

Флай 18 июль куни эълон қилган баёнотда "Беларусь халқига хизмат қилаётган журналистларга қилинаётган мунтазам ҳужумлар Беларусда содир бўлаётган воқеаларни яширолмайди. Алесь ва унинг ҳамкасблари зудлик билан озод этилиши керак", дейилади.

Беларусь ҳукумати мунозарали сайловлардан сўнг бошланган оммавий норозилик намойишлари фонида танқидий ва нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотларини ёпа бошлади.

Мухолифат ва Ғарб давлатлари сайловда Светлана Тихановская ғалаба қозонганига ишонади. Улар Лукашенкони сайлов натижаларини сохталаштиришда айбламоқдалар.

Лукашенко норозилик намойишларини куч билан бостирди, минглаб одамни қамоққа улоқтирди ва қамалмаган мухолифат етакчиларининг аксариятини мамлакатни тарк этишга мажбур қилди.

Ғарб мамлакатлари сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва Лукашенкони мамлакатнинг қонуний раҳбари деб ҳисобламайди. Бугунга қадар ушбу мамлакатлар Лукашенко, унинг айрим қариндошлари ва бошқа юқори лавозимли мулозимларга ҳамда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларига қарши санкция жорий қилди.

Яқинда Беларусь расмийлари Европа йўловчи учоғини Минскка қўнишга мажбурлаб, унинг бортидаги мухолифатчи блогерни қўлга олиши ортидан Европа Иттифоқи Минскка қарши янада кўпроқ санкция жорий қилди.

XS
SM
MD
LG