Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

“Абу Сахий” орқали хориждан келаëтган товарлар Ўзбекистонга киритилмаяпти


Озодлик гаплашган ўшликлардан бирига кўра¸ "Дўстлик" чегара-ўтказиш пунктининг божхона текшируви ҳудудига туташ "Абу Сахий" юк терминалида Ўзбекистондан борган ўнлаб КамАЗ туриб қолган.
Озодлик гаплашган ўшликлардан бирига кўра¸ "Дўстлик" чегара-ўтказиш пунктининг божхона текшируви ҳудудига туташ "Абу Сахий" юк терминалида Ўзбекистондан борган ўнлаб КамАЗ туриб қолган.

Озодлик гаплашган бир неча тадбиркорнинг айтишича¸ жорий ой бошидан бери “Абу Сахий” ширкати орқали Хитой¸ Туркия ва бошқа давлатлардан юборилган товарлар Ўзбекистон ичкарисига киритилмаяпти. Давлат Божхона қўмитасининг Озодлик гаплашган расмийси¸ “Абу Сахий” олиб келаëтган юкларнинг киритилиши бораëтган текширувлар муносабати билан тўхтатилганини тасдиқлади. “Абу Сахий”нинг хориждаги офиси ходимлари Озодликка бу текширувларни “Тошкентнинг “Абу Сахий”га нисбатан сиëсати ўзгарди”¸ дея изоҳлади. Ширкат эгаси¸ марҳум президент Ислом Каримовнинг куëви Тимур Тиллаев эса 18 январь куни ўз адвокати орқали Озодликка¸ ширкат фаолиятининг текширилаëтганини яна бир бор инкор қилди.

Ўзбекистондаги “Абу Сахий” мижозлари: Янги йилдан бери молларимизни ололмаяпмиз!

Озодлик билан бир-биридан мустақил ҳолда гаплашган ўзбекистонлик 4 тадбиркор 1 январдан бери “Абу Сахий” орқали хориждан жўнатилган юкларини ола олмаëтганини билдирди.

“Хитойдан маиший техника олиб келамиз. У ердан молларни ўтган ой юборишган¸ лекин Тошкентдан олиб бўлмаяпти. “Абу Сахий” бозори ичидаги складдан олиб чиқардик. Ҳозир ëпиқ¸ ҳеч ким йўқ¸ қачон очилишиниям биров билмайди. Товарларимиз тугаяпти¸ бу ëғига нима сотамиз¸ ҳайрон бўлиб ўтирибмиз”¸ дейди йиллардан бери Хитойдан “Абу Сахий” орқали товар олиб келиб¸ Тошкент бозорларидан бирида савдо қилиб келган тадбиркор.

“Янги йилдан кейин “Абу Сахий”дан товарлар умуман келмай қўйди. Хитойдаги вакилларидан сўрасам¸ ҳаммаси чегарада турибди¸ дейишади. Хитойдагилар Ўзбекистонда импорт товарларини чеклаш бўйича ҳужжат қабул қилинаётган эмиш¸ шунга тўхтаб қолди¸ деди. Айримлар “Абу Сахий”да переоформление бўлаяпти¸ дейди”¸ деди Хитойдан Ўзбекистонга кийим-кечак олиб келиш билан шуғулланувчи яна бир тадбиркор.

Озодлик гаплашган тадбиркорлардан яна биттаси¸ нафақат Хитой¸ балки Туркиядан “Абу Сахий” орқали юк жўнатиш тўхтатилганини маълум қилди.

Хитойдаги “Абу Сахий” вакиллари: Тошкентда “Абу Сахий”га сиëсат ўзгараяпти!

Ўзбекистонлик тадбиркорлар берган бу маълумотлар асосида Озодлик мухбири “Абу Сахий” ширкатининг Хитойдан юк юбориш билан шуғулланувчи хизматчиларига боғланиб¸ вазиятга шарҳ беришни сўради

“Биз юборган моллар Ўзбекистонга умуман киритилмаяпти. Сабабини ҳеч ким билмайди. Ҳозир аниқ гап йўқ. Моллар Тошкент Камазда турипти (қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги “Дўстлик” чегара пункти ëнида қурилган “Абу Сахий” терминали назарда тутилмоқда – таҳр.) Нималар бўлаëтганини биз ҳам билмаймиз. Билганимиз¸ Тошкентда ўзгариш бўлаяпти “Абу Сахий”га нисбатан. Бозорнинг эгаси ўзгарган-ўзгармаганиниям билмаймиз”¸ деди “Абу Сахий”нинг Хитойдан мол юборадиган хизматчиларидан бири.

Хитойнинг бошқа шаҳрида ишловчи “Абу Сахий” хизматчиларидан яна бирининг жорий вазият ҳақида ўз ҳамкасбидан мустақил ҳолда айтганлари ҳам¸ биринчи суҳбатдош изоҳига уйқаш бўлди.

“Биз юборган юклар чегарада турипти¸ очилиши билан Тошкентга кириб келади. Проверка бўлаяпти¸ бир кунда тугайдими¸ бир ойдами¸ биз ҳам билмаймиз. Олган юкларимизни обориб берамиз¸ Худо хоҳласа. Лекин¸ таможняда нима бўлади¸ растаможкаси қанақа бўлади¸ нархлари ошадими-қоладими¸ бунисини билмаймиз. Кимдан сўрасангиз ҳам¸ учта сўзни айтади –АНИҚ ЖАВОБ ЙЎҚ! Эгаси эмас¸ Тошкентнинг “Абу Сахий”га сиëсати ўзгарди¸ бошқа нарса йўқ”¸ деди “Абу Сахий”нинг Хитой шаҳарларидан яна биридаги бошқа вакили.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегара пунктига яқин яшовчилардан бирининг Озодликка айтишича¸ шундоқ Қирғизистон ҳудудига ўтган жойда "Абу Сахий"нинг Хитойдан келадиган импорт моллари учун қурилган махсус терминали бор.

"Дўстлик" таможнясининг ëнгинасида катта терминали бор "Абу Сахий"нинг¸ Қизилқишлоққа етмай туриб. Бу терминалга Ўзбекистондан катта-катта КамАЗлар кириб¸ Хитойдан келган молларни қайтадан ўзига ортарди. Ҳамма юк шу ерда тўпланади"¸ деди Озодликка ўзбек-қирғиз чегарасининг Ўш томонида яшовчилардан бири 19 январь куни.

20 январь куни "Абу Сахий" терминали деб аталаëтган жой яқинига борган Озодлик мухбири¸ унинг Қирғизистон Божхона назорати ҳудуди ичкарисида эканига гувоҳ бўлди.

Терминалга алоқадор расмийлар Озодлик мухбирига бу терминалга қарийб бир ойдан бери Хитойдан юк олиб келинмаëтганини айтди.

Озодлик бу маълумотни бошқа мустақил манбалар орқали ҳозирча тасдиқлай олмади.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси: “Абу Сахий” ҳам бундан кейин ҳамма қатори қонунга риоя қиладиган бўлади!

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан микрофонсиз суҳбатлашган расмийси¸ “Абу Сахий” мижозларининг янги йил бошидан бери хориждан юборган молларини ола олмаëтганини тасдиқлади.

“Бу тўғри хабар. Проверка бор у ерда. “Абу Сахий” моллари олдиндан паст баҳолангани учун¸ энди как положено¸ меъëрий ҳужжат бўйича тўланадиган ставкалар қайта ишлаб чиқилаяпти. Бу фақат “Абу Сахий”га тегишли. Ҳозир “Абу Сахий”нинг олдинги ставкалари нимага асосланганини тўлиқ текшириб чиқишаяпти. Ҳамма бор у ерда (давлат назорат органлари¸ жумладан прокуратура¸ солиқ ва божхона қўмиталари расмийлари назарда тутилаëтган бўлиши мумкин – таҳр.) Шунинг учун уларнинг ҳамма нарсаси тўхтаб турипти. Бу текширувлар тугаса¸ олиб келинган моллар меъëрий ҳужжатларга асосан ҳамма тўловлари тўланиб¸ олиб чиқилади. Энди “Абу Сахий” ҳам как положено ишлайдиган бўлади”¸ деди Давлат Божхона қўмитасининг “Абу Сахий”да бораëтган текширувларга алоқадорлигини айтган расмийси.

Божхона расмийси: Импорт молларига бож ва бошқа тўловлар ўзгаргани йўқ!

Бу расмий¸ ўзбекистонлик тадбиркорлар орасида тарқалган импорт товарларини чеклаш бўйича ҳужжат тайëрланаëтган эмиш¸ “Абу Сахий” юклари шу ҳужжат қабул қилингандан кейин киритилар экан¸ деган хабарларни рад қилди.

“Импорт моллари учун ҳозир ҳам 2009 йилги 1169-сон қарор кучда қолаяпти. (“Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2009 йил 5 августдаги ПҚ-1169-сон қарори назарда тутилмоқда – таҳр.) Олдин “Абу Сахий” шунга риоя қилмагани учун¸ “Абу Сахий” клиентлари бу қарор бўйича энди бож¸ акциз¸ НДС тўлайди¸ бу улар учун ўзгариш¸ бошқалар учун эмас. “Абу Сахий” орқали юборилган моллар эгалари хавотир олмаса ҳам бўлади – текширувлар тугагач¸ улар тегишли сертификатларини кўрсатиб¸ ҳамма тўловларни тўлаб¸ молларини олиб чиқишлари мумкин”¸ деди Бож қўмитасининг тўловлар бўйича расмийси.

Ўзбекистонлик йирик тадбиркор: Бу Божхона қўмитаси янги раҳбарининг катта операцияси!

"Абу Сахий" ширкатига ўз фаолиятини Ўзбекистон қонунчилиги¸ хусусан¸ 1169-сонли қарор асосида барча бож ва солиқларни давлатга рисоладагидай тўлаш шарти қўйилганини жараëнга яқин йирик тадбиркорлардан бири тасдиқлади.

"Мирзиëев Божхона қўмитасига Муиджон Тоҳирийни (Президент хавфсизлик хизматининг аввалги раҳбари -таҳр.) янги бошлиқ қилиб тайинлади. Тоҳирий энди ўз ишини кўрсатиши керак бўлади. Бунинг учун "Абу Сахий"ни тартибга солишдан яхшиси йўқ! Мен "Абу Сахий"нинг расман текширилаëтган-текширилмаëтганини билмайман. Лекин¸ "Абу Сахий"га бундан кейин ҳамма қатори ишлайсан¸ марҳамат¸ бож ва солиқ тўловларини тўла-да¸ юкларингни олиб киравер¸ деган жиддий шарт қўйилганини биламан. Ҳеч ким уларнинг фаолиятини тўхтатмади¸ ширкатни ëпмади. Тимур Тиллаев бу шартни қабул қилса¸ ширкат ишлайверади. Бундан буëғига у қонун билан келишиши керак. Бу ëғига қонун ишлайди энди"¸ деди Озодликка

Давлат Солиқ қўмитаси расмийси: Текширув энг кўп бир ой давом этади!

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг Озодлик гаплашган расмийси “Абу Сахий”да нималар бўлаëтганини аниқ билмаслигини айта туриб¸ янги қонунчиликка мувофиқ¸ 2017 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш қоидалари ўзгарганига эътибор қаратди.

“Ҳозир барча тартибдаги қисқа муддатли ва муқобил текширувлар олиб ташланди. “Абу Сахий” карго режали тартибдаги текширувга тушган бўлиши мумкин. Режали текширув энг кўпи билан бир ой давом этади. Шундан келиб чиқсак¸ агар бу режали текширув бўлса¸ февралгача тугаши керак”¸ деди Ўзбекистон солиқчилари расмийси.

Айни пайтда бу идора ходими¸ “Абу Сахий” бозорининг эски маромда ишлаëтгани¸ айтилаëтган текширувларнинг “Абу Сахий” ширкати мамлакат ичкарисига импорт қилаëтган карго хизматига тегишли эканини қайд этди.

“Абу Сахий” эгаси текширувлар ҳақидаги хабарларни яна бир бор рад этди

Озодликда мавжуд ҳужжатларга кўра¸ “Абу Сахий” ширкати марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга тегишли.

“Абу Сахий” фаолияти¸ хусусан¸ унинг хориждан юборилаëтган молларни олиб келиш ва ҳужжатлаштириш билан боғлиқ фаолиятининг текширилаëтгани ва Ўзбекистондаги “Абу Сахий” мижозларининг ўз молларини ола олмаëтгани ҳақидаги маълумотларни изоҳлашни сўраб¸ Озодлик Тиллаевлар адвокатига мурожаат қилди.

Озодлик йўллаган қатор саволларга Тиллаевлар номидан берилган жавобнинг тўлиқ матни қуйидагича бўлди:

“Сизга бундан олдин ҳам таъкидлаганимиздек¸ “Абу Сахий” солиқларни тўлайди ва ҳеч қачон солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиëздан фойдаланган эмас. Бунинг аксини иддао қилиш¸ ëлғондир. Бундан ташқари¸ “Абу Сахий” ўзбек расмийлари томонидан текширилаëтгани йўқ ва унга қарши ҳеч қандай айб илгари сурилгани ҳам йўқ. Байрамлар мавсуми муносабати билан бизнес кўлами кейинги пайтларда қисқарди¸ лекин бу ноодатий ҳол эмас; бу ҳол ҳар йил шу пайтда кузатилади. “Абу Сахий” ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда”.

Тиллаевлар адвокати ўзбекистонлик тадбиркорларнинг “Абу Сахий” орқали хориждан юборган молларни Тошкентда ола олмаëтгани ҳақидаги Озодлик саволига жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG