Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:14

Яширин иқтисодиётга қарши курашни амалдорлар ўзларидан бошлайдими?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Яширин иқтисодиётнинг тарвақайлаган илдизи ва суғорувчи каналлар энг аввало амалдорларнинг коррупцион даромадларига бориб тақалади.

Лекин яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги қарор лойиҳасига кўра, давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш 2025 йил 1 январга қолдирилган. Ундаям яна босқичма-босқич.

Кулишингиз мумкин, декларациялаш тизими 7 йил аввал бошланиши ва аллақачон кучга кириши керак эди. Лекин шунча вақтдан бери амалий ҳаракатлар пайсалга солиниб, унинг қамрови чеканка қилиниб, муттасил кейинга қолдириб келинмоқда. 2025 йилдаям амалдорлар даромадларини декларациялашга ўтилиши даргумон. Улар ўзларига ўзлари қарши курашадими?


Абсурдни тасаввур қилишингиз учун, 900 минг сўм пенсия оладиган нуроний хрушчевка квартирасининг балконини ижара берса, декларация топширишга мажбур, лекин қонунда бизнес билан шуғулланиши тақиқланган чиновник иқтидордалигида ҳам бизнес билан ёки бизнес манфаатларини дастаклаш билан шуғулангани, истеъфога чиқиб, триллионлаб турадиган бизнеслари хақида, айримларини сотгани борасида бемалол мақтана олади. Улардан ҳеч қанақа декларация пекларация сўралмайди.

Уям майли, Сенатда маъқулланиб, кейин йўқолиб қолган Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун қани? Нега яширилиб ётибди? Яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадлари жиддий бўлса, токи ҳамма амалдорлар ё ваколатларини бойлик орттиришга ишлатадиган корчалонга ё ўғри олигархларнинг югурдак шотирига айланиб кетмай, қонунни кучга киритинглар.


Анъанамизга кўра, яна эслатишга тўғри келади: ҳурматли ўзбек чиновниклари, яширин иқтисодиётга қарши курашни аввал ўзингиздан бошланг. Халқ шунда ишонади. Даромадларингизни, харажатларингизни декларацияланг, тўлиқ очиқланг. Камтарона ва шаффоф ҳаёт тарзи билан халққа намуна бўлинг.

Отабек Бакиров

Иқтисодчи, блогер

Телеграмдаги Bakiroo каналидан олинди.

Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG