Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:13

Pandora Papers: Ойбек Умаровнинг Ирландиядаги ширкати ва ғойиб бўлган “британиялик инвесторлар”


"Пандора ҳужжатлари"да номи чиққан "британ компаниялари"нинг Ўзбекистондаги шериги Шавкат Мирзиëевга яқин сирдарëлик сенатор Улуғбек Сотиболдиевдир (ўртада).
"Пандора ҳужжатлари"да номи чиққан "британ компаниялари"нинг Ўзбекистондаги шериги Шавкат Мирзиëевга яқин сирдарëлик сенатор Улуғбек Сотиболдиевдир (ўртада).
  • "Пандора ҳужжатлари" (Pandora Papers) номи берилган глобал суриштирув Ўзбекистонга “британиялик инвестор” мақомида кириб борган компания мулкдорлари 2017 йилдан бошлаб Ирландияга кўча бошлаганини ўртага чиқарди.
  • Бу ширкатларнинг кўчишига Британияда 2017 йилда қобиқ (shell) компанияларнинг асл эгаларини очиқлашни талаб қилувчи қонуннинг кучга киргани сабаб бўлган.
  • Ирландияда компания очиб¸ уни бошқалар бошқарувига топширганлар орасида президент Шавкат Мирзиëевнинг қайнжияни Ойбек Умаров ҳам бор.
  • "Пандора ҳужжатлари"да номи тилга олинган TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP компанияларининг қоғоздаги эгаси Мирзиёевга яқин сенатор Улуғбек Сотиболдиевдир.

2018 йил октябрида Озодлик “Мирзиëев Ўзбекистонга кираëтган “Британия компаниялари” асл эгалари кимлигини биладими?» деб номланган журналистик суриштирув эълон қилган эди.

Бу суриштирувда жумладан¸ Шотландияда рўйхатга олинган TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP компаниялари номи тилга олинган эди. 2017 йили бу икки "британиялик инвестор"га 2017 йили 165 миллион долларлик инвестицион лойиҳа иддаоси билан шахсан Шавкат Мирзиëевнинг ўзи 18 минг гектар пахта ерини тортиқ қилган¸ мислсиз имтиëзлар берган эди.

На унгача¸ на ундан сўнг бунча катта сармоя эгаларини Ўзбекистонда кўрган ҳам¸ эшитган ҳам топилмади.

Айни шу компаниялар номи ҳозирда глобал медиа назарида қолаëтган “Пандора ҳужжатлари” муносабати билан Ирландияда тилга тушди.

4 октябрь куни The Irish Times газетаси “Пандора ҳужжатлари: Қандай қилиб Ирландия Ўзбекистондаги катта сармоя манбаси бўла олади?” деган саволни кун тартибига қўйди.

Нашрга кўра¸ Британияда қобиқ (shell) компаниялар асл эгаларини очиқлашни талаб қилувчи қонун кучга кирган 2017 йилдан бери Ўзбекистонга “британиялик инвестор” мақомида кириб борган компания мулкдорлари Ирландияга кўча бошлаган. Улар орасида Британия идораларига ўз асл эгалари кимлигини очиқлашни истамаëтган TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP ҳам бор.

Айни пайтда қобиқ ортига беркинишга имкон берувчи Ирландияда компания очиб¸ уни бошқалар бошқарувига топширганлар орасида президент Шавкат Мирзиëевнинг қайнжияни Ойбек Умаров ҳам чиқиб қолди.

Озодлик ўтган ой эълон қилган журналистик суриштирув президент кенжа куëви Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаровнинг кейинги тўрт йилда бевосита Мирзиëев қўллови ва давлат маблағлари эвазига Ўзбекистондаги энг бадавлат тадбиркорлардан бирига айланганини кўрсатган эди.

Мирзиëевнинг ишонган “хорижий инвесторлари”

Шавкат Мирзиëев президентликка келгандан сўнг мамлакатдаги юзлаб миллион¸ ҳатто миллиардлаб долларлик улкан лойиҳаларни бунгача номини биров эшитмаган¸ на сайти ва на тарихи бор “хориж инвесторлари”га тортиқ қилиш кенг урфга кирди.

Бундай “хориж инвесторлари”нинг қаердан пайдо бўлгани¸ президент ëки Бош вазир қарори билан кўп миллион долларлик лойиҳанинг уларга қандай асосларда тақдим этилаётгани ҳақида жамоатчиликка маълумот берилмайди.

Тендер ëки танловсиз давлатнинг улкан ҳудуди¸ стратегик объектлари ва бойлиги тутқазилаëтган бундай “хориж компаниялари”нинг мулкдорлари кимлиги эса¸ мутлақ махфийлигича қолмоқда.

Мирзиëев даврининг “йирик хорижий инвесторлари” офшорда регистрация қилингани боис улар асл эгаларини топишнинг деярли имкони йўқ.

“Пандора ҳужжатлари” каби сиздирилган расмий ҳужжатлар папкаси бундан мустасно. Айнан шу каби ҳужжатлар Ўзбекистон сингари бошқарувдаги коррупция даражаси ўта юқори бўлган давлатлардаги махфийлик пардасининг бир четини кўтаришга имкон беради.

Буни “Пандора ҳужжатлари”да номи келтирилган икки компания мисолида кўриш мумкин.

Қоғозда бор¸ амалда йўқ инвесторлар

Шотландияда рўйхатга олинган TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP номи илк бор Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2017 йил 15 сентябрда имзолаган қарорида тилга олинди.

Бу қарор “Сирдарë вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Қарор билан «Mirza obod universal trade cluster» хусусий корхонасининг TRONTEX LP (Буюк Британия) ва GRATUM TRADING LP (Буюк Британия) хорижий компаниялари иштирокида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Bek cluster қўшма корхонаси ташкил этишига рухсат берилди.

Бу рухсат баробарида Мирзиëев ҳукумати “британиялик инвестор”лар ҳаммуассис бўлган Bek cluster МЧЖ ҚКга Сирдарëнинг суғориладиган ерларидан 18 минг гектар ҳудудни тортиқ қилди; кластер ва унинг таркибига кирувчи барча ташкилотларни бож ва солиқ тўловларидан озод этди¸ “истисно тариқасида” ўзбек фермерининг тушига ҳам кирмайдиган ҳақ - Bek cluster МЧЖнинг ўзи етиштирган маҳсулотга ўзи нарх белгилашига изн берди. Шунингдек, “Асака” ва бошқа тижорат банкларига бу кластерга имтиëзли кредит ажратишни буюрди.

Президент қарорида 2017-2021 йилларда Bek cluster ва унинг таркибидаги ташкилотларнинг 165 миллион долларлик инвестицион лойиҳани амалга ошириши иддао қилинди.

Бундай фавқулодда имтиëзлар берилган “британиялик инвестор”нинг қаердан пайдо бўлгани¸ қандай танлангани¸ қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачиликда қандай тажрибага эгалиги¸ 165 миллион долларлик лойиҳага ўз ҳисобидан қанча сармоя ëтқизгани¸ Ўзбекистон тижорат банкларининг бу “инвесторлар” тузган Bek cluster қўшма корхонасига қайси шартлар билан қанча кредит бергани ҳақида на расмий ҳужжатда¸ на маҳаллий матбуотда лом-мим дейилди.

Мазкур саволлар ўрнига маҳаллий матбуот буни Ўзбекистонга “хориж инвесторлари”нинг ишончи ортаëтгани¸ “британияликларнинг Ўзбекистонда замонавий агрокластер қуриши” мисоли сифатида тақдим қилди.

Ўтган тўрт йил ичида президент қарори ҳам¸ “британиялик инвесторлар” номи ҳам унутилди.

Мислсиз имтиëзлар¸ юзлаб сирдарëлик фермердан тортиб олинган 18 минг гектар ер ва ўзбек банклари пуллари билан сийланган “британиялик таъсисчилар”нинг ўз зиммасига олган инвестицион мажбуриятини бажарган-бажармагани ҳақида жамоатчиликка бир энлик ҳам ҳисоб берилмади.

Орадан тўрт йил ўтиб¸ Ўзбекистон агросаноатига энг катта сармоя ëтқизгани иддао қилинган “британиялик” бу инвесторлар номи “Пандора ҳужжатлари”дан чиқиб келди.

Қобиқ ичидаги қобиқ...

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатларга кўра¸ TRONTEX LP (Limited Partnership- чекланган шерикчилик) 2015 йилнинг 16 сентябри¸ GRATUM TRADING LP эса 2016 йилнинг 20 сентябрида Шотландияда рўйхатга олинган. Унинг асл эгалари бошқа бир оффшор ҳудуд – Белизда рўйхатга олинган компания ичига яширинган.

Иккала LP ҳам битта – 196 Rose Street, Edinburgh, Office 7 манзилида регистрация қилинган¸ расмийлаштириш ҳам битта агентлик - Global Advisors томонидан амалга оширилган.

2017 йил Британия ҳукумати хориж¸ хусусан¸ постсовет давлатларидаги коррупцион схемаларнинг мамлакатда рўйхатга олинган ширкатлар орқали фаолият юргизишини чекловчи қонун қабул қилди. Унга кўра¸ Британияда регистрация қилинган ширкатлар ўз якуний бенефициари (ҳақиқий эгаси – таҳр.) ëки PSC – person of significant control – ширкат акцияларининг 25 фоизидан кўпига эгалик қилувчилар шахсини очиқлаши шарт. Қонунга амал қилмаган ширкатларга кунига 500 фунт стерлинг жарима белгиланди.

Бу қонундан бир йил ўтиб¸ TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP ҳужжатларида акцияларнинг эгаси сифатида Ирландияда рўйхатга олинган бошқа икки ширкат номи пайдо бўлади.

2018 йил 6 ноябрь куни иккала ширкат ҳам гўë қонунга амал қилиб¸ акциялар устидан муҳим назоратга эга шахслар номини очиқлайди. Аммо ҳақиқий мулкдорлар исм-фамилияси ўрнига Ирландияда рўйхатга олинган юридик шахслар номини келтиради: TRONTEX LP Intrus Alliance LP ни¸ GRATUM TRADING LP эса¸ Galor Trade LPни ўз асосий мулкдори сифатида кўрсатади.

Ўз мулкдорларини бир кунда “очиқлаган” Intrus Alliance LP ва Galor Trade LP нинг ккаласи ҳам Ирландиядаги битта адрес - Office 115, Commerce House, 14 Washington Street West, Cork манзилида рўйхатга олинган.

The Irish Times нашрининг ëзишича¸ мазкур манзил эгаси унинг Intrus Alliance LP ва Galor Trade LP томонида ишлатиб келинаëтганидан мутлақ бехабар бўлган.

Регистрация ҳужжатларида Ирландияда рўйхатга олинган бу компаниялар эгаси сифатида болгариялик 41 яшар Daniel Milchev Petkov ва эстониялик 41 яшар Zerar Goren кўрсатилган.

Айни пайтда бу ширкатларни рўйхатдан ўтказган Global Advisors агентлиги The Irish Times газетасига Петков ва Гореннинг “шунчаки номинал” мулкдорлар эканини эътироф этган.

Бу иккала шахс номи регистрация ҳужжатларига¸ Global Advisors матбуот хизматига кўра¸ “компаниялар асл эгалари сўровига мувофиқ” киритилган. Агентлик Ирландия нашрининг асл эгалар кимлигини очиқлаш сўровини мутлақ рад этган.

Бундан эса¸ TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP мулкдорларини Шотландиядан Ирландияга кўчиришдан ягона мақсад – улар асл эгаларини очиқлаш талабига чап бериш экани англашилади.

Британиядаги шамолнинг Ўзбекистондаги эпкини?

Bek cluster МЧЖ ҚК номи 2018 йил баҳори ва 2019 йил ëзида Шавкат Мирзиëевнинг Сирдарëга қилган сафаридан бери бирор жойда кўзга кўринмайди.

Кўздан ғойиб бўлган нарса фақат бу эмас. Ўзбекистонга 165 миллион доллар инвестиция киритиши айтилган “британиялик инвесторлар” асл мулкдорни очиқлаш талаби ижросидан қочиб¸ Шотландиядан Ирландияга кўчиш баробарида улар номи Ўзбекистонда таъсис этилган Bek cluster МЧЖ ҚК ҳужжатларидан ҳам буткул ғойиб бўлди.

4 октябрь куни расмий манбадан олинган регистрация ҳужжатида президент қарори билан бу “қўшма корхона”нинг хорижий ҳаммуассиси деб танланган TRONTEX LP ва GRATUM TRADING LP дан асар ҳам йўқ.

2021 йил октябрига келиб¸ сенатор Улуғбек Норхўжаевич Сотиболдиев ва Насипа Ирисматовна Сотиболдиева сирдарëлик юзлаб фермердан тортиб олинган 18 минг гектар ер берилган Bek cluster МЧЖнинг ягона расмий эгасига айланган.

45 яшар Сотиболдиев 2017 йили “британиялик инвесторлар” билан қўшма корхона тузишига Мирзиëевнинг шахсан ўзи рухсат берган Mirza obod universal trade cluster хусусий корхонасининг ягона эгаси. Бу МЧЖ акцияларининг 84.80 фоизига Сотиболдиев¸ қолган 15.20 фоизига Bek corp МЧЖ эгалик қилади. Bek Corp МЧЖнинг ягона эгаси ҳам яна Улуғбек Сотиболдиевнинг ўзидир.

Сотиболдив 2018 йил сентябрида Шавкат Мирзиëев мансуб Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Сенати аъзолигига тайинланган¸ Мирзиëев шахсан танийдиган¸ унинг ишончига кирган ва бошқаларга ўрнак қилиб келаëтган тадбиркор. “Дўстлик” ордени билан тақдирланган¸ Сенатнинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси аъзоси.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра¸ сирдарëлик сенатор ҳозирга қадар Ўзбекистонда рўйхатга олинган қирққа яқин компания таъсисчисидир. Бу компаниялардаги “бизнес шериги” Насипа Сотиболдиева. Фамилиядошлигига қараганда, бу аëл бевосита оила аъзоси.

Айни пайтда Мирзиëев рухсати билан “британиялик инвестор”лар ҳаммуассилигида таъсис этилган Bek Cluster МЧЖ ҚК кейинги тўрт йил ичида Ўзбекистонда 20 дан ошиқ бошқа МЧЖлар таъсисчисига айланган.

4 октябрь куни Озодлик президент қарорида Bek Cluster қўшма корхонасининг ҳаммуассиси дейилган “британиялик иневсторлар”нинг қачон¸ нима сабабга кўра Ўзбекистондаги энг йирик бу кластердан чиққанини аниқлашга уринди.

Кластер ҳужжатларида берилган мобиль телефонга жавоб берган шахс¸ ўзини Bek Cluster ҳисобчиси, деб таништирди. Суҳбатдош сенатор Улуғбек Сотиболдиев билан бевосита боғланиш ва “британиялик инвестор”ларнинг ғойиб бўлишига ойдинлик киритиш сўровини рад этди.

Сирдарëлик сенатордан 165 миллион долларлик инвестицион лойиҳадаги «британиялик шериклари» кимлиги¸ уларнинг қаердан келиб¸ қаерга ғойиб бўлганига оид саволларга жавоб олиш имкони йўқ бир пайтда¸ “Пандора ҳужжатлари”дан ўзбекистонлик яна бир Мирзиëев даврининг катта тадбиркори номи чиқиб келди.

Бу - Озодлик ўтган ой эълон қилган суриштирув марказига қўйилган президент Мирзиëевнинг қайнжияни¸ қўқонлик Ойбек Умаровдир.

Қўқонлик Умаровнинг Ирландиядаги бизнеси?

Озодлик ихтиëридаги “Пандора ҳужжатлари”дан кўрилишича¸ 35 яшар Ойбек Умаров 2017 йил 27 ноябрида Ирландиянинг Office 29, Clifton House, Lower Fitzwilliam Street манзилида рўйхатга олинган Hydra Partners LP эгасидир.

Буюк Британия ва Ирландияда эгаси махфий минглаб компанияларни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланувчи Las International компанияси ҳам айни шу манзилда жойлашган.

Ирландия нашри боғланган Las International матбуот котиби ўз компанияси чекланган шерикчилик асосидаги ширкатлар тузиш ва уларга регистрация адреси тақдим қилиш билангина шуғулланиши¸ бундай ширкатлар фаолиятига умуман алоқаси йўқлигини айтиш билан чекланган.

“Пандора ҳужжатлари” Шавкат Мирзиëев қайнжияни Ойбек Умаровнинг 2017 йил ноябрида нега айнан Ирландияда ширкат тузиб¸ бу ширкатдан қайси мақсадда фойдаланганига ойдинлик киритмайди.

Халқаро мутахассислар таъкидича¸ Буюк Британия¸ шунингдек Ирландия ҳудудида регистрация қилинган ҳар қандай ширкат¸ унинг эгасини нафақат бу давлатлар¸ балки аксар дунëда легал бизнес тизимига айлантиради.

Бундай ширкатлар қонуний юридик шахс сифатида банк ҳисоблари очиши ва бошқа бойликларга эгалик қилиши¸хусусий мулк сотиб олиши¸ исталган бизнес келишувлари тузиши¸ банклардан қарз олиши мумкин. Офшор ширкатлар билан шерикчилик қилиш эса¸ бундай ширкат асл эгаларининг мутлақ сир қолишига асос яратади.

"Пандора ҳужжатлари" коррупцияга ботган давлатлар¸ хусусан¸ Яқин Шарқ¸ Африка ва постсовет давлатлари биринчи оилаларининг қобиқ ширкатлар воситасида Ғарб¸ хусусан¸ Лондондан қимматбаҳо виллалар сотиб олганини ўртага чиқарди.

ТАҲРИРИЯТДАН: Жорий ой иккинчи муддат президентликка сайланиши кутилаëтган Шавкат Мирзиëев мамлакатда туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулоти ҳажмининг ярмига тенг соя иқтисодиётини очиққа чиқариш, мамлакатни " ўғри ва каламушлар"дан тозалаш иддаоси билан ҳокимиятга келган эди. Аммо Озодлик ва бошқа мустақил журналистик гуруҳлар эълон қилган суриштирувлар кейинги тўрт йилда Мирзиëевга садоқатли амалдорлар¸ улар оила-аъзоларига алоқадор маҳаллий ва хорижий компаниялар Ўзбекистон иқтисодининг энг сердаромад соҳа ва лойиҳаларини яширин ва ярим яширин қарор ҳамда фармойишлар билан ўз назоратига олаëтганини кўрсатмоқда. Озодликнинг сўнгги суриштируви Шавкат Мирзиëев оиласининг бундай жараëнга бевосита алоқадорлигини ҳужжатлар асосида фош қилди.

Манфаатлар тўқнашуви¸ ҳокимият ваколатини суистеъмол қилиш ва коррупцияга йўғрилган бу жараëнга оид маълумот¸ тафсилот¸ энг муҳими¸ ҳужжатларга эга бўлсангиз¸ уларни Озодликка юборишингизни сўраймиз. Озодлик ўз манбаларининг шахси сир қолишини кафолатлайди. Маълумотларни Telegramдаги +420724971539 рақами ëки @ozodnews манзилига юборишингиз мумкин.

Мақола британиялик профессор Кристиан Ласслет билан ҳамкорликда ҳозирланди.

XS
SM
MD
LG