Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:29

Мирзиёев учун сохта парникларни энди Самарқандда қуришмоқда (ВИДЕО)


Мирзиëев сафари арафасида Самарқандда қурилган бир кунлик парниклар
Мирзиëев сафари арафасида Самарқандда қурилган бир кунлик парниклар

Озодликка маълум бўлишича¸ 17 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Самарқанд вилоятига боради. Сафарнинг¸ ҳозирча расман эълон қилинмаган кун тартибига кўра¸ президент Каттақўрғон сув омбори ҳавзасида балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишади¸ ўтган йил апрелидаги сафаридан сўнг амалга оширилган қўшма лойиҳа очилишида қатнашади.

“Президент келишига Самарқандча томоша”

Гувоҳларнинг жойлардан хабар қилишича¸ президентнинг Самарқанд шаҳридан бошланиб Каттақўрғон сув омборигача машинада ўтиши кутилаëтган маршрути бўйлаб куну тун тайëргарлик ишлари бормоқда.

Президент Мирзиëев кортежининг 17 март куни ана шу маршрутда ҳаракатланиши тахмин этилмоқда.
Президент Мирзиëев кортежининг 17 март куни ана шу маршрутда ҳаракатланиши тахмин этилмоқда.

- Самарқанд вилоятига Шавкат Мирзиëев ташрифи олдидан Пастдарғом туманида одамларнинг йўл ëқасида экилган тераклари мажбурий кестирилмоқда. Чортут¸ Чархин¸ Арабхона¸ Ағрон ва Эски Жума аҳолиси дод деяпти. Президент ўтадиган йўл ëқалари ободончилигига тиббиëт ходимлари¸ ўқитувчилар¸ туман ва вилоят ветеринария бошқармаси ходимлари мажбурий ишлатилмоқда¸ деб хабар берди 15 март кунги ҳозирликка бевосита гувоҳ бўлган маҳаллий мулозимлардан бири.

Бугун обедгача кўчада одамлар ишлаëтган эди. 3-4 та жойда ҳокимият ва ИИБ ходимлари одамларни тепасида туриб ишлаëтган экан¸ ҳозир ўзим кўрдим. Президент келиши тахмин қилинаëтган баъзи жойларда ҳали ҳам иш қайнаяпти. Йўлларни асфальт қилишга улгуришмаган¸ энди кечаси билан ишлашса керак”¸ деб ëзди президент ўтиши кутилаëтган магистраль йўлдан 16 март куни ўтган самарқандликлардан бири.

(Ободонлаштиришга мажбурланган 23 яшар каттақўрғонлик ўқитувчи аëлни 14 март куни машина уриб кетиб¸ нобуд бўлгани ҳақида Озодлик хабар берди.)

Бўм-бўш парниклар

Каттақўрғон туманидаги фермерлардан бири¸ вилоят ҳокимлиги¸ президентни алдаш учун¸ Мирзиëев кортежи ўтадиган йўл бўйига парник ўрнатишга мажбурлаëтганини билдирди:

- Йўл ëқаларидаги барча ерларга вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан президент кетганидан кейин хоҳласа олдириш шарти билан иссиқхоналар (парник назарда тутилмоқда - таҳр.) ўрнатилаяпти. Йўл ëқасида ери бор аҳоли ва фермерлардан Самарқанд-Жума йўлининг икки ëқасига қўғирчоқ бўлса ҳам парниклар тайëрлаш талаб қилинаяпти. Шахсан вилоят ҳокими Туроб Жўраев¸ қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосари Камолиддин Қурбонов ва уларнинг мутахассислари ҳар куни уларнинг бошида туриб иссиқхоналар қуришга мажбурлашаяпти. Президент учун иссиқхона тайëрламаган фермерларнинг ерлари вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан тортиб олиш тўғрисида шахсан ҳокимдан огоҳлантириш берилди¸ деб хабар қилди каттақўрғонлик фермерлардан бири.

Бу парникларнинг президент кетиши билан қаровсиз қолиши айтилмоқда.
Бу парникларнинг президент кетиши билан қаровсиз қолиши айтилмоқда.

Суҳбатдошга кўра¸ бундай кампания президентга бирон қарич ер бекор турмаганлигини кўрсатиш мақсадида қилинмоқда:

- Йўлдаги парникларнинг ичига ҳеч нарса экилмаган. Ҳозир ҳаво +20¸ ким парникка нарса экади энди! Экканда ҳам бу ерларда бирор нарса ундиришнинг имкони йўқ. Йўл ëқасидаги бу ерларда доимий сув бўлмайди¸ унумдор ерлар ҳам эмас. Кейин ҳокимлик бу ерларни одамларга доимий қилиб бермайди. Шунинг учун бу ишлар меҳнат ва пулни сувга оқизиш билан баробар. Бир кунлик парникни қуриш фермернинг ери узун-қисқалигига қараб¸ бир миллиондан 5 миллионга тушмоқда¸ дейди каттақўрғонлик фермер.

Президент ўтадиган йўл бўйига парник ва иссиқхона қурдириш кампанияси тепасида ҳокимлик баробарида¸ прокуратура¸ ИИБ ва солиқ ходимлари ҳам тургани айтилмоқда.
Президент ўтадиган йўл бўйига парник ва иссиқхона қурдириш кампанияси тепасида ҳокимлик баробарида¸ прокуратура¸ ИИБ ва солиқ ходимлари ҳам тургани айтилмоқда.

Даромадли томоша

Озодликка маълум бўлишича¸ Пастдарғом ва Каттақўрғон туман ҳокимлиги масъуллари¸ фермерларни нафақат бир кунлик парник қуриш¸ балки унга ишлатиладиган материалларни ҳам фақат битта дўкондан олишга мажбурламоқда.

Бу мажбурлашнинг тагида президентни алдаш билан бир пайтда¸ ўз чўнтакларини қаппайтириш мақсади ҳам ëтипти. Целлофан ва сим сортадиганлар ë ўзининг одами¸ ëки ҳокимиятдагиларга доля беради. Биз шундай тушундик”¸ дейди ўзи бевосита босим остида қолган фермерлардан бири.

Раддия анъанаси – ҳокимлик жавоби

Озодлик Пастдарғом ва Каттақўрғон туманларидан келган ва фотосуратлар билан тасдиқланган маълумотга изоҳ беришни сўраб¸ вилоят ва туман ҳокимликлари масъуллари билан боғланди.

Пастдарғом туман ҳокимининг 1-ўринбосари Қиличбек Худойбердиев¸ Озодлик боғланган пайтда ўзининг Жума йўлида экани (президент маршрутидаги йўл -таҳр.) ва мобил алоқаси ëмонлиги боис¸ гаплаша олмаслигини айтиб¸ суҳбатни қисқа қилди. Худойбердиев билан боғланишга қилинган кейинги уринишлар натижасиз қолди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Камолиддин Қурбонов ëрдамчиси Қурбоновнинг 16 март куни кабинетда эмас¸ “келган меҳмонлар билан” юрганини айтди ва Озодликка бўлган шикоятларга муносабат билдиришга уринди:

- Унақа нарса бўлгани йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Йўл ëқасида сув хўжалигининг муҳофаза ерлари бор. Ана шу ерларга иссиқхона эмас¸ парник қилишаяпти ўзлари¸ фермерлар эмас. Бу бир марталик эмас¸ доимий. Қуëш нури билан ишлайдиган иссиқхона¸ уларга газ керак эмас. Бу ерга қилинган харажат ўзини оқлайди. Парник шаклида қилинаяпти. Масалан¸ кеча қор ëғди Самарқандда¸ бир ҳафта ëмғир ëғди. Ҳозир парник қилса бўладиган пайт. Сув хўжалигининг балансида ерлари бор. Экскаваторлари бор¸ минглаб ишчилари бор¸ ўрмон ерлари бор. Ана шу экскаваторлари котлаван қазаяпти. Дарахтлардан хода қилиб¸ худди навесдай қилиб¸ парник қураяпти. Бу ишлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қилинаяпти. Бу теплица эмас¸ парник¸ холос¸ деди вилоят ҳокими ўринбосарининг ўзини таништирмаган ëрдамчиси.

Бу расмий¸ парник ўрнатиш жараëнининг Вазирлар Маҳкамасининг қайси ва қачонги қарори асосида нега айнан президент сафари арафасида бошланганига ҳам¸ бу жараëннинг нега айнан президент ўтиши кутилаëтган йўл бўйлаб авжга чиққанига ҳам изоҳ бермади.

(Афтидан¸ ҳокимлик расмийси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги 119-сонли қарорини назарда тутмоқда.)

Вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан 16 март куни жараëнга оид тафсилотларни суриштириш имкони топилмади. Бошқарма сайтида берилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга жавоб бўлмади – гувоҳларга кўра¸ бу бошқарма ходимлари бир неча кундан бери президент ўтадиган йўл бўйидаги ишдан ортиб¸ кабинетга келмаяпти.

Шаклланаëтган янги анъана

Бош вазир Абдулла Арипов имзолаган "Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорда аҳоли томорқаларига нима экиш белгилаб берилган ва маҳаллий ҳокимликларнинг ҳар гал президент сафари олдидан ана шу қарор ижросини кўз-кўз қилишга астойдил ҳаракат қилаëтгани кўзга ташланмоқда.

Хусусан¸ ўтган ой Озодликка юборилган мактубда¸ бу жараëннинг президент сафари арафасида Қашқадарëда кузатилгани тасвирланган эди.

"Президент Қашқардарёга келганида, йўл бўйида тут новдаси ва целлофандан қўлбола "иссиқхона"лар қурилди. "Иссиқхона"нинг ҳозирги аҳволи бу! Давлат раҳбарини алдаш ўрнига, тут новдаси ва целлофандан одамларга фойдали бошқа ишларда фойдаланса бўларди-ку! Бундай кўзбўямачиликлар қачон барҳам топаркан?" деган хат келган ва унга мана бу сурат илова қилинган эди.

Бир кунлик иссиқхона
Бир кунлик иссиқхона

Озодлик 25 январь куни Мирзиёев ўтиши керак бўлган Қарши-Қамаши йўлининг икки чеккасига қатор қилиб парник қурилаëтгани акс этган видеотасвирни намойиш этган эди.

Қашқадарëда Мирзиëевнинг келишига хўжакўрсинга парниклар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:39 0:00

16 март куни Озодликка айни парникларнинг президент сафари ўтиб бўлганидан кейинги бугунги аҳволи акс этган видеотасвир юборилди. Айни йўл бўйлаб қилинган саëҳатдан парникларнинг фақат президентга кўрсатиш учун қурилгани англашилади.

Қашқадарёдаги сохта "теплица"нинг бугунги ҳолати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00
Бевосита линк

Андижондан келган айни шу мазмундаги хатга эса¸ хўжакўрсинга тикланган иссиқхонанинг 2018 йил март ойидаги аҳволи акс этган мана бу сурат илова қилинган эди:

"Томоша"си тугаган иссиқхона.
"Томоша"си тугаган иссиқхона.

XS
SM
MD
LG