Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:36

Миришкорлик фермерлар топширилган пахта сифати сунъий равишда туширилаётганидан арз қилди


Фермернинг қабул пунктидан қайтариб олиб келган пахтаси
Фермернинг қабул пунктидан қайтариб олиб келган пахтаси

Қашқадарё вилояти, Миришкор туманидаги пахта қабул қилиш пункти фермерлар топшираётган пахта сортини атайин пастга тушириб қабул қилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган фермерларнинг айтишларича, ёмғирда қолмаган, қўлда терилган тоза пахта иккинчи сортга қабул қилиниши оқибатида улар ҳар тоннадан 400 минг сўмдан зарар кўряпти.

Баъзи фермерлар бундан норози бўлиб, пахтасини қайтариб олиб кетмоқда.

Қабул пункти тарозибони пахта лаборатория текширувидан ўтказилганидан кейин унинг сорти аниқланиб, қабул қилинаётганини айтди.

Миришкор туманидаги “Дўстлик шаҳзодаси” фермер хўжалиги раҳбари Иноятилло Муртазоқуловнинг Озодликка айтишича, Помуқ қишлоғидаги пахта қабул қилиш пункти у олиб борган пахтани сортини паст қилиб қабул қиляпти:

Пахтани кўриб биринчи сортга оламиз деб мени алдаб, 2.1 сортга қабул қилибди


- 16 октябрь куни пунктга 1 тоннаю 490 килограм тоза пахта олиб бордим. Пахтани кўриб биринчи сортга оламиз деб мени алдаб, 2.1 сортга қабул қилибди. Буни менга берган “пика” қоғозидан билиб қолдим. Ҳа, майли дедимда кетдим. Иккинчи куни яна пахта олиб борсам, 2.1га оламиз деди. Қўлда терилган тоза пахта бўлса, ёмғир кўрмаган бўлса, ифлос бўлмаса, нега бундай қиласизлар деб норозилик билдириб, лаборатория қилдирсам, 2.3га чиқарди. Кейин мен пахтани бермай олиб қайтдим.

Фермернинг қабул пунктидан қайтариб олиб келган пахтаси
Фермернинг қабул пунктидан қайтариб олиб келган пахтаси

Фермернинг айтишича, пахта пунктида лаборатория ходимлари ҳам тарозибон ва бошқа раҳбарларнинг айтганига қараб хулоса чиқаради:

Биз пахтанинг сорти сунъий пасайтирилгани ҳисобига унинг ҳар тоннасидан 400 минг сўмдан ютқазяпмиз


- Лаборатория натижалари ўзлари хоҳлаган одамга қараб чиқарилади. Бўлмаса шу пайтгача 1.1га олиб келган, ҳозир ҳам 1.1га оляпти. Бу уларнинг ўзини ички сири. 1.1 га топшираётганлар пахта пункти билан қандай муомала қиляпти, буни мен билмайман. Лекин, юрагига маъқул бўлган одамники бундай оляпти, маъқул бўлмаганникини паст сортга оляпти. Биз пахтанинг сорти сунъий пасайтирилгани ҳисобига унинг ҳар тоннасидан 400 минг сўмдан ютқазяпмиз.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир миришкорлик фермер ҳам худди шундай ҳолат унинг бошидан ҳам ўтганлигини, лекин иккинчи сортга қабул қилинган пахта биринчи сорт билан бир жойга уйилаётганига гувоҳ бўлганини айтади:

- Менинг ҳам тоза пахтамни иккинчи сортга қабул қилишди. Қизиғи шундаки биринчи сорт дегани ҳам, иккинчи сорт дегани ҳам бир “бунт”га тўкиляпти. Эртага заводга топширишда уни қандай ажратиб олишар экан, ҳайронман.

Помуқ қишлоғидаги пахта қабул қилиш пункти тарозибони Норали Хуррамов, фермерларнинг иддаоларида жон йўқлигини, маҳсулот лаборатория текширувидан ўтказилганидан кейин сортига қараб қабул қилинаётганини айтди:

- Пахта ёмғирга қараб сортдан-сортга ўтмайди. Ифлослигига қараб ва пахтанинг пишиб етилганлиги коэфициентига қараб сорт белгиланади. ЛПС деган асбобда текшириб кўрилиб, сорти аниқланади. Ўша фермернинг ўзи гувоҳлигида анализ қилиб бердик, кейин у топширмайман деб пахтасини қайтариб олиб кетди. Ифлослиги учун иккинчи сортга ўтган эди.

Фермер Иноятилло Муртазоқулов қайтариб олиб келган пахтаси шундайлигича турганлигини, хоҳлаган комиссия келиб текшириб кўриши мумкинлигини айтади:

- Мана холис комиссия келиб текширсин, қайтариб олиб келган пахтамдан намуна олиб лаборатория қилсин. Биринчи сортга ўтмаса, мана мен кафил.

Миришкор тумани ҳокимлигидан бу масалага изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG