Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:43

Андижон даласида пахта қолмаган бўлса ҳам коллеж ўқувчилари ўқишга қайтарилмаяпти


Бўз туманидаги коллеж ўқувчилари пахта даласида
Бўз туманидаги коллеж ўқувчилари пахта даласида

Андижон вилоятининг Бўз туманидаги барча коллежнинг учинчи курс ўқувчилари бир ойдан буён пахта даласида қоляпти. Озодлик суҳбатлашган ўқувчиларнинг айтишларича, далада пахта қолмаган бўлса ҳам, улар эртадан кечгача совуқдан қалтираб, чаноқларда қолган яккам-дукам пахтани теришга мажбурланяпти.

Озодликка мурожаат қилган Бўз туманидаги Қурилиш коммунал касб ҳунар коллежининг ўқувчилари дарслар қолдирилиб, улар бир ойдан буён пахта теримига чиқарилаётганини айтди:

“Туманимиз пахта режаси тўлмаган. Шунинг учун барча коллежларнинг учинчи курс ўқувчилари учун дарслар тўхтатилган. Ҳар куни эрталаб камида бир соат пиёда юриб пахта даласига борамиз. Ғўзалар кўм-кўк бўлиб турган бўлсада, лекин пахтаси йўқ. Чаноқларда қолиб кетган ёки кеч очилган битта-иккита пахтани териб юрибмиз”, дейди ўқувчилардан бири.

Тумандаги тиббиёт коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқувчисининг айтишича, кам пахта терган талабаларга жарима солиняпти:

“Бизга ҳар кунга 15 кило пахта териш нормаси қўйилган. Лекин пахта бўлмаса буни қаердан терамиз. Куни билан юриб, 2-3 килодан зўрға топяпмиз. Қолганини пулини тўлайсан дейишяпти. Ҳар кило учун 300 сўмдан жарима солган. Ҳаво совуқ, овқат яхши эмас. Фермер ҳар куни тушликка макарон пишириб беради. Фермер ҳам бизни келишимиздан норози. Сизлар терган пахтадан кўра, тушлик қимматга тушиб кетяпти, деб айтади”, дейди коллеж ўқувчиси.

Бўз туманидаги Қурилиш коммунал касб-ҳунар коллежининг ўзини таништирмаган ўқитувчиси 3-курс ўқувчилари ва ўқитувчилар пахтага чиқарилаётганини тасдиқлади:

“Шундай, ҳоким чиқар дегандан кейин чиқарамизда. Бошқа иложимиз йўқ. Учинчи курслар ҳаммаси пахтада, дарс фақат 1-2 курсларга бўляпти. Ўқитувчиларимизнинг ярми ҳам пахтада. Эртага оммавий ҳашар бўлади экан. Барча ўқитувчилар, 1-2 курслар ҳам чиқади”, деди ўқитувчилардан бири.

Ўзини Бўз тумани ҳокимининг ёрдамчиси Шерзодбек деб таништирган мулозим коллеж ўқувчиларнинг пахта теримига чиқарилаётганини инкор қилар экан, айни пайтда ўқитувчилар пахта тераётганини тасдиқлади:

“Коллеж ўқувчилари чиқарилмаган. Лекин ўқитувчилар пахта теряпти. Барча бюджет ташкилоти ходимлари пахтага чиқарилган”, деди ҳоким ёрдамчиси.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг ўқувчиларни пахта теримига жалб этмаслик борасидаги фармойиши бўлишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Куни кеча Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги аксар мактаб ўқувчилари пахта теримига сафарбар этилди. Ота-оналар ва ўқитувчиларнинг айтишларича, олтидан юқори бўлган синфларда дарслар таққа-тақ тўхтаган ва об-ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан ўқувчилар мажбуран пахта теримига чиқарилган.

Ўтган ҳафтада Қашқадарё вилояти Нишон туманида бир неча мактабнинг 5-9 синф ўқувчилари пахта теримига ҳайдалгани ҳақида Озодлик манбалари хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG