Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:05

"Юқоридагиларнинг чўнтагига кетяпти". Фермерлар пахта харид нархи ва кластерлардан норози


Глобал иқтисодиётда кутилаётган пасайиш ва иқлим ўзгариши совет давридан мерос қолган Марказий Осиё пахтачилигини янада мушкул аҳволга солиб қўйиши мумкин. Боз устига, фермерлар даромаднинг катта қисми юқори бўғиндаги манфаатдор шахслар чўнтагига киряпти, дея норози бўлишмоқда.

Марказий Осиёда пахта Россия империяси босқини, меҳнат эксплуатацияси ва экологик ҳалокатлар билан бирга тилга олинадиган сўздир.

Айни чоғда, пахта ҳануз минтақанинг катта қисмини эгаллаб турган ва ҳар йили миллионлаб кишини иш билан таъминлаётган экин ҳисобланади.

Шу боис, жорий мавсумда пахта етиштирувчиларга таклиф қилинган паст улгуржи нархлар кўплаб хўжаликларга жиддий зарба бўлди.

“Пахта харид нархи бўйича бирон расмий маълумот бормикан, дея ҳар куни эрталаб шу гуруҳга қараб қўямиз. Бироқ, афсуски, ҳеч қандай яхши хабар бўлмайди ва сўнг кун бўйи тушкун аҳволда юрамиз, келажак учун режа туза олмаяпмиз”, деб ёзди Telegram’даги ўзбекистонлик 20 мингдан зиёд фермерни бирлаштирган гуруҳ аъзоларидан бири.

Сўнгги ҳафталарда гуруҳда бунақа шикоятлар оддий ҳолга айланди.

Telegram-гуруҳ аъзоларининг кўплиги Ўзбекистонда пахтачилик нақадар катта соҳа эканлигини кўрсатади. Мамлакат минтақадаги энг йирик пахта етиштирувчи ва дунёнинг асосий экспортчиларидан биридир.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили пахта теримида қарийб икки миллион киши (мамлакат аҳолиси сони тахминан 35 млн) иштирок этади, бу – “дунёдаги энг йирик ташкилий мавсумий фаолият тури”дир.

Қўшни Туркманистон ҳам дунёнинг етакчи пахта етиштирувчи мамлакатлари ўнлигига киради.Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда пахта қишлоқ хўжалиги соҳасининг муҳим қисмини ташкил қилади.

Бироқ иқтисодий ва экологик босимлар ортиб бораётган шароитда соҳа “жон сақлаб қолиш” учун жиддий кураш олиб боришига тўғри келади.

Ғаниев кластерга фермер пахтасини териб кетишга рухсат берди. Бу қонунга зид
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:53 0:00

Паст харид нархлари

Коронавирус билан боғлиқ чекловлар бекор қилингач жаҳонда пахта хомашёси икки баравардан зиёд қимматлаб, бир килограммига тахминан 3,3 долларга етди.

Бироқ 2022 йил ўрталаридан нархлар туша бошлади, ўтган вақт мобайнида сезиларли даражада арзонлаб, шу ойда дунё бўйича ўртача нарх бир фунт (0,45 кг) учун 0,8 долларни ташкил қилди.

Ўтган йилги пасайиш соҳа таҳлилчиларини пахта нархи ўзгаришига қараб глобал рецессиясини олдиндан кўриш мумкинмикан, дея ўйлашга мажбур қилди. Зеро, нархлар юқори инфляция ва таъминот занжиридаги мавҳумликлардан қатъи назар тушиб кетган эди, ҳолбуки санаб ўтилган омиллар одатда нархларни ушлаб туришга хизмат қилади.

Глобал динамика паст нархларга қаноат қилишга мажбур бўлаётган фермерларга ҳам сезилмай қолмади.

“Гап шундаки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қурғоқчилик бўлиб пахта деярли битмади, аммо шунга қарамай пахтага талаб ҳануз паст. Жуда паст”, дейди қирғизистонлик фермер Зафар Отажонов Озодлик билан суҳбатда.

Айтишича, улгуржи харидорлар бир килограмм пахтага 0,73 доллар таклиф қилишмоқдаки, бу харажатларни базўр қоплайди.

Ўзбек фермерларининг Telegram-гуруҳи фойдаланувчилари бир пайтлар давлат назоратида бўлган пахтачилик соҳасининг янги хўжайинлари – кластер деб аталмиш янги хусусий ширкатлардан кўп арз қилишади.

“Сунъий яратилган бу кластерлар кимга тегишли?” – дея норози бўлган эди фойдаланувчилардан бири.

“Пахтамиз учун бизга яхши пул тўлашса, юқори мартабали мулозимларимизга жабр бўлса керак”, дея мулоҳаза қилади у.

Қўшни Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи Файзулложон Назаров ҳосилини килосига 6,5 сомоний ёки 0,6 доллар баҳода улгуржи пуллай олмаётганидан нолийди.

Ҳолбуки, фермерлар бу йил чигит экишнинг ўзига ҳар гектарга салкам 1300 доллардан сарфлаганлар.

“Бу нархлар ҳатто меҳнатимиз баҳоси эмас, даромад олишни-ку ўйламаса ҳам бўлади”, дейди Назаров.

Бироқ, иқтисодий вазият оғирлигига қарамай, айтишларича, пахтадан фойда қилишаётган экан – фермерлар эмас, балки тепадаги корчалонлар.

Водийлик пахтакорлар нимадан норози?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:00 0:00

Мажбурий меҳнат йўқолдими ёки бошқа тусга кирдими?

2018 йилда пайдо бўлган кластерлар – мустақиллик йилларида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати туфайли 300 дан зиёд машҳур брендлар ва ритейлерлар томонидан бойкот қилинган ўзбек пахтаси репутациясини тиклаш ва соҳани ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми бўлиши керак эди.

Ўзбек пахтасига бойкот 10 йилдан ортиқ давом этди ва 2021 йилда ушбу кампания ҳамкори – Берлинда жойлашган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми “алоҳида ҳолатларни истисно қилганда, мажбурий меҳнат ортиқ тизимли ва давомли амалиёт эмас”, дея баёнот бериши ортидан тўхтатилди.

Айнан “замонавий қуллик”ка барҳам беришга интилгани учун Ўзбекистон 2019 йилда The Economist журнали томонидан “йилнинг энг яхши мамлакати” деб эътироф этилди, президент Шавкат Мирзиёев эса мамлакат ичида ва хорижда катта ҳурмат ва обрў қозонди.

Аммо, Ўзбекистон-Германия форуми директори Умида Ниёзовага кўра, кластерларга таянувчи янги тизим “номукаммал” ва фермерларга “зуғумкор” бўлиб чиққан.

“Сўровномамизда иштирок этган ўнлаб ўзбек фермерлари пахта етиштириш уларга қимматга тушаётганини, чунки кластерлар қиммат нархларда етказиб бераётган маҳсулотлар (уруғ, ўғитлар, ёқилғи)дан фойдаланишга мажбур бўлаётганларини айтишди”, деди у Озодликка.

“Яна бир муаммо шуки, фермерлар ўз ерида хоҳлаган экинини эка олмаслигидир. Айрим фермерлар пахта етиштиришдан фақат зарар кўрамиз, дейишади, бироқ тақсимот тизими уларни пахта экишга мажбур этмоқда”, қўшимча қилади Ниёзова.

Энг ёмони – фермерларнинг ҳукумат зўр бериб дастаклаётган кластерлар олдида ожиз қолаётганидир.

Шунга қарамай, фермерлар кластерлардан мустақил бўлиш мақсадида кооперативларга бирлашишга уринаётгани ҳолатлари қайд этилмоқда.

“Пахта нархларини кластер белгилайди, улар маҳаллий ҳокимликларни ишга солиб фермерларни ўз иродасига бўйсунишга мажбур қилишмоқда”, дейди Ниёзова.

Ўзбекистонга қўшни Туркманистон ҳали-ҳануз мажбурий меҳнатнинг ошкора тарафдори бўлиб қолаётир.

Озодликнинг туркман хизмати давлат хизматчилари ёппасига пахта теримига жўнатилаётгани ҳақида мунтазам хабар қилиб турибди. Яқинда ҳукумат пахта терими мавсуми декабр бошларигача давом этишини эълон қилди.

Озодлик тожик хизматига кўра, мамлакат шимолидаги кўплаб фермерлар давлатдан ижарага олинган ерларининг камида ярмига пахта экишга мажбур бўлишмоқда экан, ҳолбуки қонунда бунақа мажбурият йўқ.

Олтинсой икки ойдан буён сувсиз қолди – халқнинг экини қуриди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:08 0:00

Сув муаммоси

Марказий Осиёда оммавий пахта етиштириш Россия истилоси натижасигина эмас, унинг асосий сабабларидан бири ҳамдир, зеро жадал саноатлашув Россия империясида пахта хомашёсига талаб кескин ортишига олиб келган эди.

Совет даврига келиб эса минтақадаги республикаларда пахта яккаҳокимлиги ўрнатилди.

Кўп сув талаб қиладиган ушбу экин денгизга чиқиш имконидан маҳрум Марказий Осиё сув таъминоти тизимига оғир юк бўлди.

Мазкур жараённинг яққол ва энг аянчли қурбони – Орол денгизидир.

Амударё ва Сирдарё сувлари ирригация лойиҳалари учун “сўриб олиниши” оқибатида, бир замонлар дунёдаги тўртинчи йирик ички сув ҳавзаси бўлган Орол денгизи ҳажми 1960-йиллардан бери 90 фоизга қисқарди.

Мустақилликдан сўнг аҳвол енгиллашгани йўқ, қуриган денгиз теварагидаги минтақада чанг бўронлари одатий ҳолга айланиб, баъзан қўшни Туркманистонда ҳам ҳосилни нобуд қилмоқда.

Иқлим ўзгариши Марказий Осиё қишлоқ хўжалигини таҳдид остига қўйган бир пайтда қўшни Афғонистон оламшумул ирригация лойиҳасини бошлаб минтақа ҳукуматларини бадтар ваҳимага солмоқда.

Экспертлар фикрича, яқин бир неча ўн йилда Амударё ва Сирдарёда сув сатҳи тахминан 15 фоизга пасайиши мумкин.

Бунда ҳали Афғонистонда толиблар томонидан Қўштепа канали қурилиши оқибатлари назарда тутилган эмас.

Ноябрь ойи бошларида Мирзиёев Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида сув захираларини сақлаб қолиш учун “сув текин эмас, деган фикрни одамлар онггига сингдириш” жуда муҳимлигини таъкидлади.

Президентга кўра, ҳукумат 35 фоизгача сувни йўқотаётган эски ирригация каналларини янгилаш билан сурункали талафотларни бартараф этиш устида иш олиб бормоқда.

Бироқ Марказий Осиё деҳқонлари пахта етиштириш борган сайин катта муаммога айланишига аллақачон ишонч ҳосил қилганлар.

Форум

XS
SM
MD
LG