Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:46

Пахтада бедарак йўқолган фермернинг жасади 5 кундан сўнг зовурдан топилди


Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Шарқобод қишлоғида яшаган Даврон Давронбеков Риштон туманидаги пахта териб юрган жойидан 11 октябрь куни бедарак йўқолганидан сўнг 5 кун ўтиб, пахта даласидаги зовурдан топилди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, фермер номаълум сабаб билан зовурга тушиб кетган ва сувга чўкиб ўлган. Фермернинг жасади экспертиза қилинганидан сўнг, 17 октябрь куни Сўхга юборилди.

Сўх туманидан Риштон туманига пахта теримига юборилган ҳашарчилар орасида бўлган 60 яшар фермер Даврон Давронбеков 11 октябрь куни пахта тераётган Сўхобод қишлоғидаги даладан бедарак йўқолган.

Пахтага юборилган сўхлик фермернинг жасади беш кундан сўнг зовурдан топилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк

Бу ҳақда хабар берган, исми сир қолишини сўраган сўхлик ҳашарчилардан бирининг Озодликка айтишича, ҳамма уни Сўхга қайтиб кетган, деб ўйлаган:

“Сўхдан бир автобус бўлиб 10 октябрда Риштоннинг Сўхобод қишлоғига келдик. Эртаси куни штаб бошлиғи ўтказган перекличкада (ҳашарчиларнинг бор-йўқлигини санаш – таҳририят) Даврон ака кўринмади. Ҳа, уйига суриб юборибди, деб ҳазиллашдик. Шундан сўнг ҳеч ким эътибор бермади. Кеча, 16 октябрь куни унинг жасадини зовурдан топишибди. Бу каналга ўхшаган, суви одамни кўмадиган катта зовур. Даврон ака чўкиб кетганидан сўнг бир неча кун ўтиб жасади сув устига чиқиб бир жойга тиқилиб қолган экан”, деди ҳашарчилардан бири.

Унинг айтишича, ҳеч ким бу ҳашарга ўз ихтиёри билан келмаган:

“Бир ойдан буён Сўхдан 250 нафардан ортиқ гўёки ўз ташаббуси билан келган ҳашарчилар Риштонда пахта теряпти. Аслида ҳамма мажбурий юборилган. Булар боғдорчилик фермер хўжаликлари ишчилари, раҳбарлари, мактаб ва боғчалар техник ходимлари. Ҳар 10-15 кунда янги партия одамлар келиб, алмашилиниб турилади”, деди ҳашарчи.

Исми сир қолишини сўраган сўхликлардан бири, Даврон Давронбеков яхши боғбон бўлганини айтади:

"Ҳамма уни Бово Даврон деб чақирарди. Бир неча гектар боғи бор эди. Икки ўғли ва икки қизи ва бир қанча неваралари бор эди. Раҳматли жуда яхши, хушчақчақ одам эди", деди сўхликлардан бири.

Риштон туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими сўхлик фермер Даврон Давронбековнинг пахта даласидаги зовурга чўкиб ўлганини тасдиқлади:

“Ҳа, шундай кўнгилсиз воқеа бўлди. Давронбеков ўзи ташаббус қилиб, пахта теришга ихтиёрий келган экан. Унинг зовурга қандай тушиб кетганини ҳеч ким кўрмаган. Ҳозир экспертиза тугади ва жасад Сўхга юборилди. Бу ишни туман прокуратураси тергов қилмоқда”, деди мулозим.

Риштон тумани прокуратурасидан бу воқеа юзасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Даврон Давронбековнинг ўлими пахта мавсуми бошланганидан буён Озодлик хабар топган тўққизинчи ўлим ҳолатидир.

Пахта-2017: Тўққизинчи қурбон

Озодликка кунора пахта теримига ихтиёрий-мажбурий олиб чиқилган ҳашарчиларнинг турли сабаблар билан нобуд бўлаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди.

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида 4-синф ўқувчиси 11 октябрь куни устига девор қулаши оқибатида нобуд бўлди. Воқеа тафсилотларидан хабардор тахиатошликларнинг Озодликка айтишича¸ мактаб ўқитувчиси ўрнига пахтага ёлланган боланинг онаси фожиа пайтида далада бўлган.

Андижон вилоят, Улуғнор туман ҳокими 57 яшар Асилбек Юсупов 5 октябрь куни оламдан ўтди. Туман ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ 6 октябрь куни дафн қилинган Юсупов 3 октябрь куни пахта йиғим-теримига оид вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов​ ўтказган селектор мажлисида ҳоким томонидан тергалгани ортидан иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб, йиқилиб тушган.

20 сентябрь куни Қашқадарё вилоят, Қарши туман, Пистакент қишлоғида яшовчи 28 яшар Лобар Ашурова пахта даласида "ички қон кетиши оқибатида" оламдан ўтди. Бу фожиа Лобар Қашқадарё вилоят сил касалликлари шифохонасида санитар бўлиб ишлайдиган онасининг ўрнига пахта теримига чиққан пайтда содир бўлган.

19 сентябрь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 43-боғчада 2 яшар Абдуллоҳ устига бир қозон қайноқ овқат тўкилиши оқибатида оламдан ўтди. Боғчада ошпаз бўлиб ишлайдиган Гулнора Раҳмонова ўғлига қарайдиган қайнонаси пахта теримига чиқарилгани боис, боласини ўзи билан боғчага олиб борган пайти ушбу фожиа содир бўлган.

Самарқанд туман тиббиёт бирлашмасида болалар врачи бўлиб ишлаган ва тиббиëт ходимларини пахтага сафарбар қилиш билан шуғулланган 52 яшар Фахриддин Саидовнинг 16 сентябрь кунги селектор мажлисидан чиққач, 2 кун ўтиб ўлгани маълум бўлди.

16 сентябрь куни Андижон шаҳрида яшовчи 58 ёшли Музаффар Умрзоқовмактабда фаррош бўлиб ишлайдиган рафиқаси ўрнига пахтага чиққан пайтда далада жон берди.

Шу куни Жиззах вилоят, Шароф Рашидов туман, "Уч тепа" даҳасидаги 32-мактабида Ёшлар иттифоқи ташкилотчиси 39 яшар Гулзода Тожибоевапахтадан қайтаëтганида автобус тагида қолиб ўлди.

Би-Би-Си радиоси хабарига кўра, 8-октябрь куни Жиззах вилояти Зафаробод туманида пахта теримига сафарбар қилинган маҳбуслар ичида 58 ёшли Нажмиддин Саримсоқов пахта даласида жони узилган.

19 сентябрь куни БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда болалар меҳнати¸ умуман мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида баëнот қилди. Ушбу баёнотдан уч кун ўтиб, талабалар, шифокор ва ўқитувчилар пахта далаларидан шошилинч ортга қайтарилди. Бироқ Озодликка келаётган хабарларга кўра, турли соҳа вакилларини пахта теримига мажбуран чиқариш жараёни давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG