Тест синовларида иштирок этаётган айрим педагоглар саволларнинг мазмуни, баҳолаш тартиби ва жараённинг ўзи шаффоф эмаслиги ҳамда кўзбўямачиликлардан шикоят қилишмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 15 апрелидан 15 майигача бўлган аттестация даврида 190 мингдан зиёд ўқитувчи иштирок этиш учун ариза топширган.
Имтиҳондаги "кутилмаган ҳолатлар"
Самарқанддаги тест маркази. Аттестацияга келган ўқитувчи йигит йўлакда одамлар орасида юрибди. Бироқ имтиҳон залида ўрнатилган катта мониторда "жонли эфир" орқали айнан шу ўқитувчининг тест топширётгани кўрсатилмоқда. Бу зиддиятли ҳолатни пайқаб қолганлар ўқитувчини видеога олиб, масъуллардан бу номувофиқликка изоҳ беришни талаб қилишди.
Самарқанд вилоятидаги тест марказида юз берган ҳолат тармоқларида тарқалиши ортидан Ўзбекистон таълим тизимидаги аттестация жараёни муҳокамалар мавзусига айланди.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги буни “техник носозлик” дея изоҳлади. Шунингдек, муҳокамаларга сабабчи бўлган ўқитувчи аттестациядан ўта олмагани маълум қилинди.
Андижонда эса имтиҳон пайтида номзодлар телефондан фойдалангани акс этган тасвир тарқалди. Вазирлик ҳолат юзасидан синов натижаси бекор қилинганини билдирди. Ҳолбуки, расмий маълумотларга кўра, номзодлар тест синовидан олдин электрон қурилмаларни аниқловчи ускуналар орқали текширилади.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тест саволлари фандаги мавзуга мос келмаслиги, ташкилий ишлар шаффоф эмаслиги ҳақида шикоятлар кўпайган. Адолат талаб қилган ўқитувчилардан бири ҳушидан ҳам кетган.
“Айрим она тили ва адабиёти ўқитувчилари билан гаплашгандим, уларнинг айтишича, дарсликнинг исталган жойидан мавзулар олиниб, тест тузилган. Масалан, "Мауглининг онаси ким бўлган? Исми нима бўлган?" каби саволлар қанчалик даражада ўқитувчининг маҳоратини белгилаб беради?”- дейди Озодлик билан суҳбатда таълим бўйича эксперт Комил Жалилов.
Вазирлик: "Хайп"
Самарқанд вилоятида аттестация жараёни холис ўтмаганини айтган ўнлаб устозлар Билимларни текшириш маркази биноси олдида норозилик билдиришди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов эса муҳокама бўлаётган бу муаммоларни ва норозиликларни “хайп” деб атади.
"Бир нарсани ишонтириб айтмоқчиманки, тизим шаффоф ва адолатли қилиб ишланган ва унга ҳеч ким аралаша олмайди. Қолган барчаси бу "хайп" учун қилинаётган ишлар" , деб ёзди Ражабов Телеграмдаги саҳифасида.
Aspekt24 Телеграм-каналида она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари томонидан мутасадди ташкилотларга мурожаат эълон қилинди. Унда тест саволлари очиқ ва тушунарли бўлиши, саволлар таҳлили ўқитувчиларга тақдим этилиши, шаффоф аппеляция тизими яратилиши ва баҳолашда ўқитувчининг обрўси, тажрибасига путур етказмаслик талаб қилинган. Лекин мурожаат қанча ўқитувчи номидан экани қайд этилмаган.
“Мен таълим соҳасининг мутахассиси сифатида вазирлик ўтказаётган аттестация жараёнига ишончсизлик билан қарайман. Ҳатто ижтимоий тармоқларда турли видеолар тарқамаган ҳолатда ҳам. Силлиқ ўтди, деган тақдирда ҳам вазирлик ўтказаётган аттестацияга шубҳа билан қарардим. Чунки бу жараённинг ўзи ўқитувчининг ўқитувчилик маҳоратини синамайди. Асосан, ўқитувчининг хотирасини синаяпти” - дейди Комил Жалилов.
Совет давридан қолган мерос
Ўзбекистонда педагогик аттестация совет давридан мерос қолган тоифалаш тизими асосида амалга оширилади. Унга кўра, ўқитувчилар “мутахассис”, “иккинчи”, “биринчи” ва “олий тоифа”ларга ажратилади. Бу тоифаларга кўра маошга 300 мингдан 1 миллион сўмгача устама белгиланган.
“Лекин қанақадир ҳужжат йўқ, масалан олий тоифали ўқитувчи билан биринчи тоифали ўқитувчининг билим кўникмаси ва вазифалари ўртасида қанақа фарқ бўлиши керак, деган саволга жавоб йўқ” - дейди Жалилов.
Мажбурий бепул аттестация ҳар беш йилда ташкил этилади. Бундан ташқари, йилига икки маротаба ихтиёрий аттестация уюштирилади. Тоифасини ўзгартирмоқчи бўлганлар 350 минг сўм атрофида давлатга пул тўлаб, унда иштирок эта олишади. Тоифани кўтариш учун 80дан юқори балл тўплаш керак.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Телеграм-каналига жойланган давлат телеканалларида кўрсатилаётган лавҳаларда асосан тестдан муваффақиятли ўтганларга урғу берилади.
Яна бир қизиқ жиҳати - агар ўқитувчи олий тоифали бўлишни истаса, йиллар давомида тажриба тўплаши шарт эмас. Қолаверса, ўқитувчиларга олий тоифа билим даражаси учун эмас, кўпроқ ойлик олиш учун керак. Масалан, вазирликнинг Телеграм-каналида эълон қилинган видеода Тошкентдаги умумтаълим мактабининг Тарбия ўқитувчиси Дилдора Жўраева бундай дейди:
“Ўтган йили баҳорги аттестацияда иккинчи тоифани олгандим. Кузги аттестацияда биринчи тоифани олдим. Бугунги - баҳорги аттестацияда олий тоифани олдим. Аттестациялар шаффоф бўлди, олган баллимдан хурсандман. 70 фоизлик устамага илиндим, деб ўйлайман”.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган янги қарорга кўра, таълим соҳасида фаолият юритаётган муайян тоифадаги педагоглар мажбурий аттестациядан озод этилади. Бунда 25 йилдан зиёд иш стажига эга бўлган, пенсия ёшига яқинлашган ёки пенсия ёшига етган ва 15 йил давомида малака тоифасини сақлаб қолган ўқитувчилар назарда тутилмоқда.
Айни дамда ўқитувчилар аттестацияси мавзуси турли латифаларнинг яралишига ҳам сабаб бўлмоқда. Телеграмдаги “Қишлоқлик ўқитувчи” каналида“Олий тоифа сари биз билан” деб номланган тезкор курслар, 250 минг сўмлик имтиҳонга тайёргарлик гуруҳлари ҳақида ҳазиломуз ҳикоя чоп этилди. Изоҳларда эса бундай латифалар ҳаётий воқеликка асослангани айтилади.
Ҳалқаро рейтингдаги паст ўринлар
Қонунчиликка кўра, ўзбекистонлик ўқитувчилар аттестациядан ташқари, беш йилда малака ошириш курсларидан ҳам ўтиши керак. Бунинг учун ҳар бир вилоятда Педагогик маҳорат маркази ташкил этилган. Малака ошириш учун ўқитувчи ўша марказга бориб, бир ой давомида мажбурий 100 соатлик курсни ўқийди. Лекин таҳлилчи Комил Жалиловнинг таъкидлашича, малака ошириш тизимлари қай даражада самарали ишлаётгани ҳақида мустақил тадқиқот йўқ.
“Ҳозирги малака ошириш тизими самарасиз. Малака ошириш тизимларида фан дастурлари эски. Фанларнинг мазмуни эски, методиканинг ўзи эскирган. Ҳеч қайси давлатда ўқитувчини, қўпол қилиб айтганда бир ой қамаб қўйиб тажрибасини оширмайди. Малака ошириш бундай бўлмайди. Малака ошириш учун тажрибали ўқитувчиларнинг дарсларини кузатиш, қисқа муддатли тренинглар ўтказиш керак".
Расмий телеканаллар таълим соҳасидаги ислоҳотларни, рақамли воситаларни ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида таълим устувор йўналиш эканини доим таъкидлашади.
Ҳалқаро тадқиқотлар эса Ўзбекистондаги таълим сифатида жуда ҳам пастлигича қолаётганини кўрсатмоқда. 2022 йилда Ўзбекистон илк бор 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳоловчи халқаро дастур — PISA имтиҳонларида иштирок этган. Натижада, математика бўйича 81 давлат ичида 72 ўринни, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги бўйича 80 ўринни эгаллаган. 2025 йилда Ўзбекистон иккинчи бор PISA баҳолашида иштирок этади. Унинг натижалари келаси йили эълон қилинади.
O'zbekiston 24 каналида 22 апрелда эълон қилинган расмий статистикага кўра, мамлакатда 15 та давлат, 61 та нодавлат олийгоҳда педагогика йўналишлари мавжуд. Аммо улардаги илмий салоҳият 40 фоизни ташкил этади. Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети трансформация қилиниб, Ўзбекистон миллий педагогика университетига айлантирилиши маълум бўлди.
Форум