Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Мижознинг қовоғини нотўғри операция қилган жағ доктори лицензияси йўқлигини тан олди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Чирчиқда Андижон Тиббиёт институтининг стоматология жарроҳлиги кафедраси ўқитувчиси Худойберди Эшбадалов лицензияга эга бўлмаган ҳолда пластик операция ўтказгани оқибатида 61 ёшли Ширин Шомуротованинг кўзлари жиддий шикастланди.

Мазкур операция пластик жарроҳлик лицензиясига эга бўлмаган ва бундай операцияларни ўтказишга ихтисослашмаган "Дентал клиник стом" хусусий стоматологик клиникасида амалга оширилган.

Худойберди Эшбадалов Озодлик билан суҳбатда блефаропластика (қовоқларни пластик операция қилиш) бўйича лицензияга эга эмаслигини тан олди.

Клиника раҳбари Шойиста Имомбердиева эса ўз шифохонасида пластик операция ўтказишга рухсат бериб, катта хато қилганини айтди. Мазкур воқеа юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратурасида тергов-суриштирув олиб борилмоқда.

"Қош қўяман деб кўз" чиқаришди

Ширин Шомуротованинг Озодликка айтишича, у 2019 йилнинг 9 ноябрида Чирчиқдаги "Дентал клиник стом" хусусий стоматологик клиникасида қовоғини пластик операция қилдирган.

61 ёшли аёл қовоқлари осилиб, кўзларига азоб бераётгани ортидан шундай қадамга боришга мажбур бўлганини айтади.

Шомуротовага кўра¸ танишлари орқали ўзини пластик жарроҳ сифатида таништирган андижонлик Худойберди Эшбадалов билан қовоғини операция қилишга келишган.

Мени операция қилаётганида у врачнинг бир қўлида перчатка ҳам йўқ эди.

- 40 минут бўлади¸ деган операцияси беш соатга чўзилди. Соат 14:30 да операцияга кирган бўлсам, 19:45 да чиқдим. Операциядан кейин кўзларимни боғлаб ташлади. Ҳамшираларга "перевязка қил, дори бер" деб ҳам айтмади, бир қоғоз ҳам ёзиб бермади. Мени операция қилаётганида у врачнинг бир қўлида перчатка ҳам йўқ эди. Ўша куни эрталабгача кўзим оғриб, азобланиб чиқдим. Эрталаб ўша врачга телефон қилдик, бироқ у телефонини кўтармади, - деди Ширин Шомуротова.

Шундан сўнг Ширин Шомуротова "Дентал клиник стом" хусусий стоматологик клиникасига мурожаат қилган. Шомуротованинг айтишича, бу ерда уни клиника раҳбари Шойиста Имомбердиева “қовоқларига спирт билан ишлов бериш орқали даволаган”.

“Охир-оқибат кўзларим кўрмай қолиб, оғриқ кучайиб, 14 ноябрда Тошкентдаги Республика шифохонасига бордим. Бу ердаги даволанишдан сўнг кўзларим хира кўра бошлади. Лекин бир кўзим мутлақо ёпилмайдиган бўлиб қолган. Даволанишни давом эттиришим керак. Уч ой олдин Чирчиқ прокуратурасига ариза ёзганман. Уч ойдан бери тергов-суриштирув ишлари олиб борилаяпти, шу кунгача бу иш бўйича иккита терговчи ўзгарди. Аммо натижа йўқ”, деди Ширин Шомуротова.

Бу иш юзасидан Чирчиқ прокуратураси билан боғланиш имкониятлари бўлмади.

"Лицензиям йўқ, аммо бундай операцияларни аввал ҳам кўп қилганман!"

Андижон Тиббиёт институтининг стоматология жарроҳлиги кафедраси ўқитувчиси, тиббиёт фанлари номзоди Худойберди Эшбадалов Озодлик билан суҳбатда блефаропластика (қовоқларни пластик операция қилиш) бўйича лицензияга эга эмаслигини тан олди.

- Қовоқларни пластик операция қилишни блефароластика дейишади. Бунинг учун менда лицензия йўқ. Аммо бу каби операцияларни кўп қилганман, тажрибам бор. Ўзим юз-жағ жарроҳлиги бўйича мутахасисман, 25 йилдан бери дарс бераман, -деган Худойберди Эшбадалов бу операцияни Ширин Шомуротова яқинларининг илтимоси билан амалга оширганини айтди.

Эшбадаловга кўра, Шомуротова синглисининг эрига дўст бўлади:

- Ўша дўстимнинг кўп маротаба қилган илтимосига йўқ дея олмадим. Операция қилган пайтимда кун совуқ эди. Совуқда кўз яллиғланиб, шунақа бўлиб қолган. Аммо мен айбдор эмасман, ўзлари илтимос қилишди. Кейин Тошкентда даволанганида Шомуротовага мен барча дориларини олиб бердим, ҳатто такси пулигача тўладим. Аммо ўзим қилган операциям учун, таниш-билиш бўлгани учун ҳақ олганим йўқ.

Айни пайтда Худойберди Эшбадалов воқеа юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратурасида тергов бораëтгани ва ўзининг сўроққа чақиртирилганини ҳам тасдиқлади. Прокуратура терговчиси жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиш учун Шомуротованинг бундан кейинги операциялари ҳақини тўлаб бериши шартлигини айтган.

Эшбадаловнинг айтишича, ҳали тергов жараёни якунланган эмас.

Клиника раҳбари: "Домламга қаршилик қилолмаганим¸ катта гуноҳим бўлди"

Чирчиқдаги "Дентал клиник стом" хусусий стоматологик клиникаси раҳбари Шойиста Имомбердиева Ширин Шомуротова ўз клиникасида пластик операция қилинганини тасдиқлади.

Операцияга тўсқинлик қилмаганим менинг катта гуноҳим бўлиб қолди.

- Менинг юз-жағ хирургияси бўйича домлам бор, қўли гул домла. 25 йилдан бери шу домлада малака ошириб келаман. 9 ноябрда ўша домлам ассистенти ва Шомуротова билан клиникамга келишиб, тўғри кабинетга киришиб, операция қила бошлашди. Домламга қўполлик қила олмай, операцияга тўсқинлик қилмаганим менинг катта гуноҳим бўлиб қолди. Клиникамизда бу каби жарроҳлик операциялари ўтказишга ҳаққим йўқлиги тўғри. Устозимга ҳурматим юзасидан¸ мен гуноҳкор бўлиб қолаяпман, - деди Шойиста Имомбердиева.

Клиника раҳбари Озодлик билан суҳбат давомида “домлам” деганда Худойберди Эшбадаловни назарда тутганини тасдиқлади.

Шойиста Имомбердиеванинг айтишича, Худойберди Эшбадалов 25 йиллик юз-жағ жарроҳлиги тажрибасига эга, айни пайтда Андижон Тиббиёт институтида дарс беради. Тажрибали жарроҳ сифатида бошқа шаҳар ва вилоятларга ҳам чақирилиб, операцияларни ўтказиб туради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима дейди?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 12 февраль куни Озодлик гаплашган расмийларидан бири хусусий клиникалардаги жарроҳлик операцияларини амалга ошираëтган врачларнинг лицензияси бор-йўқлигини текширишга ваколати йўқлигини билдирди.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги хусусий клиникаларга мутлақо алоқадор эмас. Бизнинг хусусий клиникалар фаолиятига аралашишга ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ. Уларга жуда катта имтиёзлар ва ҳуқуқлар берилган. Уларни назорат қиладиган бўлсак, ёки фаолиятига аралашсак ноқонуний бўлади ва ўз бошимизга бало орттириб оламиз”, деди.

Вазирлик расмийси: “Хусусий клиниклардаги хизмат сифатини, дори-дармонларнинг яроқлилигини, тиббиёт техникасининг талабларга жавоб беришини ва шифокорлар малакасини назорат қилиш вазирлик ваколатига кирмайдими?” деган саволга жавоб олиш учун вазирликнинг лицензиялаш бошқармасига мурожаат қилишимиз кераклигини билдирди.

Вазирликнинг лицензиялаш бўлими расмийси бу саволларга:

Биз хусусий клиникага асосан лицензия бериш билан чекланамиз. Клиника лицензия доирасида қандай хизмат кўрсатаётгани, унинг сифати билан қизиқамиз. Бошқа ҳар қандай ҳолатларда хусусий клиникаларда юзага келаётган можаролар прокуратура ва суд орқали ҳал этилади. Бунга биз алоқадор эмасмиз”, деб жавоб берди.

Хусусий клиникаларда пластик операциялар пайтида ўлганлар ҳам бор

Бундан аввал ҳам Ўзбекистондаги хусусий клиникаларда хизмат кўрсатиш сифати пастлиги ва оддий пластик операциялар жараёни мижозлар ўлими билан тугагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

2019 йилнинг августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида ўн кун ичида икки мижоз вафот этган.

Масалан, 2019 йилнинг августида Тошкентнинг Mont Blanc хусусий пластик хирургия клиникасида ўн кун ичида икки мижоз вафот этди.

2019 йилнинг 24 августида Mont Blanc клиникасида жарроҳлик амалиётидан ўтаётган 20 яшар самарқандлик Гулшан Шарифова вафот этган эди. 19 август куни, худди шунақа операция пайтида клиникада 42 яшар қозоғистонлик Лилия Апостолова ҳам вафот этган.

Мазкур икки ҳодиса юзасидан 2019 йилнинг 12 ноябрида ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида 18 ноябрда Бош прокуратура маълум қилган.

2018 йилда эса Самарқандда хусусий шифохонада ўнлаб чақалоқлар қасддан ўлдирилгани ҳақида Озодлик “Ҳуқуқ” газетасига таяниб хабар берган эди.

Вилоят прокуратураси вакили Асомиддин Сайфиддиновга кўра, Нигора Солихонова раҳбарлигидаги хусусий клиника асосан ҳомила тушириш билан шуғулланиб келган.

Сунъий аборт йўли билан дунёга келтирилган чақалоқлар эса сохта ҳужжатлар билан фарзандталабларга бир неча минг долларга пулланган.

Харидор топилмай қолган кезларда эса ожиз ва ҳимоясиз чақалоқлар қасддан қаровсиз қолдирилиб, нобуд қилинган. Норасидаларнинг жонсиз танаси тиббий чиқиндилар ёқишга мўлжалланган муфель печида ёқиб юборилган.

Хусусий клиника раҳбари Н.Солихонова 13 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам тегишли жазолар тайинлангани хабар берилган.

XS
SM
MD
LG