Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:39

Покистоннинг 10 йилга қамалган собиқ Бош вазири Имрон Хон ким?


Имрон Хон Лаҳордаги матбуот анжуманида.
Имрон Хон Лаҳордаги матбуот анжуманида.

Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хоннинг “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилиниши Покистон сиёсий ҳаётидаги охирги муҳим янгилик бўлди.

“Reuters” ахборот агентлигининг ёзишича, собиқ крикет юлдузи бўлган Имрон Хон келаси ҳафтада бўлиб ўтадиган сайловлар ҳам иштирок этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

71 ёшли Хон 2022 йилда парламентдаги ишончсизлик вотуми орқали ҳокимиятдан четлатилганидан бери ўнлаб маҳкама даъволаридан ўзини ҳимоя қилиб келяпти. Август ойида у коррупцияга доир айбловлар билан уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 8 февралдаги сайловда иштирок этишдан четлаштирилган.

Ўтган йил бошида ўтказилган сўровлар Имрон Хон Покистондаги энг машҳур сиёсатчи эканлигини кўрсатган. Май ойида коррупция айбловлари билан унинг қисқа муддат ҳибсга олингани иқтисодий инқироз даврида бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликларни келтириб чиқарди.

Учдан бир қисмини сув босган Покистон инқироз арафасида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:00 0:00

У ўзига қарши айбловларни рад этиб, июнь ойида Reuters агентлигига берган интервьюсида Покистонни 1947 йилда мустақилликка эришганидан буён ҳукмронлик қилган ҳарбийлар ва мамлакат жосуслик агентлиги унинг сиёсий партиясини йўқ қилишга уринаётганини айтган эди.

Ядро қуролига эга давлатнинг энг йирик иқтисодий институтларини назорат қилувчи ҳарбийлар сиёсатда бетараф эканини айтади.

Генералларнинг ноғорасига ўйнаётганликда айбланган Хон ўша пайтдаги армия каттаси генерал Қамар Жавед Бажва билан жанжаллашиб, истеъфога чиқди.

Унинг айтишича, ҳозирда генерал Асим Мунир қўмондонлик қилаётган армия ҳамон уни ва унинг партиясини таъқиб қилмоқда. Бироқ армия бу айбловларни рад этмоқда.

Май ойида ҳибсга олинганидан кейин содир бўлган зўравонликлар, унинг тарафдорлари кўплаб шаҳарларда армия объектларига ҳужум қилгани сабабли, ҳарбийлар билан муносабати совуқлашган бўлиши ҳам мумкин.

Хоннинг сиёсий партиясидаги баъзи раҳбарлар зўравонликлардан кейин лавозимдан кетди. Партияга кўра, минглаб партия аъзолари ҳам ҳибсда қолмоқда.

Имрон Хон 1992 йилда Покистонга Жаҳон кубогидаги ягона ғалабани олиб берган крикет афсонаси бўлган. У 2018 йили Покистонни коррупциядан холи, гуллаб-яшнаган мамлакатга айлантириш мақсади атрофида бирлаштириш ваъдаси билан ҳокимиятга келди. Аммо унинг шуҳрати ва харизмаси етарли эмас эди.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

Ҳокимиятга йўл

Хон Покистон Адолат учун Ҳаракат (ПТИ) партиясига асос солганидан йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳокимият тепасига келди. Покистондаги шон-шуҳратига қарамай, партия мамлакатнинг сиёсий ҳаётида 17 йил давомида Хон эгаллаган ўриндан бошқасини қўлга кирита олмади.

2011 йилда Хон кенг тарқалган коррупция, сурункали электр тақчиллиги, таълим инқирози ва ишсизликдан ҳафсаласи пир бўлган кўплаб ёш покистонликларни ўзига қарата бошлади.

Кейинги йилларда у янада кўпроқ қўллаб-қувватланди: ўқимишли покистонлик муҳожирлар ўз иш жойларини тарк этиб, унинг партиясига ишлади ва эстрада мусиқачилари ва актёрлари унинг кампаниясига қўшилди.

Хон 2018 йилда тарафдорларига, менинг мақсадим Покистонни "бир ҳовуч бойлар ва бир дунё камбағаллар" мамлакатидан "инсонпарвар, адолатли тизим намунаси” бўлган давлатга айлантириш деди.

Плейбойдан ислоҳотчига

Хон Покистоннинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Лаҳорда, 1952 йилда, бадавлат шаҳарлик пуштун оиласида туғилган.

Яхши жойда таълим олди, Оксфорд университетига ўқишга кирди ва у ерни фалсафа, сиёсат ва иқтисод бўйича битирди.

Крикет карьераси гуллаб-яшнаган сари, у 1970-йиллар охирида Лондонда плейбой сифатида обрў қозонди.

1995 йилда у бизнес магнат Жеймс Голдсмитнинг қизи Жемима Голдсмитга уйланди. Икки ўғил фарзандли бўлган эр-хотин 2004 йилда ажрашди. Унинг тележурналист Реҳам Найяр Хон билан иккинчи никоҳи ҳам ажралиш билан якунланган.

Хон сўфий етакчи Бушра Биби билан учинчи никоҳи унинг сўфийликка бўлган қизиқишини акс эттирарди.

Ҳокимиятга келганидан сўнг, Хон Исломга асосланган фаровонлик давлатини қуриш режасини амалга оширишга киришди.

Бироқ унинг коррупцияга қарши кураши сиёсий рақибларини йўқотиш учун баҳона сифатида қаттиқ танқид қилинди, уларнинг аксарияти порахўрликда айбланиб қамалди.

Генераллар ҳам ўз таъсирини сақлаб қолди, нафақадаги ва хизмат қилаётган ҳарбий офицерлар ўндан ортиқ фуқаролик муассасаларига раҳбар этиб тайинланди.

Хон 2022 йил апрель ойида юқори инфляция, ўсиб бораётган камомад ва кенг тарқалган коррупциядан норозилик туфайли Бош вазир лавозимидан четлатилган эди.

Олий суд унинг парламентни тарқатиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Унинг ҳукмрон коалициядан чиқиши кейинги ишончсизлик вотумида ютқазишига замин ҳозирлади.

Шу билан Хон Покистоннинг сайланган бош вазирлари орасида ўз муддатини тўлиқ ўтамаганлардан бирига айланди.

Форум

XS
SM
MD
LG