Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:53

Politico нашри АҚШнинг Путинга қарши санкция жорий этмаётгани сабабларини очиқлади


Жо Байден маъмурияти қатор сабабларга кўра Россия президенти Владимир Путин ва унинг энг яқин кишиларига нисбатан санкциялар қўллашдан тийилиб турибди. Хусусан, АҚШ Россияда алғов-далғов бошланишидан ва ҳокимият қисқа вақт ичида қулаган тақдирда унинг ядровий арсенали тасодифий ва хавфли кучлар қўлига тушишидан хавфсирайди.

“Politico” нашри Вашингтон ҳозирча Путин ва Кремлга нисбатан эҳтиёткорона иш тутаётгани сабабларига бағишланган таҳлилий мақоласида шу ҳақда ёзган.

Нашр Путин ва унинг атрофидаги кишиларга қарши санкциялар жорий этишга чақираётган Россия мухолифати вакиллари, жумладан, муҳожирликда яшаётган Гарри Каспаровдан иқтибослар келтиради. Америкалик бир қанча сиёсатчи ва экспертлар ҳам айни фикрни маҳкам тутган. Улар Кремлда клептократик режим ҳукм сураётганини урғулаб, уни тийиб қўйиш учун энг нозик жойига – чет мамлакатлардаги кўп миллиардли активларига зарба бериш лозимлигини айтадилар. Путиннинг ўзи ҳам улкан бойлик орттирганига мухолифларининг ишончи комил.

Бироқ “Politico” иқтибос келтирган Байден маъмурияти вакили Путин режимини клептократик деб талқин қилиш тўғри эмаслигини айтади. “Шак-шубҳасиз, унинг геосиёсат саҳнасида ўзи ва дўстларини бойитишдан бўлак амбициялари ҳам бор”, деган исми айтилмаган америкалик мулозим.

Маъмурият вакиллари Путин ва унинг теварагидаги одамларнинг реал активларига доир маълумотлар етишмаслигига ҳам эътибор қаратишган. Уларнинг фикрича, Путиннинг рақиблари махсус хизматларнинг имкониятларига ортиқча баҳо бермоқда – барча активларни ҳам излаб топиб бўлмайди, уларнинг Путинга оидлигини исботлаш эса янада мушкул.

Шунингдек, мақолада айтилишича, Байден маъмурияти санкциялар қўллаш билан эмас, балки санкциялар қўллаш билан таҳдид қилиш орқали Кремлга босим ўтказишни истайди, чунончи, киберҳужумларга қарши курашда шу усулдан фойдаланилмоқда. Путинга қарши санкциялар жорий қилинган тақдирда эса “кўприклар ёқилган” ҳисобланиб, Россия билан ҳамкорлик қилиш имконсиз бўлиб қолади. Ва ниҳоят, санкциялар Россия иқтисодиётини хароб қилиши мумкинки, бу ўз навбатида жаҳон иқтисодиётига таъсир этмай қолмайди, Россияда вазиятнинг беқарорлашуви эса тартибсизлик ва зўравонликка олиб келиши ҳеч гап эмас.

27 июль, сешанба куни Байден АҚШ разведка идоралари ходимлари олдида сўзлаган нутқида яқинда Женевада Путин билан кечган учрашувини ҳам эсга олди. Унинг фикрича, Путиннинг “реал муаммоси” бор – бу Россия иқтисодиётининг заифлигидир.

АҚШ президентига кўра, Россия иқтисодиёти фақат ядровий қурол ва нефть ресурсларига таяниб қолган, Россиянинг “бошқа ҳеч вақоси йўқ”. Айни чоғда Байден ушбу муаммони англаши Путинни янада хавфли одамга айлантиришини урғулаган. Кеча Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Байденнинг сўзларига раддия берди.

Маъмурият вакиллари таъкидлашича, Жо Байден ҳамон Путинга ишонмайди ва у билан муайян яқин шахсий алоқалар ўрнатишга ошиқмаяпти. Оқ уй маъмуриятининг мақсади – Россия билан муносабатларда эртага нима бўлишини олдиндан тахмин қилиш мумкинлигига эришиш ва Кремлни сайловларга аралашиш ёки ҳакерлик ҳужумлари каби АҚШга тўғридан-тўғри йўналтирилган хатти-ҳаракатлардан тийилтиришдир.

“Politico” мақоласида бундай ёндашувга қўшилмайдиган Кремль танқидчиларининг фикрларига ҳам ўрин берилган. Улардан бири, “Hermitage Capital” раҳбари Билл Браудер ҳам Алексей Навальний тарафдорлари каби, россиялик энг йирик тадбиркорларга қарши санкциялар жорий этиш зарурлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG