Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:39

“Популист” Жапаров қирғиз-тожик алоқаларини яна хавфга қўйдими?


Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги миллатлараро қонли тўқнашувдан сўнг уларнинг умумий чегараларини демаркация қилиш масаласида бир оз ижобий силжишга эришилган эди. Аммо бир неча кун олдин Садир Жапаров ҳаммасини барбод қилаёзди – унинг сўзлари чегарадаги шусиз ҳам етарлича таранг вазиятни бадтар кескинлаштириши мумкин.

23 октябрдаги матбуот анжуманида Қирғизистон президенти 2009 йилги битимда тожик ҳудуди дея тан олинган “275 метр” ер ҳақида гапирди. Айни ҳужжат мазкур ернинг Қирғизистонга 49 йилга ижарага берилганини назарда тутади. Садир Жапаров эса ушбу жойни Қирғизистонга тегишли, деб айтди ва битимни тан олмаслигини билдирди.

Қирғизистон томонидан битимни 2009 йилда мамлакат Хавфсизлик кенгашига раҳбарлик қилган Адахон Мадумаров имзолаган эди.

Президентнинг изоҳига жавобан Мадумаров битимни мажбурий бўлмаган ҳужжат, деб атади ва ушбу масала муҳокамаси давом этишини айтди.

Жапаровга кўра, тожик томони музокараларда ҳужжат юридик кучга эгалигини ва ер Тожикистонга 1924 йилда, у Тожик Мухтор Совет Социалистик Республикаси сифатида ташкил этилган пайтда берилганини таъкидлаб келмоқда.

“Ундай бўлса, 1924 йилда биз сизларга уч миллион гектарли Мурғобни берганмиз. Уни ўзимизга қайтаринг”, деди Қирғизистон президенти ва тожик томони ушбу таклифни рад этганини қўшимча қилди.

Тожикистон асло рози бўлмаслиги табиий.

КИЧИК, АММО МУҲИМ ШАҲАР

Биринчидан, гап улкан ер майдони ҳақида кетмоқда. Иккинчидан, қарийб 16 минг аҳоли яшайдиган Мурғоб шаҳарчаси Тожикистон шимоли-шарқидаги энг катта аҳоли маскани саналади. Шимолда – Қирғизистоннинг Ўшига, жанубда эса Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази бўлмиш Хорог шаҳрига элтувчи йўл шу шаҳарча орқали ўтади. Ва бу – Хорогни Тожикистоннинг қолган қисми билан боғловчи икки йўлдан биридир.

Бироқ Мурғоб шаҳарчаси теварагидаги шимол ва шимоли‑ғарбга чўзилиб кетган йирик минтақа асрлар бўйи кўплаб этник қирғизларнинг ватани бўлган.

Тожикистон ҳукумати Жапаровнинг луқмасига расмий муносабат билдирганича йўқ, аммо 26 октябрь куни Тожикистон Демократик партияси Тожикистон ССР ташкил топганидан бери Мурғоб тумани республиканинг бир парчаси эканлиги ҳақида баёнот берди.

Партия етакчиси Саиджаъфар Усмонзода Озодликнинг тожик хизматига берган изоҳида Жапаровнинг Мурғобга оид сўзларини “давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокараларда Тожикистонга босим ўтказиш”, дея таърифлади.

Жапаровнинг иддаоси ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида, кутилганидек, асосан салбий акс-садо берди.

Сиёсий мавзуларга ихтисослашган тожик блогери Шерали Ризоён чегарага оид баҳсда ўз ҳукумати талқинини ҳимоя қилиб чиқди. 25 октябрда эълон қилган постида у Қирғизистон 49 йилга ижарага олган парча ер “ҳеч қачон унга тегишли бўлмаган”ини ёзди.

Жапаровнинг 2009 йилги битимни бекор қилиш тўғрисидаги баёнотини блогер “калтабинлик” деб атаган. Унинг фикрича, Жапаров ҳужжатни бир томонлама бекор қилмоқчи бўлса, “Тожикистон ўзининг миллий манфаатларига уйғун бўлмаган барча битимларни бекор қилиши мумкин”.

ЕР-СУВДАН ФОЙДАЛАНИШГА ТЎСИҚЛАР

Қишлоқ хўжалиги ерлари ва сувдан фойдаланиш чегарага туташ ҳудудлар аҳолиси учун тобора жиддий муаммога айланмоқда. Апрелдаги қонли тўқнашув ҳам икки мамлакат аҳолиси умумий фойдаланадиган кичик сув омборига камера ўрнатишга уриниш ортидан келиб чиққан эди.

Тўқнашувдан бир ой олдин, 26 мартда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистонга унинг Ворух эксклавини қирғиз ерларига алмаштиришни таклиф қилган эди.

Бунга жавобан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 7 апрелда Ворухга келиб, ҳудудни Қирғизистонга бериш хусусида гап бўлиши мумкин эмаслигини айтди.

Бу воқеаларнинг бари уч ҳафтадан сўнг чегарада қуролли тўқнашув чиқишига замин яратди.

23 октябрь куни Жапаров унинг ҳукумати 2021 йил апрелга қадар Ўзбекистон билан чегарани демаркация қилиш бўйича музокаралар билан овора бўлганини айтди.

“Шу пайтгача Ўзбекистон билан чегарани белгилаш устида ишладик, энди Тожикистон билан чегаралар масаласига навбат етди. Бунгача Тожикистон билан чегарага доир ҳужжатларни ўрганмаган эдим”, деди қирғиз президенти.

НОЖОИЗ ЖУМЛАЛАР

Жапаровнинг сўзлари ножоиз бўлди, чунки улар Душанбе билан алоқалардаги сўнгги пайтларда кузатилаётган айрим ижобий ўзгаришларга кўланка солади.

Қуролли низодан сўнг, апрель ойи охирида чегаравий масалалар бўйича қирғиз-тожик ишчи гуруҳи қайтадан фаолият бошлаган эди.

Июлдаги учрашув якунида томонлар қўшимча 48 чақирим чегара демаркация қилинганини ва бошқа 25 гектар ер бўйича келишувга эришишга яқин қолганларини маълум қилишди.

Апрелдаги можародан бери, сўнгги йилларда фаолияти тўхтаб қолган ишчи гуруҳ ой сайин учрашиб, музокара қилмоқда.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Эдил Байсаловнинг Қирғизистон қарийб икки минг чоғли тожик талабаларининг қирғиз ОТМларидаги ўқишини давом эттириш учун қайтишларига монелик қилмаслиги ҳақидаги баёноти ҳам икки мамлакат муносабатларининг илиқлашуви томон яна бир қадам бўлди, дейиш мумкин.

Апрель воқеаларидан сўнг Тожикистон фуқаролари Қирғизистонга кела олмаётган эди.

Кўпчилик, ҳатто Тожикистоннинг ўзида ҳам Жапаровнинг сўзларини популистик баёнот деб ҳисоблайди. Аммо Мурғоб туманига даъвони жиддий қабул қилувчилар ҳам бор ва бу чегарадаги кескинликни юмшатишга хизмат қилмаслиги тайин.

XS
SM
MD
LG