Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:43

OzodDayjest: “Ўзпахтасаноат” ва “Ўздонмаҳсулот” тизимида миллиардлаб сўмлик маҳсулот талон-тарож қилинган


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Марказий банки баландпарвоз гаплар билан аравани қуруқ олиб қочди. Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўзпахтасаноат” ва “Ўздонмаҳсулот” тизимида катта миқдордаги талон-тарож ҳолатларини аниқлади. Ўз холасининг уйига ниқоб тақиб босқин уюштирган тошкентлик йигит озодликдан маҳрум этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Марказий банк аравани қуруқ олиб қочди

Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Адҳам Исламов имзоси билан “Оила даврасида” газетасига йўлланган жавоб “аравани қуруқ олиб қочиш” деб баҳоланди (“Оила даврасида”, 15 февраль). Гап шундаки, газетанинг ўтган сонларидан бирида талабаларнинг республика банкларидан таълим кредити олишида муаммолар мавжуд экани, бу борада сунъий тўсиқлар борлиги танқид қилинган эди. Ушбу мақола юзасидан таҳририятга жавоб йўллаган Марказий банк раиси ўринбосари А.Исламов муаммо ҳақида лом-мим демасдан, таълим кредити олиш бўйича яратилган имтиёзлар хусусида баландпарвоз фикрларни баён этган. Хатда бошига мусибат тушаётган, яъни шартнома пулини тўлай олмагани боис ўқишдан ҳайдалаётган талабаларни қониқтирадиган бирор фойдали маълумот берилмаган. Газета таҳририяти Марказий банкни аравани қуруқ олиб қочиш ўрнига таълим кредити бўйича муаммоларни ҳал этиш борасида амалий ҳаракатлар қилишга ундаган.

Бош прокуратура қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларга ким тўсиқ бўлаётганига аниқлик киритди

Ўзбекистон бош прокуратураси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган бир қатор жиноятлар, жуда катта миқдорда талон-тарож ҳолатларини аниқлади (“Ҳуқуқ”, 15 февраль). Масалан, 2017 йилда “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги мансабдорлар томонидан 22 миллиардлик сўмлик пахта хомашёси ва маҳсулотлар талон-тарож қилинган. “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик тизимидаги корхоналарда эса қўшиб ёзишлар ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўйилгани оқибатида 95 миллиард сўмлик бошоқли дон маҳсулотлари талон-тарож қилинган.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида ер ажратишда таниш-билишчилик, порахўрлик ҳолатлари, мансабдорларнинг ўзи фермер хўжалиги ташкил этиб, унга ҳомийлик қилиб келгани аниқланган. Масалан, Каттақўрғон тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Р.Аминов “Саодат” фермер хўжалиги раҳбаридан 2 минг доллар пора олаётганида ушланган. Умумий ҳисобда 14,4 минг гектар ер ноқонуний ажратилгани аниқланган. Бош прокуратурага кўра, минерал ўғитлар ва чорва молларини ўзлаштириш билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳам аниқланиб, жиноий ишлар қўзғатилган.

Тошкентлик йигит холасининг уйига ниқобда босқин уюштирди

Тошкент шаҳрида яшовчи йигит ниқоб таққан ҳолда холасининг уйига босқин уюштирди (“Постда”, 10 февраль). Исми ошкор этилмаган йигит бадавлат холасининг уйига босқин уюштириш учун пухта ҳозирлик кўрган, жиноят учун шерик топган, бозордан қўлқоп, ниқоб учун қора футболка, скотч ва бошқа нарсалар сотиб олган. Йигит таниши билан холасиникига бостириб кириб, унинг қўл-оёқлари ва оғзини скотч билан боғлаб, 23 миллион сўм, 2250 доллар ва бир қанча қимматбаҳо тақинчоқларни ўғирлаб кетган. Аммо холаси жиянини овозидан таниб қолган ва у ўша куннинг ўзида қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди судьяси Қаҳрамон Мирсафоевга кўра, судда хола жиянини гуноҳидан ўтганини маълум қилган. Аммо бу ҳол икки йигитни жазодан озод этмаган. Уларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG