Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:04

МХХ раиси ва Бош прокурор тайинлови. Президент конституцияга амал қилаяптими?


Президент Мирзиëев ўз чиқишларида МХХ фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳозирланаëтганини тилга олди. Озодлик суҳбатлашган айрим таҳлилчилар¸ бу янги қонун конституцияга тегишли ўзгартишлар киритмай туриб қабул қилинса¸ унинг самарали бўлишига ҳозирданоқ шубҳа билан қарамоқдалар.

Гап шундаки, 31 январь куни президент Шавкат Мирзиëев Ўзбекистондаги энг қудратли идора – Миллий хавфсизлик хизмати раисини ишдан олди¸ ўша куниëқ мамлакат Бош прокурорини Миллий хавфсизлик хизматига раис этиб тайинлади.

Ўзбекистон конституциясида бу иккала раҳбарни ишдан олиш ва лавозимга тайинлаш президент ваколатига берилгани ҳолда¸ бундай тайинловга оид президент фармонларининг Сенат тасдиғидан ўтказилиши айтилган.

Ҳозирча Ўзбекистон Сенатининг Ихтиёр Абдуллаевни МХХ раиси¸ Отабек Муродовни эса Бош прокурор этиб тайинлаш ҳақидаги президент фармонларини тасдиқлаганига оид расмий хабар йўқ.

Конституцияга мувофиқ¸ янги Бош прокурор ва МХХ раиси Сенат тасдиғисиз иш бошлаши мумкинми?

Сенат бу фармонларни қанча вақт ичида тасдиқлаши лозим?

Сенатда президент Бош прокурор ва МХХ раиси этиб тайинлаган шахслар фаолиятини муҳокама қилиш¸ президент фармонини тасдиқламаслик эрки борми?

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Исомов Озодлик билан суҳбатда Бош прокурор¸ МХХ ва Марказий банк раисини ишдан олиш ҳам¸ ишга тайинлаш ҳам¸ Ўзбекистон конституциясига мувофиқ¸ мутлақ президент ваколатида экани ва бу ҳақдаги фармонларни тасдиқлаш¸ шунчаки процедура масаласи эканини айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:04 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдан англашилишича¸ президент Олий Мажлис ялпи йиғинлари орасида бу каби ишдан бўшатиш ва тайинловларга оид фармон чиқаради ва бу фармонлар чиққанидан кейинги парламент мажлисларида улар тасдиқдан ўтказилади.

Конституция матнида “Сенат тасдиғига киритади”¸ Сенат “тасдиқлаш ваколатига эга” деб ëзилганидан¸ бу жараëннинг шунчаки расмиятчилик экани англашилади.

Конституция¸ Бош вазир номзодини кўриб чиқиш¸ тасдиқлаш¸ унинг ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколатини Олий Мажлисга бергани ҳолда¸ МХХ раиси ва Бош прокурор номзодини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш ваколатини парламентга бермаган¸ бу ваколатни фақат бир шахс – президентга топширган.

“МХХ ва Бош прокуратурaни бир одам – президентга бўйсундириш диктатурага элтади!”

Бу гапни Ўзбекистон парламентининг 1991 йил 30 сентябрь кунги 7-сессиясида депутат¸ мутахассислигига кўра ҳуқуқшунос бўлган Шуҳрат Нусратов айтган эди.

Бундай огоҳлантиришга эса¸ Ўзбекистон мустақиллигидан саноқли кунлар ўтиб¸ президент Ислом Каримов чиқарган фармон асос бўлган эди.

1991 йилнинг 26 сентябрь куни президент Каримов кетма-кет иккита алоҳида фармонга қўл қўяди.

265-сонли президент фармонига кўра¸ Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги республика комитети тугатилади ва Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик бошқармаси тузилиб, бу идора биргина шахс - Республика Президентига бўйсундирилади.

Айни кунги 266-сонли фармони билан Каримов ўзи Қашқадарë области компартиясининг 1-котиби бўлиб ишлаган даврда Қашқадарë КГБсига бошчилик қилган Ғулом Алиевни МХХ (дастлабки номи МХБ) раиси этиб тайинлайди.

Бу қарордан уч кун ўтиб¸ парламент 7-сессиясида депутат Шуҳрат Ғуломов¸ уни бекор қилишни кун тартибига киритишни сўраб¸ сўзга чиқади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00
Бевосита линк

- Бугунги йиғилиш кун тартибига¸ Ўзбекистон президентининг 26 сентябрь кунги МХХ ташкил қилиш ¸ хусусан унинг Олий Совет (ўшандаги парламент номланиши – таҳр.)ни четлаб ўтиб¸ шахсан президентга бўйсундирилишига оид қарорини халққа қарши¸ демократияга қарши¸ конституцияга қарши¸ айни пайтда диктатурага элтувчи қарор сифатида бекор қилиш масаласини киритишни сўрайман.

Бу қарорнинг иккинчи пунктини ўқийман. “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик бошқармаси тузилиб, Республика Президентига бўйсундирилсин.” Бундай меъëр дунëдаги бирор демократик давлатда йўқ. Ҳатто бирор тоталитар ва диктатура давлатида ҳам бундай меъëр расман¸ ҳужжатларда мавжуд эмас.

Бундай қарор билан ўтмишдаги ишлари ҳаммамизга маълум бўлган разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда давлатнинг сайланадиган олий органи назоратидан чиқарилиб¸ битта одамнинг қўлига берилмоқда. Бу ақл бовар қилмас иш! Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди¸ ўртоқлар!

Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ президентимизнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади¸" деган эди Шуҳрат Нусратов 1991 йилнинг 30 сентябрь кунги парламент мажлисида қилган чиқишида.

Депутатнинг бу башорати кўп ўтмай рост бўлиб чиқди – парламентдаги мухолиф руҳдаги депутатлар қамоқларга ташланди, улар қаторида Нусратовнинг ўзи ҳам¸ қолганлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

“МХХга бу ваколатни берган одам йўқ энди!”

Орадан 27 йил ўтиб¸ Ўзбекистоннинг 2-президенти Шавкат Мирзиëев МХХни “халққа хизмат қилмайдиган” тизим эканини эътироф этди¸ унинг қатор генералларини сотқинлик ва коррупция учун жазолаганини билдирди.

Шу кунларда ўзбекистонликлар оғзидан тушмаëтган баëнотида Мирзиëев МХХдагиларга бундай ваколатни берган одам энди йўқлигини таъкидлайди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:44 0:00
Бевосита линк

Кузатувчилар¸ бу гапнинг МХХни ўз ҳокимиятининг бош қўриқчи-таянчига айлантирган 1-президенти Ислом Каримовга тегишли эканини тахмин қилмоқда.

Айни пайтда уларни МХХнинг 27 йиллик жиноятлари тафсилотидан тўлиқ хабардор Шавкат Мирзиëев Шуҳрат Нусратов даҳшатини олдиндан башорат қилган 265-сонли қарорни бекор қилиб¸ конституцияга тегишли ўзгартиш киритишга сиëсий ирода топа оладими¸ деган савол ўйлантирмоқда.

- Мирзиëев ўзини ўзидан ҳимоя қилиш учун ҳам бу қарорни бекор қилиб¸ парламентга МХХ ва бошқа кучишлатар тизими фаолиятини назорат қилиш¸ бу идоралар раҳбарларидан ҳисоб талаб қилиш¸ уларни ишдан олиш ва тайинлаш ваколатини бериши керак. Лорд Жон Дальберг-Актоннинг "ҳар қандай ҳокимият одамни бузади¸ мутлақ ҳокимият эса¸ одамни мутлақ бузади"¸ деган машҳур гапи бор. Агар МХХ яна битта шахсга бўйсунишда давом этаверса¸ эртага унинг яна бир шахс диктатурасини яратиш таҳдиди қолаверади. Мамлакатда турли табақалар қараш ва манфаатларини акс эттирувчи ҳақиқий сиëсий партиялар тузилиб¸ парламент демократик тарзда сайланса¸ қудратли давлат тизимлари халқ сайлаган депутатларга¸ депутатлар эса¸ ўз сайловчиларига ҳисоб берадиган бўлгандагина¸ МХХ ва президентнинг Ўзбекистонни навбатдаги диктатурага тортиш хавфи камаяди¸ дейди 14 февраль куни Озодлик суҳбатлашган Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов.

XS
SM
MD
LG