Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:32

Миромон Мирзиёев номли тиббиёт бирлашмасининг ўттиз ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирди


Миромон Мирзиёев номли Зомин туман тиббиёт бирлашмаси
Миромон Мирзиёев номли Зомин туман тиббиёт бирлашмаси

Жиззах вилояти Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам шохобчаларида ишлайдиган 30 нафардан ортиқ ҳамшира, дори тахловчи, санитарка ва диспетчер 18 июнь куни туман Халқ қабулхонасига бориб, ишдан ноқонуний бўшатилаётганига қарши норозилик билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрида иш бошлаган бу тиббиёт ходимлари, бирлашма раҳбарларини коррупцияда айблаб, аризаларини халқ қабулхонасига топширган.

Тиббиёт бирлашмаси раҳбари ходимларнинг Халқ қабулхонасига шикоят қилиб борганини тасдиқлар экан, уларнинг ёппасига қисқартирилаётганини инкор қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг отаси Миромон Мирзиёев номига қўйилган Зомин тиббиёт бирлашмасининг ўттиздан ортиқ ходими 18 июн куни туман халқ қабулхонасига арз қилиб боргани ҳақида, исми сир қолишини сўраган шикоятчилардан бири Озодликка хабар қилди:

“Ўтган йилнинг ноябр - декабр ойида Зомин тумани қишлоқларида тез ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, ҳамшира, санитарка, диспетчер, дори тахловчи штатларига 103 нафар одам ишга олинган эди. Энди эса штат қисқаряпти деб, бизни ишдан бўшатишмоқчи. Ҳаммага огоҳлантириш мактублари берилган. Бу ходимларнинг аксарияти ишга кириш учун бир миллион сўмдан уч миллион сўмгача пора беришга мажбур бўлганини Халқ қабулхонасидаги мулозимларга айтишди. Улар бу гапларнинг ҳаммасини видеога олиб Тошкентга юборишларини ва у ердан бу муаммони ўргангани махсус комиссия келишини айтгандан сўнг, аёллар тарқади”.

Норозилик билдирган ходимлардан бирининг мактуби
Норозилик билдирган ходимлардан бирининг мактуби

​Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётгани ҳақида огоҳлантириш хати олган ҳамшира Ҳилола Кубаеванинг Озодликка айтишича, халқ қабулхонасида барча аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган:

“Сешанба куни мен ишда эдим. Ишдан бўшатилаётган ходимлар Халқ қабулхонасига боришганда мени ҳам чақиришди. Борсам ишчиларимиз ишга кириш учун пора беришга мажбур бўлишганини, лекин беш-олти ой ишламай ишдан бўшатилаётгани ҳақида куйиб гапираётган экан. Биз ҳам гапирдик”

Ҳилола Кубаеванинг айтишича, норозилик билдирган аёлларга тиббиёт бирлашмаси мулозимлари қаттиқ босим ўтказган:

“Кеча Халқ қабулхонасига бориб, олинган видеодан нусха беришни талаб қилдим, Тошкентга юборганмиз деб, беришмади. Икки ходимнинг аризасидан нусха олиб келдим. Бугун эса ўша норозилик билдирган ҳамкасбларим телефон қилиб, бизни бошқа безовта қилманг, ишдан ҳайдаса ҳам розимиз, тинч қўйишса бўлди, дейишяпти. Мен эса охиригача бораман. Менку пора бермай халқ қабулхонаси орқали ишга кирганман, лекин ўша куни ўнлаб аёллар коррупция тиббиёт бирлашмасида чуқур илдиз отиб кетгани ҳақида мулозимларга айтишди. Тошкентдан махсус комиссия келсин, адолатли текширсин, буларнинг ҳамма найранглари фош бўлади”.

Зомин тиббиёт бирлашмаси раҳбари имзоси билан ходимга юборилган огоҳлантириш хати
Зомин тиббиёт бирлашмаси раҳбари имзоси билан ходимга юборилган огоҳлантириш хати

Озодлик олган маълумотга кўра, ходимлар норозилигидан сўнг бирлашма кадрлар бўлими бошлиғи, катта ҳамшира ва бошқа мулозимлар норозиликка чиққан ҳар бир ходимнинг уйига бориб, уни даъволаридан воз кечишини талаб қилган:

“Агар пора берганман десаларинг, ўзларинг ҳам қамаласизлар, яхшиси аризаларингни қайтариб олинглар, деб эрларимиз, оталаримиз орқали босим ўтказяпти”, деди исми сир қолишини сўраган ҳамширалардан бири.

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган бирлашма шифокорларидан бирининг айтишича, агар ҳақиқатан ҳам холис комиссия президент отаси номидаги тиббиёт бирлашмасини текшириб чиқса, кўп адолатсизликлар намоён бўлади:

“Бу бирлашмадаги адолатсизликларни санаб адоғига етолмайсиз. Касалларнинг озиқ-овқат таъминотидаги ўғирликлар, “ўлик штатлар”, моддий ёрдамларнинг асл эгаларига етиб бормаётгани, мукофотларнинг фақат раҳбарларнинг яқин одамларига берилаётгани, буларнинг ҳаммаси холис ревизия қилинса, кўп нарса чиқиб келади”.

Зомин тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи Рустам Ибрагимов Озодлик билан суҳбатда ходимларнинг Халқ қабулхонасига арз қилиб борганини тасдиқлар экан, буни англашилмовчилик деб атади:

- Ходимларнинг ишдан бўшатилиши деган гап йўқ. Буларнинг қабулхонага боргани, қандайдир ноқонуний агитация бўлган. Бир аёл агитация қилган. Бугун ҳам бориб ўша аёллар билан гаплашдик, улар ўша аёл айтгани учун бордик, кейин видеога олиб гапиртирмоқчи бўлганда биз кетдик, дейишди. Ҳаммаси ойлигини олиб, ишлаб юрибди. Тез тиббий ёрдам шохобчаларида фақат дори тахловчи ва диспетчер штатлари масаласи бўлиб турибди. Масалан, дорини ҳар ким ҳам тахлай оладику. Биз тез тиббий ёрдамни марказлаштираётганимиз учун диспетчер масаласи ҳам бор. Лекин бу ходимларга бошқа жойдан иш топиб беришга ҳаракат қиламиз.

Бош врач ходимларнинг коррупция ҳақидаги иддаоларига мужмал жавоб берди:

“Ҳар бир ходим мендан ташқари профсоюз, тез ёрдам бўлими бошлиғи, юрист, кадрлар бўлими бошлиғи ва ўша ходимнинг бирор яқини иштирок этган имтиҳонда танлаб олинади. Масалан бешта даъвогар бўлса, энг яхшиси олинади. Яна энди. Қандай ўйинлар бўлган, мен билмайман. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман, лекин коррупция борлигини кузатмаганман”

Бош врач ҳеч бир ходимга огоҳлантириш мактуби юборилмаганини айтди.

XS
SM
MD
LG