Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг Туркманистон ва Қозоғистонга қилган расмий сафарлари давомида олинган сурат ва видеоларда унга кенжа куëвнинг ҳамроҳлик қилгани кўрилди.
Хусусан¸ Туркманистоннинг давлатга қарашли “Олтин аср” телеканали 7 март куни намойиш қилган видеолавҳада президент Мирзиëевнинг орқасида унинг куëви Отабек Шаханов ўтиргани акс этди.
22-23 март кунлари Шавкат Мирзиëевнинг Қозоғистонга қилган сафари давомида куëв Отабек Шахановнинг бўйнига тансоқчилар бейжигини осган тарзда унга ҳамроҳлик қилгани Қозоғистоннинг akorda.kz портали ëйинлаган фототуркумларда акс этди.
Қозоғистонлик журналист Эржон Қорабоев бу суратларда Отабек Шахановнинг Қозоғистон президенти тансоқчиси билан ëнма-ëн турганига эътибор қаратиб¸ биринчи шахс ортида протоколга кўра¸ биринчи даражали тансоқчилар туришини таъкидлади.
Centre1.com нашри Отабек Шахановнинг исми Ўзбекистон расмий делегацияси рўйхатида бўлганини ëзди. (Бу рўйхат Озодлик ихтиëрида йўқ.)
Ўзбекистон ҳукуматининг январь ойида маҳаллий теленакаллар намойиш этган видеолавҳасида ҳам Ойбек Шахановга жуда ўхшаш шахснинг залдаги расмийлар орасида ўтиргани кўрилган эди.
Ўзбекистон юқори ҳукумат доираларига яқин тадбиркор исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка Отабек Шаханов президентнинг илк хориж сафарларида қайнотасига тансоқчиси сифатида қатнашганини билдирди. Унга кўра¸ Отабек Шаханов 2017 йилнинг январь ойида президент шахсий қўриқчилари гуруҳига ишга олинган. Мирзиëев ўз куëвини хавфсизлик тизимларига ишга олганини Eltuz.com нашри 8 январь куни ëзиб чиққан эди. Нашр иддаосига кўра¸ Отабек Шаханов январь бошида президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Бу иддаони Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон президенти девонига яқин мулозим ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда Отабек Шахановнинг президент хавфсизлиги учун масъул лавозимга тайинлангани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Озодлик радиоси бош муҳаррири Ноа Такернинг бу борада президент виртуал қабулхонасига йўллаган ëзма сўровига Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Қаипберганов 17 март куни “хатингизда кўрсатилган маълумотлар тўлиқ эмас” деган асосда жавоб бермади.
Кўринмас куëв
Кенжа куëв Отабек Шахановнинг мажлис ва расмий ташрифларда президент Мирзиëев орқасида юргани фото ва телекамералар назаридан қочиб қутулмаëтган айни пайтда¸ катта куëв Ойбек Турсунов борасида маълумот жуда кам. Отабек Турсуновнинг қайнотаси ëнида тушган сурати биринчи марта 4 декабрдаги сайлов кунида матбуотда эълон қилинди.
Ўзбекистондаги бошқарув доираларига яқин тадбиркорнинг Озодликка айтишича¸ катта куëв Ойбек Турсунов президент маъмурияти раҳбари Зелимхон Ҳайдаровнинг ўринбосари этиб тайинланган.
“Ҳар иккала куëв ҳам эрталаб президент билан бирга ишга келиб¸ бирга қайтади. Биттаси тансоқчилар раҳбарининг ўринбосари¸ яна бири эса управдел бошлиғининг муовини” деди бу тадбиркор.
Озодлик суҳбатлашган яна иккита мулозим айтган бу маълумот ҳам ҳозирча расман жамоатчиликка эълон қилинмади.
Озодликнинг бир-биридан мустақил ҳукумат доираларига яқин манбаларига кўра¸ Ойбек Турсунов президент маъмуриятининг амалдаги асосий раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Амалдор божалар ҳақида нега расмий маълумот йўқ?
Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистондаги мулозим ва журналистлар Мирзиëев куëвларининг лавозимга тайинлангани борасида кўпчилик билиши ва маъқуллашини айтган ҳолда¸ бу борада сукут сақлашни маъқул кўришди. Шавкат Мирзиëев ва президент маъмурияти бошлиғи Зелимхон Ҳайдаров билан шахсан яқинлигини айтган журналистга кўра¸ президент куëвларининг давлат лавозимида бўлиши Ўзбекистонда ҳеч кимда таажжуб уйғотмаган.
2 сентябрь куни вафот этган Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова Ташқи Ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган эди. Бундан олдинги раҳбарлар¸ хусусан¸ шу кунларда 100 йиллиги нишонланаëтган Шароф Рашидов ҳам ўз куëви Абдулазиз Комиловни Совет Иттифоқи хавфсизлик тизими бўлган КГБ идорасида ишлашини таъминлаган эди.
Ушбу мавзуга оид Қурултой эшиттиришини мана бу ерда тингланг:
Оилавий пудрат ëки кўрпа остидаги "демократия"
Шу кунларда кескин ўзгариб бораëтган дунë сиëсати реаллигида ўз куëвини раҳбар лавозимига тайинлаш фақат Ўзбекистон каби Шарқ давлатларигагина оид «ўзига хослик» бўлмай қолди.
АҚШ матбуоти айни кунларда 36 яшар куëви Жаред Кушнерни юқори лавозимга тайинлаган президент Трампни танқид қилмоқда.
Оқ уй маъмурияти ва адвокатлар Трамп куëвининг федерал қонунларни бузмасдан лавозимга тайинланганини айтишмоқда. АҚШ Адлия вазирлиги бу маълумотни жорий йил январида тасдиқлаган.
Кушнер бундан аввал кўчмас мулк ва медиа соҳаларида ишлаган. Ҳозирги кунда у ҳам президентнинг юқори даражали маслаҳатчиси, ҳам янги яратилган Америка инновация марказининг етакчисидир.
Марказ зиммасига мамлакатдаги ижтимоий муаммолар, жумладан, гиёҳвандлик муаммосини ҳал қилиш юклатилган.
Жорий ҳафта Оқ уй президентнинг 35 яшар қизи Иванка Трапм “президент ёрдамчиси” лавозимига тайинланиши ҳақида билдирди. Трампнинг бу қизи ҳозиргача тадбиркорлик ва дизайнерлик билан шуғулланиб келган.
АҚШда ўз оила аъзоларини юқори давлат лавозимларига тайинлаш XX асрнинг 60- йилларига қадар баъзи-баъзида кузатилган. Бироқ, президент Кеннедидан кейин қабул қилинган непотизмга қарши федерал қонун билан АҚШ бўйлаб барча давлат амалдорларига яқинларини ўзи бошқарувида бўладиган лавозимларга ишга олиш тақиқлаб қўйилган.
Лекин бу йил АҚШ Адлия вазирлиги қабул қилган қарорга биноан, мамлакат президенти ўз яқинларини "Президент маслаҳатчиси" лавозимига ишга олиши мумкин. Бошқа лавозимларга нисбатан непотизмга қарши федерал қонун талаблари ишлайверади.
Совет меросими?
Собиқ совет мамлакатларида президентларнинг ўз болалари, қудалари ва куёвларини юқори давлат лавозимларига тайинлаши кенг тарқалган ҳодисага айланган.
Хусусан¸ Тожикистонда президент Эмомали Раҳмоннинг еттита куёви ҳукуматдаги юқори иқтисодий ва молиявий лавозимларда ишлайди. Қозоғистонда “собиқ куёв” Роҳат Алиев Қозоғистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланган¸ айни пайтда мамлакатдаги энг сердаромад иқтисодий йўналишлар етакчиси ўлароқ ишлаган.
Борис Ельциннинг қизи Татьяна ҳам Иванка Трамп каби отасига расмий маслаҳатчи лавозимида ишлаган. Татьянанинг эри Борис Юмашев эса қайнотаси президентлигининг сўнгги ойларида президент маъмурияти етакчиси лавозимида ишлаган эди.