Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:09

Пули тўланмаган ҳайкаллар. «Ғалаба боғи»ни безаган рассом ва ҳайкалтарошларга ҳақ тўланмади


"Ғалаба боғи"даги ҳақини ололмаган рассомлар ўз асари фонида
"Ғалаба боғи"даги ҳақини ололмаган рассомлар ўз асари фонида

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг 17 нафар аъзоси «Ғалаба боғи» ва Адиблар хиëбонидаги панно ва ҳайкаллари учун иш ҳақи олмаганидан шикоят қилиб, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаевга мурожаат қилди.

Озодликда нусхаси бўлган ушбу мактубга Ўзбекистон халқ рассоми Илҳом Жабборов¸ таниқли ҳайкалтарошлар Улуғбек Усмонов, Солий Қодиров¸Тўлаган Тожихўжаев каби ўнлаб санъат намояндалари имзо чеккан.

Шикоят хати
Шикоят хати

Шикоят хатида 2019 йилда рассом ва ижодкорлар Ўзбекистон президенти топшириғига биноан иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба акс этган 30 метрлик панно ва барельефларни ҳамда Адиблар хиëбонидаги 13 та ҳайкални ясагани учун бир тийин ҳам пул олмагани айтилади.

"Ғалаба боғи"
"Ғалаба боғи"

Озодлик “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, “Шон-шараф” музейи, “Ғалаба” музейи, ҳарбий шаҳарча, совет аскарини улуғловчи экспозициялардан ўрин олган ҳайкалларни яратган 71 яшар ҳайкалтарош Маис Сафарян билан суҳбатлашди.

Сафарянга кўра¸ келишувда кўрсатилган 80 миллион сўм ҳануз тўланмаган.

«Бугун яна сўрадим. Келаси ҳафта тўлаймиз¸ дейишди. Бир йилдан бери шу гапни эшитиб келамиз. Биз барча ҳайкал ва барельефларни қусурсиз ишлаб топширдик. Қанча меҳнат ва материал сарф бўлди. Лекин ҳақимизни ололмадик»¸ - дейди кекса ҳайкалтарош.

Бобур ҳайкалига ҳам пул тўланмаган

Озодлик билан суҳбатда Адиблар хиëбонидаги Бобур ва Александр Файнберг ҳайкалларини яратган ҳайкалтарошлар ҳам иш ҳақи ололмаганини билдиришди.

Озодлик тасарруфида Ўзбекистон бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов ва ” “Трест 12“ АЖ раҳбари ўртасида тузилган шартнома нусхаси бор. Ушбу ҳужжатга кўра, рассомлар «Ўзбекистонликларнинг Улуғ Ватан урушидаги ғалабага қўшган ҳиссаси» мавзуидаги деворий монументал асарни яратишлари¸ “Трест 12“ АЖ эса тўрт миллиард олти юз қирқ саккиз миллион тўққиз юз саксон икки минг ўн сўмни тўлаши» шарт эди. Аммо асар топширилганидан бир йил ўтиб ҳам ҳақ тўланмаган.

Гап “Ғалаба” боғидаги музей учун баландлиги 5 метр¸ узунлиги эса 30 метрлик рангтасвир панно ҳақида кетмоқда. Асарни ишлаган аммо ҳақ олмаган 55 яшар талантли рассом Алишер Алиқулов Озодлик билан суҳбатда ўз асари “ўзбек халқининг улуғ ватан урушидаги мададини” акс эттирганини таъкидлайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Ғалаба боғи" очилишида
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Ғалаба боғи" очилишида

“Трест 12“ АЖ нинг Озодлик боғланган вакили нега рассомларга ҳақ тўланмаганини тушунтириб бера олмади. Исмини айтмаган вакил «пандемия боис юзага келган молявий қийинчилик»ни сабаб қилиб кўрсатишга уринди.

Бу қиммат лойиҳанинг нега тендер ўтказилмасдан айни ширкатга топширилгани борасидаги Озодлик саволига “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ“ бош меъмори Гулшоира Магаметова жавоб бера олмади.

Тошкентда президент Мирзиëев буйруғига асосан қурилган “Ғалаба боғи” марказидаги совет аскарига ўрнатилган ҳайкал бу маскандаги рамзий дарвоза – "Ғалаба аркаси" муаллифларига ҳам пул тўланмаган.

Озодлик мухбири Олмазор туманида яратилаëтган “Ғалаба” боғида ишлаëтган дизайнер рассом билан суҳбатлашди. Ўзини Ренат Иброҳимов деб таништирган дизайнерга кўра¸ Хитой Халқ Республикасидан келган ҳайкалтарошларга ҳам ҳануз хақ тўланмаган.

Хитойлик ҳайкалтарошлар “Россотрудничество” федерал агентлиги кураторлари билан бирга “Улуғ ғалаба” деган барельефни яратишган эди.

Ашуласи бор, араваси йўқ

Дизайнер Ренат Ибрагимов ҳақи тўланмаган асарларнинг бадиий қиймати ҳаминқадар бўлганини буни буюртма қилган мулозимлар савияси билан боғлади.

«Президент ҳам, Бош вазир ҳам, Админстрация каттаси ҳам ўзини улуғ ҳайкалтарош ва рассомлик санъати билимдони, деб билади. Аслида уларнинг бу соҳадаги билими ўта примитив. Шу примитив зеҳниятдан келиб чиқиб ва Россияга ëқиш иштиëқи билан буюртма беришди. Лекин буларнинг чўнтаги ҳам қуруқ экан. Буюртмага пул тўлай олишмади. Аравасига тушсанг, ашуласини ҳам айтасан дейишади-ку. Буларнинг араваси ҳам йўқ»,- деди дизайнер.

Россия Дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев Озодлик билан 2019 йил майида, «Ғалаба боғи» очилган кунги суҳбатида "Ўзбекистон советча пропаганда бўйича Россиядан ўзиб кетгани"ни айтган эди.

"Россиядаги аксар зиëлилар бундай ëндашувдаги “санъат” устидан кулишади. Ўзбекистон яна эски совет пайтидаги каби, Москвага лаганбардорлик қилишда колхозча провинциянинг ноëб турини кўрсатди. Уят"¸ - деган эди у.

Совет рамзларининг қайтиши

Россия улуғдавлатчилик ғояларини тараннум қиладиган дизайнерларнинг Ўзбекистонни “фатҳ” қилиши Мирзиëев иқтидори даврида бошланди.

Украина хавфсизлик хизмати томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи исталмаган шахслар рўйхатига киритилган россиялик дизайнер, 43 яшар Артемий Лебедев 2018 йили Тошкент шаҳар ҳокимлигида қабул қилиниб¸ пойтахтни безаш бўйича астрономик суммадаги пулга буюртма олган ва бу пул тўланган эди.

Лебедев 2014 йилда Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ярим ороли логотипини чизган эди.

2018 йил 2 ноябрь куни Россия ашаддий миллатчилари доҳийси Владимир Жириновскийнинг Бухорода юқори мартабали ўзбек расмийлари томонидан тантанали кутиб олиниши ўзбекистонликларнинг норозиликларига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG