Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Путин Украинадаги уруш жиноятлари учун халқаро маҳкамага тортиладими?


Владимир Путин Кремлдаги маросимда. 23 май, 2019.
Владимир Путин Кремлдаги маросимда. 23 май, 2019.

АҚШ Президент Жо Байден душанба куни Украинанинг Буча шаҳрида содир этилган оммавий қирғин учун Россия президенти Владимир Путинни жавобгарликка тортишга чақирди, бироқ Reuters агентлигининг ёзишича, бу унчалик ҳам осон эмас.

ФУҚАРО ОБЪЕКТЛАРИНИНГ НИШОНГА ОЛИНИШИ УРУШ ЖИНОЯТИМИ?

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд уруш жиноятларига Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Женева конвенциясининг "жиддий бузилиши" деб таъриф беради. Конвенцияда уруш вақтида амал қилиниши керак бўлган инсонпарварлик қонунлари белгилаб қўйилган.

Буча мэрининг ўринбосари якшанба куни 50 нафар аҳоли рус қўшинлари томонидан судсиз қотиллик қурбони бўлганини айтди.

Сетон Холл университети ҳуқуқ факультетининг халқаро жиноий ҳуқуқ ва миллий хавфсизлик бўйича олими Жонатан Хафетснинг айтишича, Бучада даъво қилинган, тинч аҳолининг қатл этилиши "аниқ уруш жинояти" ҳисобланади.

Россияликлар Буча қирғини ҳақида нима билишади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги "махсус ҳарбий операция"да тинч аҳоли нишонга олинганини рад этди ва Бучадаги жасадлар акс этган кадрлар ва фотосуратлар Украина ҳукуматининг "яна бир провокацияси" эканини иддао қилди.

ТЕРГОВЧИЛАР ДАЛИЛЛАРНИ ҚАНДАЙ ТЎПЛАЙДИ?

Нью-Йоркдаги “Очиқ жамият адолат ташаббуси” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Жеймс Голдстоннинг айтишича, Бучадан олинган суратлар ва хабарлар Украинадаги терговчиларга ваҳшийликлардан омон қолганларни кузатиб бориш имконини беради.

Украина кучлари рус аскарларини қўлга олди, бу ҳам далилга эга бўлишнинг яна бир йўли.

Бироқ баъзи экспертларнинг таъкидлашича, прокурорлар гувоҳлар қўрқитилиши ёки гапиришни истамаслиги туфайли далилларни топишда қийналиши мумкин.

Уруш жинояти бўйича жавобгарликка тортиш учун терговчилар даъволарни асослаши ва судланувчининг айби ҳеч бир шубҳасиз исботланиши керак, дейди экспертлар.

Прокурор Путин ёки бошқа давлат раҳбари тўғридан-тўғри ноқонуний ҳужумга буйруқ бериб, ҳарбий жиноят содир этгани ёки жиноят содир этилаётганини била туриб, унинг олдини олмагани ҳақида далиллар келтириши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Бучадаги ҳаракатларга Россия ҳукуматининг юқори доиралари томонидан буйруқ берилганми ёки йўқлигини айтишга ҳали эрта, бироқ Украинанинг бошқа жойларида ҳам шунга ўхшаш ваҳшийликлар содир этилса, бу юқори амалдорларнинг сиёсатига ёки кўрсатмаларига ишора қилиши мумкин.

СИРТДАН СУД БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон 28 февраль куни босқиндан кейин уруш жиноятлари бўйича тергов очилганини маълум қилган эди. Украина ва Россия ХЖС аъзоси бўлмаса-да, Украина аввалроқ Россиянинг Қримни аннексия қилишини ўз ичига олган терговни маъқуллаган.

Агар прокурорлар уруш жиноятлари содир этилганига ишонтира оладиган "асосли далиллар" кўрсата олса, ХЖС ҳибсга олишга ордер беради.

Бироқ на Россия ва на Украина ХЖС аъзоси эмас, Москва трибунални тан олмайди ва ҳамкорликдан деярли воз кечиши аниқ.

Reuters мақоласида келтиришича, ҳар қандай суд судланувчи ҳибсга олинмагунча кечиктирилади, чунки ХЖС кимнидир "сиртдан" судлай олмайди.

"Оммавий айблов айбланувчини қоралайди ва босимни келтириб чиқариши мумкин, бу эса вақт ўтиши билан ҳибсга олишга сабаб бўлиши мумкин".

ХЖС дан ташқари, 1990 йилларнинг бошларидаги Болқон уруши ва 1994 йилдаги Руанда геноциди пайтида содир этилган ҳарбий жиноятларни текшириш учун тузилган судлар каби алоҳида трибунал суд тузилиши мумкин.

Буча қирғини гувоҳлари: 5 март куни снайпер келиб кўчада ким кўринса ота бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:46 0:00

ТЕРГОВ ҚАНЧА ВАҚТ ОЛИШИ МУМКИН?

Ҳуқуқий экспертларнинг таъкидлашича, уруш жиноятлари бўйича айбловлар уч ойдан олти ойгача бўлган вақт ичида эълон қилиниши мумкин, аммо ишни кўриб чиқишга йиллар кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Собиқ Югославия бўйича Халқаро жиноий трибунал ўзининг биринчи айблов хулосаси бўйича ҳукм чиқаришига икки йил керак бўлган. Трибунал ўша пайтдаги Югославия президенти Слободан Милошевичга 1999 йилда айблов эълон қилган ва 2001 йилда уни ҳибсга олган. Унинг суди 2002 йилда бошланган ва 2006 йил, у Гаагада вафот этгунига қадар давом этган эди.

XS
SM
MD
LG