Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Путин намойишларни бостиришда казаклардан кўпроқ фойдаланишга қарор қилди


Владимир Путин Росгвардия таркибида казак бўлинмалари ташкил қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади. “Этник казаклар бу ғояни ҳазм қила олмайди. Бу шусиз ҳам етарли бўлган жазоловчи органлар сонини кўпайтиришдан бошқа нарса эмас”, дейди “Умумказаклар жамоат маркази” раҳбари Александр Дзиковицкий.

Казакларга шартнома асосида хизмат таклиф қилиб, уларни Россия кучишлатар тузилмаларининг бир қисмига айлантириш таклифи Путиннинг казаклар ишлари бўйича маслаҳатчиси, собиқ бош прокурор Юрий Чайкадан чиққан эди.

Россиянинг айрим шаҳарларида казакларнинг кўчаларда патруллик қилиши, ҳатто полиция ҳимоясида мухолифат намойишларини тарқатиши одатий тус олиб бўлган.

Чунончи, 2018 йилда “казак дружиначилари” Алексей Навальний тарафдорларининг “У бизга шоҳ эмас” акцияси иштирокчиларига ҳужум қилган эди. Ўша воқеадан сўнг журналистлар казакларни Москва шаҳри маъмурияти ўз ҳисобидан тайёрлаганини аниқлаган.

“Казак дружиначилари” Алексей Навальний тарафдорларининг “У бизга шоҳ эмас” акцияси иштирокчиларига ҳужум қилмоқда¸ 5 май 2018 йил
“Казак дружиначилари” Алексей Навальний тарафдорларининг “У бизга шоҳ эмас” акцияси иштирокчиларига ҳужум қилмоқда¸ 5 май 2018 йил

Давлатнинг назарида Россиядаги махсус казак жамиятлари реестрларига қайд этилганларнинг ҳаммаси казаклар саналади. Бироқ Александр Дзиковицкийга кўра, мазкур реестр казаклар муҳитини парчалаш ва улар орасидан ҳокимиятга хайрихоҳларни ажратиб олиш мақсадида тузилган.

Дзиковицкий эса фақат “табиий казаклар”, яъни аждодида казак бўлганларгина “казак” аталишга ҳақли, дейди. Реестрга кирган казакларнинг аксарияти, унинг фикрича, шунчаки “опричниклар”: “Улар казак уст-бошини кийиб юришга ишқибоз, бунинг учун уларга қандайдир имтиёз берилади”, дейди у. Дзиковицкийга кўра, кўплаб тоза казаклар реестрга ёзилгач, кўп ўтмай ҳафсалалари пир бўлиб фамилияларини ундан ўчиртиришмоқда.

У казакларни Росгвардия таркибига олиш ғояси мутлақо ёқмаганини айтади:

“Казаклар телефон қилиб фикримни сўрашди. Очиғини айтдим: бу шунчаки жазоловчи органларни кўпайтириш. Иккинчи сабаби – тежамкорлик: казакларга бошқаларга қараганда камроқ тўлашади. Ниҳоят, бу “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсатидир. Яъни, казаклар қолган бутун аҳолига қарши қўйиляпти. Оддий одамлар эса сохта казак билан асл казакни ажратиб ўтирмайди – барчасидан бирдай нафратланади”.

Кўчаларда патруллик қилиб митингчиларга ташланадиган казаклар нафақат полиция, балки ФХХ (ФСБ) билан ҳам узвий боғлиқ. Дзиковицкийнинг айтишича, 90-йилларда ФХХ ҳомийлигида казаклардан махсус лашкар – Марказий казаклар қўшини (МКҚ) тузилган, қўшин қўмондонлари эса ФХХнинг амалдаги ёки истеъфодаги катта офицерлари орасидан тайинланади.

“2014 йилда МКҚга ФХХнинг захирадаги генерал-лейтенанти Иван Миронов қўмондонлик қилган. Илгари у ФХХ оператив-қидирув бошқармасида, Терроризмга қарши кураш департаментида бошлиқ эди. Ундан сўнг эса ФХХнинг “Вимпел” номли сара ҳарбий тузилмаларида хизмат қилган собиқ полковник Андрей Шустров қўмондон этиб белгиланди. Навальний тарафдорлари ўтказган намойишларни тарқатишда казакларга айнан у бошчилик қилган”, дейди Дзиковицкий.

Унинг таъкидлашича, расмий рўйхатлардаги 80 фоиз “чала” казакларнинг ҳокимиятга содиқлиги сабаби бор: “Улар битта гапни тутиб олишган: казаклар ҳамиша подшога хизмат қилган, ҳозир бизнинг шоҳимиз – Путин, дейишади. Вассалом. Ҳолбуки, казаклар подшога ҳар доим ҳам хизмат қилмаган, кўп марталаб исён кўтарган, подшо ҳокимияти кучайиб, уларни “қайириб” олганидан сўнггина унга хизмат қилишга мажбур бўлган”, дея тушунтиради Дзиковицкий.

Россиянинг “давлатга оид” казаклари норозилик акциялари иштирокчиларига нисбатан шафқатсиз хатти-ҳаракатлари билан янгиликларга мавзу бўлмоқда. Улар ўзларига ёқмаган кўргазма ва тадбирларни бузишдан, ЛГБТ-ҳамжамият вакилларини уриб-тепишдан ва ҳатто шунчаки бошқалардан фарқли кийинган ёш-ялангни калтаклашдан ҳам тап тортмайди.

Александр Дзиковицкий бунақа ҳолатлардан ғазабланади ва казакларнинг одатида бунақа ишлар йўқлигини айтади. “Асл казакларнинг аксари Росгвардия отрядларига хизматга кирмайди. Бунга фақат ўнгу сўлга қамчи сермашга, одамларни дўппослашга тайёр бўлган чала казакларгина рози бўлади. Биз, тоза казаклар бунақа ишларни оқламаймиз”, дейди у.

XS
SM
MD
LG