Россия президенти Владимир Путин 23 декабрда ўтказилган матбуот анжуманида Қозоғистонни “русийзабон мамлакат” деб атади. У Қозоғистон Москванинг “энг яқин иттифоқчиларидан бири” эканини айтди ва рус тилини қўллаб-қувватлаётгани учун қўшни мамлакат ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
“Бизнинг гуманитар алоқаларимиз жуда мустаҳкам. Рус тили ривожланишини қўллаб-қувватлашга жиддий қараётгани учун Қозоғистон раҳбариятидан беҳад миннатдорман. Қозоғистонда қанча одам рус тилини ўрганаётганини ўзларингиз ҳам биласизлар. Бу – тўла маънода русийзабон мамлакат. Рус тилини ўргатувчи мактаблар, олий ўқув юртлари филиаллари сони тобора ошиб боряпти”, деди Путин қозоғистонлик журналистнинг саволига жавобан.
Россия Қозоғистонни ўз таъсир доирасидаги мамлакат ва маҳсулотларини сотиш учун бозор деб билади. Икки мамлакат орасидаги чегара етти ярим минг километрдан ортиқ бўлиб, бу дунёда қуруқликдаги энг узун чегара ҳисобланади.
Қозоғистонда кўпсонли рус диаспораси мавжуд: руслар салмоғи бўйича иккинчи этник гуруҳ (аҳолининг 18 фоиздан ортиғини ёки 3.5 миллион кишини ташкил этади) бўлиб, асосан шимолий, ғарбий ва шарқий минтақаларда яшайди.
2014 йилда Россиянинг Қримни аннексия қилиши ва Донбассдаги можарога аралашуви Қозоғистонда “Украина сценарийси” такрорланиши эҳтимоли билан боғлиқ безовталик туғдирди.
Россия сиёсатчиларининг Қозоғистон хусусидаги кескин баёнотлари манзарасида бу хавотирлар тобора кучайди. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида Давлат думасининг бир неча депутати Шимолий Қозоғистонни гўё Россия совға қилганини иддао қилиб, ҳудудий даъво билан чиқди.
Ёзда Россия сиёсатчилари ва матбуоти Қозоғистондаги “русофобия” мавзусини кўтарди, кузда Россия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатни “руслар ва русийзабонларга босим ўтказиш”да айблади.
Қозоғистон ҳукумати мамлакатда руслар камситилиши ҳақидаги айбловларни вазминлик билан рад этиб, фуқаролар ҳуқуқларини тил принципи бўйича чеклаш ҳолатлари йўқлигини урғулаб келади.
Августда Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Даурен Абаев давлат муассасалари ва дўконларда қозоқ тилида хизмат кўрсатилишини талаб қилган ватандошларининг (уларни Россия расмий шахслари танқид қилишган эди) хатти-ҳаракатларини “ибтидоий миллатчилик”нинг бўй кўрсатиши, деб атади. Ижтимоий тармоқларнинг кўплаб фойдаланувчилари Абаевнинг сўзларини ҳақорат деб қабул қилди. Айрим изоҳларда эса давлат тили қўлланиши бу тариқа талаб қилинаётгани учун мустақил бўлганига ўттиз йил тўлганига қарамай, ҳануз қозоқ тили мақомини кўтара олмаган ҳукумат айбдорга чиқарилди.
Президент Қосим-Жўмарт Тоқаев сентябрдаги “халққа мурожаат”ида Конституцияга кўра Қозоғистонда фақат қозоқ тили давлат тили ҳисобланишини, рус тили эса расмий тил мақомига эга бўлиб, унинг қўлланишига тўсқинлик қилиб бўлмаслигини айтди. Ўз нутқида у яна шундай деди:
“Келажагини бизнинг Ватанимиз билан боғлайдиган ҳар бир фуқаро қозоқ тилини ўрганишга эътиборли бўлмоғи лозим. Бу ватанпарварликнинг асосий белгисидир”.
Ғарблик экспертларга кўра, Қозоғистонга унинг ҳудудлари, мамлакатдаги рус жамоасининг аҳволи ва рус тилининг мақоми важидан бўлаётган ҳамлалар – Кремлнинг “расмий сиёсати” бўлиб, унинг “манбаи” президент Путиндир.
Россия раҳбари матбуот анжуманида Москва ҳамда Нур-Султон ўртасидаги муносабатларни “ўзига хос” дея, 2019 йилда Қозоғистон президенти лавозимини эгаллаган Қосим-Жўмарт Тоқаев билан алоқаларини эса “жуда яқин ва дўстона” дея таърифлади.
Путин, Қозоғистон раҳбари Тоқаев ва унинг салафи бўлмиш Нурсултон Назарбоев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар етакчиларининг келгуси ҳафта Петербургда ўтказиладиган норасмий учрашувига таклиф этилганини эслатиб ўтди.