Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Навальний жамоаси “Путиннинг саройи” фотосуратларини эълон қилди


Алексей Навальний жамоаси ўзининг энг машҳур – Путиннинг Геленжик яқинидаги саройига бағишланган суриштирувига бир йил тўлиши муносабати билан ушбу саройнинг ҳақиқий интерьер тасвирлари дея ишонилаётган фотосуратларни эълон қилди.

Youtube’да 100 миллиондан ортиқ киши томоша қилган “Путиннинг саройи. Энг катта пора тарихи” фильмида бино ички безаклари 3D-визуаллаштириш кўринишида намойиш қилинганди. Бу айрим фойдаланувчиларда сарой ичи чиндан ҳам шунақа кўринишда эканлигига шубҳа уйғотди.

“Бугун биз масалага узил-кесил ойдинлик киритамиз. Саройнинг ҳақиқатда бор ёки йўқлиги, ички ва ташқи кўриниши, у ерда нималар борлиги ва нималар бўлганига доир ҳар қандай шубҳа-гумонларни тарқатиб юборамиз. Биз сизга юзлаб асл фотосуратларни кўрсатамиз”, дейилади Навальний жамоасининг янги материалида.

Интерьер фототасвирларининг аксари бир йил олдин эълон қилинган визуаллаштирилган суратларга ўхшаш бўлиб, майда-чуйда тафовутларгина сезилади, хусусан, суриштирувчилар қайд этишича, тилла суви билан ҳалланган буюм ва безаклар аслида кўпроқ эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, Навальний жамоаси “хусусий стриптиз-клуб” деб ҳисоблаётган хона суратлари ҳам эълон қилинган.

Муаллифлар фотосуратларни қурувчилар жўнатганини айтишмоқда. Уларнинг ҳақиқийлиги нима билан тасдиқланишига аниқлик киритилмаган. Афтидан, бу фотосуратлар аввалроқ олинган, чунки Навальний фильми чиққан ўтган йилнинг январь ойида “сарой”нинг барча интерьерлари бузиб ташланган ва бино ичкарисида таъмирлаш ишлари бўлаётган эди.

Навальний жамоаси “Путиннинг саройи” деганда Қора денгиз бўйида, Геленжик яқинида жойлашган катта мулкни назарда тутади. Таъкидланишича, ушбу “сарой” асосий биноси қурилиши ва таъмирининг ўзига 100 млрд рубл сарфланган.

“Сарой” ҳақидаги фильм Навальний ҳибсга олинишидан бир неча кун ўтиб эълон қилинди. Мухолифатчининг қўлга олиниши ва мазкур суриштирув натижаси ўлароқ Россиянинг кўплаб шаҳарларида оммавий норозилик акциялари ўтказилди. Ҳокимият бунга Навальний сафдошларини таъқиб этиш, тузилмаларини экстремистик ташкилотлар “қора рўйхати”га тиркаш ва тақиқлаш билан жавоб берди. Суриштирув муаллифлари ҳозирда чет элда истиқомат қилишади.

Фильм дунё юзини кўрганидан сўнг Владимир Путин “сарой” унга тегишли эмаслигини, у ерда ҳеч қачон бўлмаганини айтди. Путин чиндан ҳам у ерда яшагани ёки бирон марта бўлганининг бевосита далили суриштирувда йўқ, бироқ ҳужжатлар “сарой”га президентнинг энг яқин одамлари алоқадорлигини кўрсатмоқда. Фильм эълон қилинганидан сўнг ўзини бинонинг мулкдори деб иддао қилиб чиққан тадбиркор Аркадий Ротенберг Владимир Путиннинг кўп йиллик дўстидир. Айни чоғда, Навальний жамоаси уқтиришича, мол-мулк ҳужжатларида бино соҳиби Ротенберг ёки унинг тузилмалари эканлиги кўрсатилмаган.

XS
SM
MD
LG